ЕТТИ МЎЪЖИЗА — қад. дунёда машҳур бўлган меъморлик ва ҳайкалтарошлик обидалари. Улканлиги, катта маҳорат билан яратилгани, жозибадорлиги туфайли асрлар мобайнида «Дунёнинг етти мўъжизаси» ҳисобланган: 1) Миср эҳромлари — йўниб тайёрланган катта тошлардан пирамида шаклида қурилган қад. миср фиръавнларининг мақбаралари (мил. ав. 2—3-минг йилликлар). Уларнинг энг йириги — Хеопс эҳроми (бал. 146,6 м, асоси 233Х233 м) нинг ҳар бири 2,5 т лик 2300000 блок б-н (баъзи қисмларида 30 т лик блоклар ҳам бор) 30 й. мобайнида қурилган, гўрхонадан ташқари икки қаватли ибодатхонаси ҳам бор;
2) «Семирамида осма боғлари» — Оссурия маликаси Семирамида (Шаммурамат) Бобилга махсус иншоотлар қурдириб бунёд этган (мил. ав. 6-а.);
3) Родос о. даги Артемида ибодатхонаси (тахм. мил. ав. 550 й.);
4) Зевснинг Юнонистоннинг Олимпия ш. даги улкан ҳайкали (тахм. мил. ав. 430 й., ҳайкалтарош Фидий олтин ва фил суягидан ишлаган);
5) Родос о. кўрфазидаги юнонларнинг қуёш маъбуди Гелиос ҳайкали (тахм. мил. ав. 292—280 й., ҳайкалтарош Харос мисдан ишлаган); 6) Кария шоҳи Мавсол (мавзолей унинг номидан) ўзи учун қурган Галикарнас (ҳоз. Туркия ҳудуди)даги мақбара — монумент (тахм. мил. ав. 377 — 352 й.);
7) Искандария (Александрия) ш. даги улкан маёқ (тахм. мил. ав. 280 й., меъмори Сострат). Етти мўъжизадан фақат Миср эхромлари деярли бутун ҳолда сақланган, баъзилари (Артемида ибодатхонаси, Галикарнасдаги Мавсол мақбараси)нинг айрим бўлакларидан, қолганлари қад. ёзма манбалардангина маълум.