ЯМС — ямсдошлар оиласига мансуб бир паллали чирмашиб ўсадиган ўтсимон ўсимликлар туркуми, туганак илдизмевали экин. Ватани — Мянма. Тропик ва субтропик минтақаларда 250 га яқин тури тарқалган. Ғарбий Закавказье ва Узоқ Шарқ ўрмонларида Ямснинг 2 ёввойи тури, Кавказнинг Қора денгиз бўйларида тезпишар навлари ўсади. Жаҳон мамлакатлари бўйича Ямс майдонлари 3,8 млн. га, ҳосилдорлиги 96,03 ц/га, ялпи ҳосили 36,9 млн. (1999). Жанубий Осиё, Шим. Америка мамлакатларида, Африкада катта майдонларда етиштирилади. Ямснинг кўп турлари крахмалга бой бўлган йирик туганаклар ҳосил қилади. Туганаклари оқ, қизил, бинафша рангда. Бир туганаги вазни 2 — 2,5 кг. Кўпгина мамлакатларда картошка каби овқатга ишлатилади.