ВОМБАТЛАР (Vombatidae ёки Phascolomyidae) — халталилар оиласи. Австралияда миоцендан бошлаб маълум. Уз. 67—105 см, вазни 15—27 кг. Думи рудиментар, оёкларида йирик тирноқлари бор. Сут бези сўрғичи 2 та. Тишлари доимо ўсиб туради, курак тишларининг орқа томони эмалсиз. Жан.-Шарқий Австралия, Тасмания ва Флиндере о. ларида учрайди. Пасттекислик, тоғ ўрмонлари ва саванналарда яшайди. 30 м гача узунлиқда ин қуради. Ўсимликхўр. Бир йилда 1 марта битта бола туғади. 2—3 тури маълум. Бир тури Халқаро Қизил китобга киритилган.