ХИВА ХОНЛИГИ

ХИВА ХОНЛИГИ — ўзбек давлатчилиги тарихи боскичларидаги учта хонликдан бири (1512—1920 й.). Пойтахти — Вазир, Кўҳна Урганч, 16-а. нинг 70-й. ларидан — Хива ш.

Темурийлар тасарруфида бўлган Хоразм ҳудудини Шайбонийхон 1505 й. да босиб олган. Шайбонийхон вафоти (1510) дан кейин Хоразм Эрон сафавийлари қўл остига ўтди. Уларга қарши халқ қўзғолони бўлиб, унга Вазир қалъаси қозиси Умар ва Бақирғон қишлоғидан мулла Сайд Ҳисомиддин бошчилик қилди. Икки йил давом этган курашлар натижасида эронийлар мамлакатдан қувиб чиқарилган ва хоразмликлар таклифи билан 1511 й. Вазир ш. ни эгаллаган шайбонийлардан Элбарсхон Хоразм ҳукмдори деб тан олинган.

Элбарсхон (1511 —16) билан бирга Дашти Қипчоқдан Хоразмга келган халкдар ўтроклашганлар. Унинг даврида хоразмликлар Туркманистоннинг жан. қисми, Эрон шим. даги Сарахс, Орол ва Манғишлоқни эгаллашган. Янги ерларни Элбарсхон ўғиллари ва укаси, қариндошларига бўлиб бериши натижасида майда ҳокимликлар пайдо бўлган. Элбарсхон вафотидан кейин узлуксиз ўзаро низолар сабабли хонлар тезтез алмашиб турган. 16-а. да Хива хонлигини Султон Ҳожихон (1516), Ҳусайнқулихон (1516), Сўфиёнхон (1516—22), Бужақахон (152226), Аванешхон (152638), Алихон (153847), Акатойхон (154756), Юнусхон (155657), Дўстхон (1557—58), Ҳожи Муҳаммадхон (1559—1602) лар бошқарганлар. Бу даврда халқ, Элбарсхон авлодлари ўртасидаги ўзаро қирғинларидан ташқари Бухоро ва Хива хонлиги ўртасида урушлар азобини ҳам тортишга мажбур бўлган. Бухороликлар Убайдуллахон ва Абдуллахон II ҳукмронлик даврларида (153738; 1593; 159598) Хоразмга ҳужумлар қилиб, қисқа вақт Х. х. ни Бухорога бўйсундирганлар. Бу урушлар ва 16-а. нинг 70-й. ларида Амударё ўзанининг ўзгариб, Каспий денгизига оқмай қўйганлиги ҳам Хоразм иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатган.

17-а. бошларига келиб, Хоразм тахти учун бўлган сулолавий курашлардан сўнг, тахтга ўтирган Араб Муҳаммадхон даврида Хива хонлигида давлат парокандалиги ўзининг юқори чўққисига етган. Рус казаклари, қозоқлар ва қалмиқларнинг талончилик юришлари, Араб Муҳаммадхоннинг ўғиллари Ҳабаш ва Элбарсларнинг оталарига қарши чиқишлари парокандаликни авж олдирган. Бу курашда уларнинг қўли баланд келиб, оталарини қатл эттиришга эришадилар. Падаркуш Элбарс ва Ҳабаш султонлар (1621—23) акалари Асфандиёр (Исфандиёр, 1623—43) томонидан тахтдан туширилиб, қатл қилинган. Эрон шоҳи Аббос I ҳомийлигида тахтга чиққан Асфандиёрхон даврида мамлакат сиёсий ҳаётидаги кескинлик сақланиб қолди. Орол бўйидаги ўзбек қўнғиротлари Асфандиёрга бўйсунмай қўйишган. Мамлакатда тарқоқлик ва зулм кучайган. Бундан фойдаланган йирик мулкдорлар Абулғозий Баҳодирхонпп 1643 й. да хон қилиб кўтаришган. Абулғозий Баҳодирхон акаси вафотидан кейин 1644 й. да Хива хонлиги тахтига ўтирган. У марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаб, Бухоро хонлигининг Чоржўй, Варданза, Қоракўл, Кармана атрофларига бир неча марта ҳарбий юришлар қилди.

Абулғозий Баҳодирхон 1662 й. да Бухоро хони Абдулазизхон билан сулҳ тузиб, 1663 й. да ҳокимиятни ўғли Анушахонта топширган. Шунга қарамай Хива қўшинлари Бухоро, Самарқанд, Қаршига талончилик юришларини давом эттирган. 1685 й. Хива қўшинлари Ғиждувон яқинида мағлубиятга учрагач, Бухоронинг Хива хонлигига таъсири кучайган. Бухоро хони Субҳонқулихон Анушага қарши фитна уюштириб, унинг ўғли Аранг Мухаммадхонта тахтни эгаллашга ёрдам берди. Лекин унинг ҳукмронлиги жуда қисқа бўлган. 17-а. нинг охири — 18-а. бошларида Хива хонлигида Худойдодхон (1687—88), Ўзбекхон—Арнакхон (1688—90), Жўжи Султон (169497), Валихон (169799), Шоҳниёзхон (1699—90), Шоҳбахтхон (170203), Сайид Алихон (170305), Мусахон (1705—06), Ёдгорхон (1706 — 13) каби ўнлаб хонлар алмашган. Бу мамлакат ахволини янада оғирлаштирган. Худди шу даврга келиб Россиянинг Шарққа бўлган қизиқиши ортган ва Петр I 1714—17 й. ларда Александр БековичЧеркасский (қ. БековичЧеркасский ҳарбий юриши) бошчилигида Хх. га ҳарбий экспедиция жўнатган. Хива хони Шерғозихон (1714—28) Қайрағоч дарасидаги очиқ тўқнашувда катта талафотга учрагач, ҳарбий ҳийла ишлатиб, рус қўшинларини 5 та шаҳарга бўлиб юборган ва уларни алохддаалоҳида қирғин қилган. Бу пайтда ички низолар, зулм авж олган, Орол бўйи аҳолиси Хивага бўйсунмай қўйган эди. 1728 й. Хивадаги Шерғозихон мадрасаси қурилишида қуллар қўзғолон кўтариб, хон ва унинг мулозимларини қатл қилишган. Шу воқеадан кейин Хива хонлигида сиёсий ўйин яна авж олган. Хива хонлиги даги ўзаро урушларда Элбарсхон (1728—39) ҳокимиятни қўлга киритгач, ички низоларни бостириб, қўшни ҳудудларга босқинчилик юришларини амалга оширган. 1740 й. Эрон шоҳи Нодиршоҳ Х. х. га бостириб кириб, уни ўзига бўйсундирган. 1741 й. хоразмликларнинг қўзғолони эронийлар томонидан бостирилган. 18-а. ўрталаридаги хонлар гоҳ Эрон шоҳдарининг хоҳиши, гоҳ Бухоро ҳукмдорларининг таъсири, гоҳ маҳаллий аҳоли қўнғирот уруғининг ёрдами билан тезтез алмашиниб турган. Бу даврда Тоҳирхон (1739—40), Абулхайрхон (7—8 кун), Нуралихон (1740—42), Абулғозийхон II (1742— 46), Ғойибхон (174656), Қорабойхон (175657), Темурғозийхон (1757—64) ва бошқалар Хива хонлигида расман ҳукмронлик қилишган. 18-а. нинг 60-й. ларидан бадавлат шаҳарликлар ва руҳонийларнинг қўллабқувватлашига эришган қўнғирот уруғлари Хива хонлигида ҳокимиятни қўлга ола бошлаган. Иноқ Муҳаммад Амин (1770—90) 1770 й. да туркманларнинг қаршилигини синдириб, 1782 й. да Бухоро амирлиги ҳужумини қайтариб, Хива хонлигида қўнғиротларнинг амалдаги ҳокимиятини мустаҳкамлаган. Аваз Муҳаммад Иноқ даврида Хива хонлигида марказий ҳокимият мустаҳкамланиб, иқтисодий аҳвол бирмунча яхшиланган. Бу билан 19-а. бошларида қўнғиротлар сулоласи ҳокимиятни расман эгаллашига замин тайёрлаган. Муҳаммад Амин Иноқ ва Аваз Муҳаммад Иноқлар чингизий султонлар номидан ҳокимиятни бошқарган бўлсалар, уларнинг вориси Элтпузар (1804—06) 1804 й. да Абулғозийхон V Ёдгорхон ўғли (1802 — 04)ни тахтдан тушириб, ўзини хон деб эълон қилган. Шунинг учун ҳам Элтузархон Х. х. тахтига ўтирган қўнғиротлар сулоласининг 1хони ҳисобланади. Унинг вориси, иниси Муҳаммад Раҳимхон I Х. х. ни бирлаштиришни ниҳоясига етказган. 1811 й. да бир қанча юришлардан кейин қорақалпоқларни ҳам Хива хонлиги таркибига қўшиб олган. У ўтказган сиёсий, маъмурий, иқтисодий ислоҳотлар натижасида бошқарув тизими такомиллашиб, солиқлар тартибга тушган.

Оллоқулихон (1825—42), Раҳимқулихон (1842—45) ва Муҳаммад Аминхон (1846—55) даврларида Хива қўшинларининг Хуросонга юришлари кучайди, Марв ш. учун Бухоро амирлиги билан тезтез урушлар бўлиб турган. Хива хонлари бу даврда Сирдарёнинг Орол денгизига қуйиладиган жойидан Туркманистон ҳудудидаги Кушкагача бўлган ерларни бошқарган. 1855 й. да Сарахсни қамал қилиш пайтида Муҳаммад Аминхоннинг ҳалок бўлиши мамлакатда парокандаликка сабаб бўлган. Абдуллахон (1855 — 56), Қутлуғмуродхонлар (1856) 6 ойдан кўп ҳукмронлик қилмасларидан ўддирилган. 1856 й. да тахтни Сайд Муҳаммадхон (1856—64) эгаллаган.

Хива хонлигида сўнгги мустақил ҳукмдор Феруз тахаллуси билан ижод қилган Муҳаммад Раҳимхон II (1864—1910) бўлган. Унинг даврида хонликнинг сиёсий, иқтисодий, маданий жиҳатдан ўсиши кўзга ташланади. Лекин, 1873 й. Россия Х. х. ни босиб олган, Муҳаммад Раҳимхон II ва К. П. Кауфман имзолаган Гандимиён шартномасига кўра, Хива хонлиги Россияга қарам давлатга айланиб қолган. Асфандиёрхон (1910 — 18) Россиядаги ўзгаришлар сабаб Хива хонлигида зулмни кучайтирган. Шу билан бирга Россия ҳукумати талаби билан 1910—13 й. ларда вазир Исломхўжа бошчилигида ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қилган. 1914—16 й. ларда солиқларнинг кўпайиши, иқтисодий аҳволнинг оғирлашиши сабабли халқнинг норозилик ҳаракати кучайди.

1917 й. Россиядаги фев. инқилоби таъсирида Ёш хиваликлар ва б. сиёсий кучларнинг талаби билан Асфандиёрхон мажлис чақириш ва нозирлар кенгашини тузиш тўғрисидаги манифестга имзо чеккан. 1917 й. охирларида Хива хонлиги даги советларга мойил кучларнинг олиб чиқиб кетилиши мажлиснинг тугатилишига асос бўлган. 1918 й. янв. да сўнгги рус аскарларининг Хива хонлигидан чиқиб кетиши Жунаидхон Хива ш. ни эгаллашига имкон берган. Асфандиёрхон Жунаидхон қўлида қўғирчоқ ҳукмдорга айланиб қолган. Сиёсий ўйинлар сабабли 1918 й. окт. ойида Жунаидхон томонидан Асфандиёрхон ўлдирилган ва сўнгги хон Сайд Абдуллахон (1918 й. окт. — 1920 й. 2 фев.) тахтга чиқарилган. Бу даврда Хива хонлиги мустақил давлат сифатида фаолият юргизган. Ёш хиваликлар қизил армиянинг ёрдами билан 1920 й. 2 фев. да Сайд Абдуллахонни тахтдан туширишган ва Хива хонлиги тугатилди деб эълон қилишган.

16—19-а. лар давомида Хива хонлиги ҳудудлари доимо ўзгариб турган. Дастлаб хонлик ҳудуди Хоразм воҳасидагина жойлашган бўлса, кейинчалик унинг чегараси жан. да Эрон ва Марвгача, шим. да Урал дарёсигача бўлган ерларга чўзилган, шаркда Бухоро амирлиги, ғарбда эса Каспий денгизи кирғокдаригача етган. Руслар босқинидан кейин Амударёнинг чап қирғоғида 62237,2 км2 ер майдонига эга кичик вассал давлатга айланиб қолган. Аҳолисининг сони ҳам доимо ўзгариб турган. Ўртача 1 млн. киши атрофида аҳоли яшаган. Унинг кўпчилигини ўзбеклар, туркманлар, қорақалпоқлар, кам сонли форслар, араблар, руслар ва б. ташкил қилган.

Хива хонлиги бошқарув тизими, асосан, Бухоро ва Қўқон хонликларидек бўлиб, фарқи, 19-а. бошларидан хон ҳузурида Кенгаш (Девон) бўлган. Энг юқори амалдорлардан ташкил топган кенгаш ваколати чекланган. Асосий қарорлар хон томонидан қабул қилинган бўлсада, амалдорларнинг хонлик бошқарувидаги мавқеи баланд эди. Мансаб ва унвонлар ҳарбиймаъмурий, ҳарбий ва диний тоифаларга бўлинган. Иноқ, оталиқ, бий, амир улумаро, меҳтар, қушбеги, бекларбеги, девонбеги ва б. унвон ва мансаблар хонлик иқтисодий, сиёсий, молиявий, ҳарбий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Хонлик суд ишлари, асосан, диний уламолар қўлида бўлиб, уларнинг мамлакат ҳаётида таъсири кучли бўлган.

Хонликда давлат тили ўзбек тили бўлиб, Бухоро ва Қўқондан фарқли ўлароқ барча фармонлар, давлат ҳужжатлари фақат ўзбек тилида ёзилган. 16 — 18-а. ларда Хива хонлигининг маъмурий жиҳатдан бўлиниши вилоят деб аталган бўлса, 18-а. дан беклик деб атала бошлаган. Дастлаб хонликда 16 та вилоят, 2 та ноиблик бўлган бўлса, кейинчалик вилоятлар сони 22 тага етган. Уларни хон томонидан тайинланган ҳоким ва ноиблар бошқарган. Хива ш. эса хон ва бош вазир томонидан бошқарилган.

Ижтимоий ҳаётда хон ва унинг амалдорлари ва диний уламоларнинг мавқеи юқори бўлиб, иқтисодий ҳаётнинг асосини ташкил қилувчи ер ҳам, асосан, улар қўлида бўлган. Кам ерли ва ерсиз деҳқонлар улардан ижарага ер олиб ишлаганлар ва уларнинг аҳволи жуда оғир бўлган. Сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик мамяакат иқтисодида муҳим ўрин тутгани учун Амударёдан чиқарилган каналларни қазиш давлат аҳамиятига молик иш ҳисобланган. Шунингдек, чорвачилик, ҳунармандчилик, савдосотиқ ҳам иқгисодий ҳаётда муҳим ўрин тутган.

Хонлик ҳарбий қўшини ва қурол аслаҳасини яхшилаш жуда паст даражада бўлган. Қўшинни кўпроқ ярим кўчманчи туркманлар ташкил этган. Олдинги даврлардаги ҳарбий соҳадаги ижобий тажрибалар ривожлантирилмай ташлаб қўйилган.

Хива хонлиги Бухоро, Қўқон, Эрон ва Россия каби қўшни давлатлар билан савдосотиқ ишлари олиб борган. Солиқдар барча мусулмон давлатларидагидек хирож, закот, бож ва жузъядан иборат бўлган. Шу билан мажбурий меҳнатнинг баъзи турлари амалга оширилган.

Бошланғич мактабда ўқиш, ёзишни ўрганган болалар мадрасаларда ўқитилган. 19-а. да Хива хонлигида 1500 га яқин бошланғич мактаб ва 103 Мадраса мавжуд бўлган. Хива ш. нинг ўзида 22 та Мадраса бўлган. 19-а. да Хива хонлигида адабиёт, тарихнавислик, хаттотлик, мусиқа санъати, меъморлик ва маданиятнинг бошқа соҳаларида муайян ютуқлар қўлга киритилган.

Мунис, Огаҳий, Феруз, Комил Хоразмий, Камрон, Баёний, Хисравий, Муродий, Рожий, Мутриб Хонахаробий, Лаффасийлар асарлари ўзбек адабиёти ривожида ўзига хос ўринга эга. Танбур чизиғи нотасини яратган Комил Хоразмий «Мақоми Феруз Шоҳий» асари ва «Панжгоҳ» мақоми билан ўзбек миллати санъатига катта ҳисса қўшган. Абулғозийхон «Шажарайи турк», «Шажарайи тарокима» асарлари билан Хоразм тарихнавислик мактабини бошлаб берган бўлса, Мунис ва Огаҳийлар тарихнавислик ва таржимонлик мактабини яратиб, «Фирдавс улиқбол», «Зубдат уттаворих», «Ғиёс уддавлат», «Жоме улвоқеоти султоний», «Шоҳид ул иқбол» асарлари билан тарих соҳасини ривожлантирдилар. Баёнийнинг «Шажарайи Хоразмшоҳий», «Хоразм тарихи» асарлари Ўзбекистон тарихини ўрганишда асосий манбалар ҳисобланади.

Ҳоз. Хива ш. да сақланиб қолган қад. меъморлик иншоотлари, асосан, хонликлар даврида қурилган. Буларга Анушахон ҳаммоми, Шерғозихон мадрасаси, Муҳаммад Аминхон мадрасаси, Кўҳна Арк, Тошховли, Карвонсарой, Исломхўжа минораси, Қалъа девори, Нуриллабой саройи ва б. киради.

Ад.: Абулғозий, Шажарайи турк, Т., 1992; Огаҳий, Асарлар, 56ж., Т., 1978 — 80; Баёний, Шажараи Хоразмшоҳий, Т., 1994; Хива минг гумбаз шаҳри, Т., 1997.

Неъмат Полвонов.


Кирилл алифбосида мақола: ХИВА ХОНЛИГИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: X ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ЭРОН
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ХИТОЙ
ТОШКЕНТ
ТЕМУРИЙЛАР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты