ХИЛВАТИЙ (тахаллуси; асл исми Мулла Йўлдош Тўрабой ўғли) (1858 — ҳоз. Наманган вилояти Уйчи тумани Жийдакапа қишлоғи — 1921) — шоир. Намангандаги Азизхўжа мадрасасида мударрис ва бош мударрис бўлган. Ўзбек ва форс тилларида ижод қилган. Шеърларида Бедил, Жомий, Навоий, Фузулий анъаналарини давом эттирган, уларга назира, татаббуъ ва мухаммаслар боғлаган. Хилватийдан бизгача 2 та дастхат (шоир ўзи ёзган) девони сақланиб қолган. 1девонга жами 6886 байт ўзбек тилида ва 53 та — 770 байт форс тилидаги шеърлар киритилган. 2девонига эса 4540 байт ўзбек ва форс тилида ёзилган шеърлари жамланган. Девондаги шеърлар орасида бошқа ўзбек ва форс шоирлари шеърлари ҳам учрайди (239 байт). X. асарларининг асосий кисмини ишқмуҳаббат мавзуидаги лирик шеърлар ташкил этади. Унинг ижодида саргузаштий шеърлар алоҳида урин тутади. X. ҳаётлик чоғида унинг 3 та — «Мавлуди шарифи туркий», «Сайр улжибол мин сайр иррижол» («Эркаклар сайридан бўлмиш тоғ сайри»), «Чироғи мактаб» шеърий рисоласи чоп этилган ва улар халқ орасида машҳур бўлган. «Сайри жибол» (1328) маснавий усулида ёзилган бўлиб, асарда Почча ота ҳавоси, манзаралари, ўсимлик дунёси ва сувлари ҳақида хикоя қилинган. «Чароғи мактаб» — ахлоқий, динийтарбиявий шеърий асар. Бу асар ақоидлар (эътиқодлилар) ҳақида ёзилган ва бошланғич мактаб болаларига мўлжалланган. Унда Аллоҳнинг сифатлари, унинг яратувчилиги, мутлақлиги, Қуръонда зикр килинган 25 пайғамбар номлари, охирги пайғамбар Муҳаммад (сав) сифатлари: меърож воқеаси ва б. шеърий тарзда баён этилган. X. устози Лангарий домланинг илтимосига кўра, «Мавлуди шариф»ни туркийда ёзган. Бу мумтоз адабиётда пайғамбар мавлудлари ҳақида ўзбек тилида яратилган биринчи шеърий ривоят (достон)дир. Мазкур асар 1908, 1911, 1912, 1916 й. лари Ғулом Ҳасан Орифхонов босмахонасида бир неча бор чоп этилган. Асар 2000 й. «Наманган» нашриётида (тузатилган матни) А. Қурбонов ва И. Абдуллаев томонидан қайта нашр этилган. Хилватийнинг узи тартиб берган «Девони Хилватий» қўлёзмаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик инти фондида, иккинчиси эса X. жиянининг ўғли Абдулла Йўлдошев қўлида сақданади.
Абдуқаюм Пардаев.