ВОҲОН ТИЛИ — воҳонлар тили. Панж дарёсининг бўйларида — Тожикистон ва Афғонистонда ҳамда Шарқий Туркистонда, қисман Покистонда тарқалган. Ҳинд-европа тиллари оиласининг Ҳинд-Эрон тиллари гуруҳига мансуб. Сарикўл, ишкошим, ятноб, язғулом, шуғнон, рушан каби ҳоз. мавжуд кичик халқлар тиллари билан алоқадор. Шарқий эроний тиллардан суғд, сак, тохар, хоразмий тиллари ўзбек тилининг шаклланишида катта аҳамият касб этган субстрат тиллар бўлиб,улар ҳоз, ўлик тиллар саналади. Ўзбек тилининг шарқий эроний тил субстратини ўрганишда, юқоридаги ўлик тиллардан ташқари В. т. нинг ҳам аҳамияти катта. Воҳон тилининг ўзбек тили б-н алоқаси бир неча минг йилликдир. Воҳон тилининг ўзбек тилига алоқасини кўрсатувчи отлардаги кўплик шакли — ыш (врыт — «биродар», врытыш — «биродарлар»), кишилик олмоши (ўзбек шеваларида «ўзим»). В. т. Ўз ёзуви ва адабий тилига эга эмас. Шунинг учун бу тилда ўзбек тилидаги шарқий эроний тиллар б-н муштарак бўлган сўзларнинг қад. шакли кўп учрайди: калава — калла, баф — боп (менбоп, бопламоқ).
Ад.: Грюнберг А. Л., Стеблин-Каменский И. М., Языки Восточного Гиндукуша: Ваханский язык, М., 1976. Пахалина Т. Н., Ваханский язык, М., 1975.