ЕТТИСУВ (қозоқча Жетису) — Қозоғистоннинг жан.-шарқий қисми. Шим. да Балхаш кўли, шим.-шарқда Сассиқкўл ва Олакўл, жан.-шарқда Жунғария Олатови тизмаси, жан. да Шим. Тяньшан тизма тоғлари ҳамда ғарбда ЧуИли тоғлари билан чегараланган. Еттисув атамаси Балхаш кўлига қуйиладиган 7 дарё (Или, Қоратол, Биён, Оқсув, Лепса, Баскон, Сарқанд)дан олинган. Еттисувнинг шим.ғарбий ва шим. текислик қисми Товқум, Сариэшикўтров, Луққум, Ёмонқум каби қумли ва қисман шўрхок чўллардан иборат. Шувоқ-шўра, саксовулзор ва бутазорлар, дарё бўйларида тўқайлар, жан.шарқида 2000 м гача баландликда баргли ўрмонлар, юқорирокда қарағайзор ва альп ҳамда субальп ўтлоқлари бор.
Тарихий манбаларда Еттисув деганда анча катта ҳудуд (Чу дарёси водийси билан бирга) тушунилган. Еттисув — Марказий Осиё маданиятининг қад. марказларидан бири. Еттисувда саклар, кейинчалик усунлар яшаган. Мил. 6-а. охирларида Еттисувда Ғарбий Турк хоқонлиги, кейинчалик туркашлар (8-а. нинг ўрталаригача) ва қарлуқлар (766 — 940) ҳукмронлик қилишган. Еттисувни 10-а. нинг ўрталаридан Қорахонийлар, 12-а. нинг 30-й. ларидан Қорахитойлар бошқарган. Мўғуллар босқинчилиги даври (1219—21)да Еттисувнинг деҳқончилик воҳалари ва шаҳарлари қаттиқзарар кўрган. 16-а. да Еттисувда қозоқларнинг Катта жузи ташкил топган. 19-а. нинг ўрталарида Россия томонидан босиб олинган.