ТУҒ — 1) қадимдан Шарқ мамлакатларида ҳукмдорлик, вазирлик, беклик ва ҳ. к. белгиси. Туғ ҳўкиз ёки от думидан ясалган. Туғ мозийда Осиёнинг бир қанча давлатларида (Хитой, Ҳиндистон) қўтос ҳамда тибет ҳўкизи думидан ясалган бўлса, турклар уни, асосан, от қуйруғи килларидан тайёрлаганлар. «Туғ» атамаси илк марта бир уйғур хоқони шаънига битилган Шинеусу (8-а. ўртаси) ёдномасида кўзга ташланади. 1202 й. Чингизхон Ўнан (Онон) дарёси бўйида 8 туғни тиккан ҳолда салтанат ташкил топганлигини эълон қилади. Ислом дини қабул қилингандан кейин ҳам туркий давлатларда Туғ қўлланишда давом этди. Чингизхон салтанатида, Салжуқийлар, Мамлуклар, Қорахонийлар, Усмонийларда бўлгани каби, Т. Темурийларда ҳам мавжуд эди. Туман беги «баҳодир» фахрий унвони қатори Туғ довул ҳамда тумантуғ ва чортуғлар билан шарафланган.
Усмонийлар салтанатида санжақбейлар битта, бейларбейлар 2 та, вазирлар 3 та, шайхулисломлар 2 та, қози аскарлар битта, яничери бошликдари битта, подшохлар эса 6 та Туғга эга бўлганлар. Подшоҳ Т. лари туғи шоҳий ёки туғи ҳумоюн деб юритилган. Ҳарбий сафарлар чоғида Туғларни кўтариб юрувчи шахслар туғчи атамаси билан ифодаланган;
2) байроқ, алам.