ТЎЙЧИ ҲОФИЗ, Тошмуҳамедов Мулла Тўйчи (1868 — Тошкент — 1943.1.6) — хонанда, ўзбек ашулачилик санъатининг йирик намояндаси, Ўзбекистон халқ ҳофизи (1927). Эски мактабда ўқиган (1878—84). Ҳофиз, Навоий, Машраб, Бедил, Фузулий каби мумтоз шоирларнинг ижоди бн яқиндан танишиб, уларнинг ғазаллари бн ашулалар ижро этган. Тўйчи ҳофиз ёшлигидан амакиси Қўчқор отадан ашула айтиш сирларини ўрганган. Таниқли ҳофизлардан Абдуқаҳҳор, Саидаҳмад, Назирхонлар бн ҳамнафасликда «Қўшиқ базми» кечаларини ташкил этган. Дастлабки репертуаридан «Эй дастаи гул, марҳабо», «Фиғон», «Шитоб айлаб» каби ашулалар ўрин олган. Шожалил ҳофиз, Шобарот танбурчи жўрлигида «ШаҳнозГулёр» ашулалар туркуми Тўйчи ҳофизга шуҳрат келтирган (1890). Кейинчалик унинг довруғи Туркистон ўлкасининг ҳамма шаҳарларига таралган.
Тўйчи ҳофиз ўзи ижро этган ашулаларни биринчилар қатори грампластинкага ёздирган, «Граммофон» жамиятининг «Пишуҳий Амур» фирмаси (Рига, 1905; Скобелев, 1911) ундан 25 та ашула, жумладан, «Илғор», «Хисрав», «Сувора» (учаласи ҳам 2 қисмли), «Бобо Равшан», «Янги курд», «Авжи курд» ва б. ни ёзиб олган. Тўйчи ҳофиз 1908—10 й. ларда Фарғона водийсидан бўлган Адолатхон, Мозидахон каби аёл хонандалар ижросидаги кўшиқларни ҳам биринчи марта грампластинкага ёздирган. Унинг ташаббуси бн Андижон, Фарғона, Хўжанд ва б. шаҳарларда граммофон ва пластинка дўконлари ташкил этилиб (1906—12), уларда узбек, рус ва б. тилларда куй, қўшиқ ва ашулалари ёзилган пластинкалар сотилган.
Тўйчи ҳофиз Эрон, Туркия, Италия, Миср, Ҳиндистон (1900)да ва Шарқий Туркистон (1913—14) ш. ларида бўлиб, ўз ижрочилик маҳоратини намойиш қилган. Ўзбекистонда маҳаллий халқ мусиқа ансамбллари ташкил этишда, 1920 й. ларда саҳналаштирилган «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» спектаклларига мусиқа танлашда фаол иштирок этган. 1927 й. дан умрининг охиригача Ўзбекистон Радиоқўмитаси ўзбек халқ чолғу ансамблида устоз хонанда, шунингдек, Ўзбек давлат филармониясининг етакчи хонандаси бўлган. Тўйчи ҳофиз айтган ўзбек мумтоз ашулалари — «Баёт», «Фиғон», «Ушшоқ», «Сегоҳ», «Гиря», «Илғор», «Сувора», «Чоргоҳ», «Кўча боғи», «Таронаи Дугоҳ» («Дугоҳи Хусайний» туркумининг таронаси) ва б. ўзбек мусиқа маданиятида муҳим ўрин тутади. Тўйчи ҳофиз ашулалари талқин этилиши, жумлаларининг маромига етказиб айтилиши, қочиримларга бойлиги, ўзбек мусиқа анъанасидаги мумтоз ижро услуби, овознинг кучлилиги бн ўзига хосдир. Айниқса, ноёб зеболик бн Навоий ғазали («Қаро кўзум»)га ижро этган «Ушшоқ» ҳофизлик санъати юксак намунасига айланган. Тўйчи ҳофиз Москвада ўтказилган қ. х. кўргазмаси (1923) ва Ўзбек санъати декадаси қатнашчиси (1937).
Тўйчи ҳофиз репертуаридаги ашула матнларининг кўпи шоир Хислатнинг «Армуғони Хислат» (Т., 1912) баёзига киритилган ва буларнинг қайси куйда ижро этилиши ҳам кўрсатилган. Иттифоқ радиоқўмитаси Тўйчи ҳофиздан «Баёт» ва «Ушшоқ»ни (1937), Санъатшунослик инти (В. А. Успенский) «Чоргоҳ», «Баёт», «Кўча боғи», «Сувора» ва б. ни ёзиб олган. Ш. Шоумаров, Юнус ва Рихси Ражабийлар, К. Зокиров, Б. Мирзаев ва бошкалар Тўйчи ҳофиз ижрочилик анъаналарининг давомчиларидир. Тошкент грампластинкалар зди ва Қашқадарё вилояти мусиқали драма ва комедия театрига Тўйчи ҳофиз номи берилган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени бн мукофотланган (2000).
Ад.: Насриддинов Б., Тўйчи Ҳофиз, Тўйчи ҳофиз, 1971.
Бахриддин Насриддинов.