ЕНОТСИМОНЛАР (Procyonidae) – йиртқич сут эмизувчилар туркуми оиласи. Ташқи кўриниши бесўнақай, оёқлари калта, товонда ёки ярим товонда юрувчи беш бармоқли ҳайвонлар. Мўйнаси қалин, юмшоқ. Думи узун (фақат катта пандада калта), кўпчилигида — қорамтир ҳалқали, кинкажу турида — тутувчи. 8 уруғи (какомицли, енотлар, узунбурунлилар, олинго, кинкажу, кичик пандалар ва б.), 15 тури маълум. Охирги икки уруғи баъзан айиқсимонлар оиласига киритилади. Кўпчилик тури Шим., Марказий ва Жан. Америкада, фақат кичик ва катта пандалар Жан.-Шарқий ва Марказий Осиёда учрайди. Кичик панда Жан.Ғарбий Хитой, Непал, Шим. Мьянма ва Шим.-Шарқий Ҳиндистонда, катта панда Хитойнинг Сичзань, Шэньси, Ганьсу вилоятлари ва Тибетда тарқалган.
Шим. ва Марказий Америкада яшайдиган чаювчи енот (Procyon lotor), Озарбайжон, Белоруссия, Ўрта Осиё ва Узоқ Шарқда иқлимлаштирилган. Аралаш ўрмонларда яшайди. Шим. ҳудудларда қишда уйқуга кетади. Ҳар йили бир марта туллайди. Тупроқда қазиган инида, баъзан дарахтларнинг ковагида 2 тадан 8 тагача болалайди. Қимматли мўйнаси учун овланади. Катта панда Халқаро Қизил китобга киритилган.