ТЎРАМОН, Торомана (?—515) — эфталиплар сардори (490—515). Мил. 5-а. ўрталарида эфталийлар хионийлар (оқ ҳунлар) бн иттифоқ тузганлар. Ўрта Осиёни забт этгач, улар Кобул водийсидаги кушоншоҳлар мулкини тобе этиб, Ҳиндистонга юриш бошлаган ва у ердаги сўнгги йирик қулдорлик давлати — Гупталар давлатини босиб олишга киришганлар (490). 5-а. охири — 6-а. бошида Тўрамон бу давлатнинг катта қисмини босиб олишга эришган. Т. Марказий Ҳиндистондаги Малава вилоятини эгаллаб олган. Шу тариқа эфталийларнинг ҳинд тармоғи Шим. Ғарбий Ҳиндистонда ярим мустақил давлат тузган, у қароргоҳи Бухоро яқинидаги Пойкендца бўлган эфталийларнинг олий ҳукмдорига маълум маънода қарам бўлган. Тўрамоннинг ўғли Михиракула Шакала ш. (ҳоз. Сиалкот)ни ўзига пойтахт қилган.