ВЯТКИН Василий Лаврентьевич [1869.18(30).8, Еттисув – 1932.26.6, Самарқанд] — археолог, проф. (1923). Тошкент ўқитувчилар семинариясини тугатган (1894). Самарқанд ўлкани ўрганиш музейининг ташкилотчиси (1896) ва директори. Вяткин 1905—31 йларда Афросиёбда қазиш ишлари олиб бориб, тадқиқотлари ҳақида «Афросиёб — кўҳна Самарқанд ўрни» (1926) асарини ёзган. Улуғбек расадхонаси (15-а.) ўрнини аниқлаган ва у ерда қазиш ишлари олиб борган (1908—09, 1914); Самарқанд меъморий ёдгорликларини ўрганиш ва муҳофаза қилишга катта эътибор берган («Мирзо Улуғбек ва унинг Самарқанддаги расадхонаси», «Қадимги Самарқанд ёдгорликлари», 1927, «Қадимги Самарқанд архитектураси», 1929). Бухоро (1920) ва Хоразм (1929) да муҳим археологик тадқиқотлар олиб борган. Ўрта асрларга доир кўплаб шарқ қўлёзмаларини тўплаган, шарҳлаган ва нашр эттирган. Рус мактаблари учун «Ўзбек тили дарслиги» ва «Форс тили дарслиги»ни тузган (1923). Улуғбек расадхонаси ёнига дафн этилган.