ТУРМУШДАГИ ЖАРОҲАТЛАНИШ — ходимнинг иш фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тарздаги жароҳатланиши ва майибланиши. Турмушдаги жароҳатланиш туфайли меҳнат қобилияти бутунлай йўқолган ёки жиддий равишда пасайган шахсларга Тиббий меҳнат экспертиза комиссиясининг ногирон деб топиш ҳақидаги хулосаси асосида муайян шартлар мавжуд бўлганида ногиронлик пенсияси тайинланади. Турмушдаги жароҳатланиш туфайли вақтинча меҳнат қобилияти йўқотилганда «Вақтинча меҳнатга қобилиятсизликни даволаш профилактика муассасаларида экспертиза қилиш тўғрисида»ги Низомга мувофиқ текширилиб, белгиланган тартибда касаллик варақаси ёки маълумотнома берилади. Ходим мастлик ёки спиртли ичимликлар (гиёҳванд моддалар)ни суиистеъмол қилиши, суд қарорига кўра, мажбурий даволашга юборилганлиги туфайли олинган жароҳатлар оқибатида вақтинча меҳнатга яроқсиз бўлиб қолса, бу ҳақца унга маълумотнома берилади. Турмушдаги жароҳатланиш туфайли меҳнат қобилияти вақтинча йўқолганида тиббий даволаш профилактика муассасаси томонидан берилган вақтинча мехнатга яроқсизлик варақаси асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва микдорда вақтинча меҳнатга яроқсизлик нафақаси берилади. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳақида маълумотнома берилган ҳолларда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тайинланмайди. Иш жойларида юз берган Турмушдаги жароҳатланиш белгиланган тартибда текширилиши ва расмийлаштирилиши лозим бўлади.
Йўлдош Турсунов.