ЕВРОПА ПАРЛАМЕНТИ — Европа Иттифоқи муассасаларидан бири. Уни Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар фуқаролари тўғридан-тўғри сайловлар орқали 5 й. муддатга сайлайди. Бунда давлатларнинг аҳоли сони ва Иттифок, доирасидаги улуши ҳисобга олинади (мас, Германия 99 мандатга, Франция, Италия, Буюк Британия — 87 тадан, Испания — 64 ва ҳ. к. мандатга эга). Европа парламентининг ҳар ойда бўладиган сессиялари Страсбур (Франция)да, фавқулодда мажлислари — Брюссель (Бельгия)да ўтади. Бу шаҳарларда Европа парламенти қўмиталари ишлайди, котибияти — Люксембург ш. да.