ВОЛГА БУЙИ ҚИРЛАРИ — Волганинг ўнг соҳили бўйлаб Нижний Новгород ш. дан Волгоградгача чўзилган қирлар. Волга билан Дон дарёлари ҳавзалари орасидаги сувайирғич. В. б. қ. Волга устидан тик кўтарилиб, Ока-Дон пасттекислигига қияланиб боради. Энг баланд ери (Хвалинск ш. яқинида) 375 м. Эни 500 км. Волга буйи қирларининг айрим қисмлари тоғ (Змеев тоғлари, Жигули тоғлари ва б.) деб аталади. Оҳактош, доломит, гил, қум, мергеллардан таркиб топган. Шим.ғарбий ва шим.-шарқий қисмларида карст рельеф шакллари учрайди. Шим. кенг баргли ўрмонлар билан қопланган. Айрим жойлари ўрмон-дашт, жан. даштдан иборат.