ЁВВОЙИ ТАБИАТНИНГ УМУМЖАҲОН ФОНДИ — ёввойи ҳайвонлар ва табиий жамоаларни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун давлатлар, ташкилотлар ва хусусий шахслардан маблағ йиғиш мақсадида тузилган нодавлат ташкилот. 1961 й. да таъсис этилган. ЮНЕСКО, ФАО Табиатни муҳофаза қилиш халқаро ташкилоти ва б. ташкилотлар б-н ҳамкорликда ишлайди. Ташкилот ҳар хил ташкилий ишлар (асосан ривожланаётган мамлакатларда) — ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонлар турларини ўрганиш бўйича илмий экспедициялар ва муҳофаза қилишга мўлжалланган янги жойлар ташкил этиш мақсадида ерни ижарага олиш, миллий боғлар, қўриқхоналар ва б. учун транспорт, алоқа воситалари ва б. ни сотиб олиш билан шуғулланади. Жумладан фонднинг маблағи ва бевосита кўмаги б-н Кото-Доньян миллий боғидаги (Испания) энг сўнгги қиронқора бургутлар сақлаб қолинди. Фонд денгиз қўриқхоналарини ташкил этиш, улардаги экосистемалар ва айрим турларни ўрганишга кўмаклашади. Фонд «World Wildlite» («Дунё ёввойи ҳайвонлари») йиллик журнали ва ВВФ — янгиликлар (WWT—news) газ. ни нашр қилади; китоблар, плакатлар чоп этади. Дунё табиатини муҳофаза қилиш билан шуғулланадиган шахсларни рағбатлантириш мақсадида олтин медаль таъсис этилган. Фонд штабквартираси Глан ш. (Швейцария) да, 30 дан ортиқ мамлакатларда унинг бўлимлари бор.