ХОҚОН

ХОҚОН, қаған, қоон — Марказий Осиёлик айрим халқларда, шу жумладан, туркий халқларда ҳукмдорларнинг энг олий унвони. Ушбу унвон император, шаҳаншоҳ унвонлари билан тенг маънони билдирган.

Мил. ав. 1-а. дан то сўнгги ўрта асрларгача Марказий Осиё, Шим. Хитой, Шим. Кавказ, Жан. Россия, Шарқий Европа, Эрон, Ҳиндистон ва б. ўлкаларда ҳукм сурган туркий сулолалар аксариятида ҳукмронлар учун қўлланган. Дастлаб мил. ав. 1-а. да Осиё ҳунларида кўринган ушбу унвон Европа ҳунлари — гуннлар, сянбилар, табғач (келиб чиқиши туркий бўлган Хитойдаги Шим. Вэй сулоласи), эфталийлар, Авар хоқонлиги (Шаркдй Европада), Турк хоқонлиги, Хазар хоқонлиги, Уйғур хоқонлиги давлатларида мавжуд бўлган. Кейинчалик, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Усмонийлар давлатларида ҳам юксак унвон сифатида қўлланилган. Бундан ташқари, ушбу унвон туркийлар билан қўшни бўлган бошқа халқларда: славянларда (Киев Руси давлати), мўғуллар (Чингизхон империяси)да ҳам ишлатилган (яна қ. Хон). Айниқса, Турк хоқонлиги даврида олий ҳукмдор сифатида давлат тепасида Хоқонлар турган. Бу даврга тааллуқли қад. туркий, хитой, юнон, арман, сурёний, суғдий, бақтрий, тибет тилидаги манбаларда турк Хоқон лари ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. Хитой йилномаларида Хоқон ларнинг тахтга чиқиш маросими ҳақида кенг тафсилотлар берилган. Жумладан, X. бўладиган шахс оқ кигиз устига ўтирғизилиб, 9 киши томонидан юқорига кўтарилган ҳолда ўтов (чодир)нинг атрофида қуёш йўналишида 9 маротаба айлантирилган. Сўнгра эса ипак рўмол билан томоғи сиқилиб, ундан қанча йил ҳукмдор бўлиши сўралган, оғзидан чиққан биринчи товуш ёки сўзга қараб, унинг қанча муддат ҳукм суриши тайин килинган. Шунга ўхшаш маълумотлар юнон, араб, форс, туркий манбаларда ҳам сақланиб қолган.

Турк хоқонлиги даврида, жумладан, 6—8-а. ларда Марказий Осиёнинг бир қанча ўлкаларида; Тохаристон, Суғд, Фарғона, Чоч, Еттисувда «хоқон» унвони билан тангалар чиқарилган.

Лд.:Бичурин Н. Я., Собрание сведений о народах обитавших в Средней Азии в древние времена, т. 1—3, М. —Л., 1950—1953.

Ғайбулла Бобоёров.


Кирилл алифбосида мақола: ХОҚОН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: X ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ХИТОЙ
РОССИЯ
ТОШКЕНТ
ЭРОН
Исмлар маъноси. Энг оммабоп исмлар тўплами.


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты