ХОЛИД ибн ВАЛИД, Холид ибн алВалид (? — 642) — қурайшийлардан бўлган ислом саркардаси. Дастлаб Муҳаммад (сав)нинг ашаддий рақибларидан бўлиб, айниқса, мусулмонлар жамоаси учун муваффақиятсиз тугаган Уҳуд жангида алоҳида хизмат кўрсатган. Бироқ, Расулуллоҳ с. а. в. нинг қариндошлари бўлган Маймунага уйланганларидан сўнг, исломни қабул қилиб мусулмонларнинг энг жасур саркардаларидан бирига айланган. Сурия (Шом)даги Муъта жангидан сўнг у «Сайфуллоҳ» («Аллоҳнинг қиличи») фахрий номини олган. Пайғамбар вафотларидан кейин сохта пайғамбар Мусайлима издошларини шафқатсиз жазолаган, 633 й. Қодисия жангида форсларни енгган, 635 й. Дамашқни эгаллаган, 636 й. Византия императори Хераклий (Ираклий) қўшинларини Ярмук жангида енгиб, Фаластин ва Сурия (Шом)ни забт қилган. Хумс ш. да вафот этган.