ХАРАППА — Хараппа маданияти бош марказларидан бирининг харобаси. Покистоннинг Мўлтон вилоятидаги Рави дарёсининг эски ўзани яқинида жойлашган. 19-а. нинг 50-й. ларида инглиз олими А. Каннингхэм томонидан очилган. Кейинчалик инглиз ва хинд археологлари Ж. Маршалл, Э. Маккей, М. Уилер, Д. Сахни, Р. Банержилар тадқиқ қилганлар. Қишлоқ 260 га дан зиёд майдонни эгаллаб, қалъа ва қуйи шаҳар қисмидан иборат бўлган. Шаҳар қисми аниқ режа асосида қурилган, у кварталларга бўлинган, и. ч., хўжалик мажмуалари (ғалла омбори, тегирмонлар, қуйиш устахоналари) мавжуд бўлган. Хараппадан топилган бошқа моддий маданият ёдгорликлари Хараппа маданиятининг барча қишлоклари учун ҳам хосдир.