ТЎҚТАҒУЛ, Сотилғонов Тўқтағул (1864.25.10, Қирғизистон, Ўш вилояти Тўқтағул тумани — 1933.17.2, Сассижийда қишлоғи) — қирғиз халқ оқини ва бастакор, қирғиз адабиёти асосчиларидан бири. 1898 й. Андижондаги халқ исёнида қатнашган деб қамоққа олинган ва Сибирга сургун қилинган. 1910 й. Ватанига қайтган. Чонду, Сартбой, Эсенамен ва б. халқ бахшилари репертуаридан илҳомланган. Ёшлигидан қўбиз чертиб, қўшиқ куйлаган, достонлар айтган («Кожожаш», «Олжабой ва Кишимжон», «Саринжи Бокей», «ЖонишБойиш», «Кедейхон» ва б.), оригинал куйлар басталаган.
Дастлабки лирик асарлари — «Алимхон», «Ойимжон», «Насилхон» ва б. машҳур бўлган. «Беш тўнғиз», «Эшон халфа», «Папи халфа», «Исёнкор Чақирбой» ва б. ҳажвий асарлари Тўқтағул ижодида муҳим ўрин тутади. «Азобланган ҳаётим», «Сургунда», «Қувғунда», «Хайр, элим», «Хайр, она» асарларида сургунда ўз бошидан кечирган қийинчиликлари, азобуқубатлари тасвирланган. Тўқтағул ижоди Фурқат, Муқимий, Завқий, Ҳамза, Пўлкан кабилар ижодига ҳамоҳанг. Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган («Соғиниб келдим», 1964). 1965 й. Тўқтағул Сотилғонов номидаги Қирғизистон Давлат мукофоти таъсис этилган.
Ли.: Виноградов В. С, Музўкальное наследие Токтагула, М.. 1961.