ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ — табиат ва унинг бойликларидан оқилона фойдаланишга, табиатни инсон манфаатларини кўзлаб онгли равишда ўзгартиришга, табиат бойликлари ва умуман табиатни, унинг гўзаллиги, мусаффолигини саклаб қолишга ва янада бойитишга қаратилган барча тадбирлар мажмуаси. Табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари мажмуасига давлатлар, халқаро ташкилотлар, жамоат, илмий-техник, ишлаб чиқариш., иқтисодий ва маъмурий ташкилотлар, ҳар бир одам томонидан амалга ошириладиган тадбирлар киради.
Ҳоз. вақтда инсон яшаб, тўхтовсиз муносабатда бўлиб келаётган табиий муҳит узоқ геологик даврлар (4,5—4,7 млрд. йил) мобайнида бир қанча омилларнинг биргаликда таъсирида, яъни Қуёш нури, Ернинг массаси, гравитация кучи, кўлами, айланма ҳаракатлари, тектоник ҳаракатлар, ҳаво ва сув қобиқларининг вужудга келиши ва ўзгариши, экзоген жараёнлар таъсири, органик дунёнинг пайдо бўлиши ва тараққиёти таъсирида таркиб топган. Табиий муҳитнинг ҳолати ўзаро таъсир этиб турувчи кўп омилларнинг мураккаб мажмуида таркиб топган табиий мувозанатга боғлиқ. Чунки бир жойнинг иқлими Қуёш нурининг тушиш бурчагига, яъни географик кенглик, ер юзасининг тузилиши, шамоллар, океанларнинг узоқяқинлиги, оқимлари ва б. га; ўсимликлар қоплами эса иқлим, ер юзидаги тоғ жинслари, рельеф, тупроқларга боғлиқ. Бу табиий омилларнинг биронтасида ўзгариш рўй берса, табиий мувозанат бузилади, бу эса табиий муҳитда ўзгаришларга сабаб бўлади. Баъзан, табиатнинг бирор компонентига кўрсатилган арзимаган таъсир ҳеч кутилмаган катта ўзгаришларга, хусусан хавфли ўзгаришларга олиб келиши мумкин.
Ҳар қандай тирик мавжудот ўз атрофини ўраб турган табиий муҳит билан ўзаро таъсирда бўлади, ундан ўзига керакли нарсаларни олади, шу муҳитда мослашади, муҳит таркибига, ундаги модда ва энергиянинг айланма ҳаракатига маълум даражада ўзгариш киритади. Ернинг ҳаво қобиғидаги ҳоз. газлар таркиби, микдори, айрим фойдали қазилмалари, мас., оҳактош, тошкўмир, қўнғир кўмирнинг ҳосил бўлиши, тупроқ қопламининг таркиб топиши, ривожланиши организмларнинг ҳаёт фаолияти натижасидир. Органик дунёнинг табиий муҳит билан ўзаро таъсири биологик эволюция жараёнида янги турларнинг пайдо бўлиши, рақиб турлар сонининг кўпайиши ёки камайиши ва атроф муҳитнинг ўзгариши натижасида ўзгаради.
Ерда одамниш пайдо бўлиши органик дунё билан табиий муҳит ўртасидаги ўзаро муносабатни тубдан ўзгартириб юборди. Инсон табиатга меҳнат қуроллари воситасида яйловлардан нотўғри фойдаланиш оқибатида таъсир кўрсатади. У ўзининг табиат билан бўлган ўзаро таъсири усулларини такомиллаштириб боради. Натижада инсон яшай оладиган ҳудуд кенгаяди, фойдаланиладиган табиий элементлар сони ва ҳажми ортади, бинобарин, инсоннинг табиатга тазйиқи сифат жиқатидан ҳам, кўлам жиҳатидан ғам кўпаяди. Инсон ўзи яшаши ва фаолият кўрсатиши учун табиий муҳитдан ташқари яна сунъий муҳитни ҳам бунёд этади. Mac, шаҳарлар, турар жой бинолари, боғлар, сув омборлари, йўллар ва б. Ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши, фан ва техниканинг тараққий этиши билан, табиий бойликларнинг аҳамияти, улардан фойдаланиладиган соҳалар, уларни ишлатиш шакллари ҳам ўзгариб боради. Қадимда бир неча хил кимёвий элементлардан фойдаланилган бўлса, ҳоз. вақтда мавжуд барча элементлардан фойдаланилади. Шу билан бирга кўпчилик фойдали қазилмалар тобора кўпроқ қазиб чиқарилмоқда. Инсоннинг табиатга таъсири кучайишидан, антропоген ландшафтлар кўпаймокда. Ҳайвонот ва ўсимлик оламидан режасиз фойдаланиш ёки инсон фаолияти билан боғлиқ бошқа сабаблар туфайли 16-а. нинг охирларидан 20-а. нинг 70й. ларигача умуртқали ҳайвонларнинг 250 тури ва кичик турлари буткул йўқолиб кетди. 80й. лардан бошлаб хар йили ўртача 1 та ҳайвон тури ва 50 га яқин ўсимлик тури йўқолиб бормоқда. Қуш ва сут эмизувчиларнинг 1000 дан ортиқ тури йўқолиб кетиш арафасида турибди. Йил давомида 1 млрд. т ёқилғи ёқилади, атмосферага юзлаб млн. т азот оксиди, олтингугурт, углерод, қурум, чанг ва б. чиқарилади. Тупроқ ва сувлар саноат ва маиший чиқиндилар (бир неча млрд. т), нефть маҳсулотлари (бир неча млн. т), минерал ўғитлар (юз млн. т га яқин), оғир металлар, радиактив чиқиндилар билан ифлосланади.
Инсон табиий шароит ва бойликлардан кўп мақсадларда фойдаланади. Бу эса айни пайтда, табиатни тегишлича муҳофаза қилишни ҳам тақозо этади. Булар: хўжалик, соғлиқни сақлаш ва гигиена, нафосат (эстетик), туризм, илмий ҳамда тарбиявий мақсадга мувофиқ фойдаланиш. Мақсадга мувофиқ фойдаланиш деганда, табиат бойликларидан мамлакат ёки бутун инсоният манфаати йўлида фойдаланиш тушунилади. Бунда ҳоз. ва келажак авлоднинг манфаатларини кўзлаб фаолият юритиш назарда тутилади. Ўз тараққиётини олдиндан узоқ муддатга илмий асосда режалаштира оладиган ва табиий мувозанатни ўзгартирмасдан фойдалана оладиган жамиятгина тараққиётга эришади.
Табиий бойликлардан оқилона фойдаланишдан табиатда рўй берадиган жараёнларнинг ўзаро боғликлиги ва ривожланиши қонуниятлари ҳақидаги билимлар катта аҳамиятга эга. Бусиз табиий жараёнларга баҳо бериш, уларни хисобга олиш, табиатга, табиат компонентларига кўрсатилган ҳар қандай таъсирнинг келажакда қандай оқибатларга олиб келишини олдиндан билиш мумкин эмас. Инсон табиатдан фойдаланганда ва унга таъсир кўрсатаётганда билиши ва фаолиятида амал қилиш зарур бўлган, асосан, 5 қонуният мавжуд:
1) табиатдаги барча компонент ва элементлар ўзаро бир-бирлари билан боғланган, ўзаро таъсир этиб, муайян мувозанатда бўлиб, уйғунлик ҳосил қилган. Бирон компонент ёки элемент ўзгарса, бутун табиий комплексда ўзгариш рўй беради;
2) табиатда тўхтовсиз модда ва энергиянинг айланма ҳаракати рўй бериб туради. Бу хаёт асоси;
3) табиий жараёнларнинг ривожланишида муайян даврийликлар мавжуд (суткалик, йиллик, 12 йиллик, 33 — 35 йиллик ва кўп йиллик);
4) зоналлик;
5) регионаллик.
Инсоннинг табиат билан ўзаро таъсири жамият тараққиёти, ишлаб чиқариш. усуллари мукаммаллаша борган сари жадаллашади, табиатдан, унинг бойликларини, қурилиш ва ишлаб чиқариш. текникаси, алоқа воситалари йирик шаҳарларни ўзгартириб, йирик воҳалар, маданий ландшафтлар яратишга, ҳосилдор экин ҳамда мевалар, маҳсулдор чорва моллари етиштиришга имкон беради. Лекин баъзан чуқур ўрганмасдан инсон қудратига ортиқча баҳо бериб, табиатга таъсир кўрсатиш табиатни фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатга, унинг бузилиши ва ифлосланишига олиб келиши мумкин. Бундай манзара инсониятнинг бутун тарихи мобайнида кузатилади. Пекин 19-а. гача инсоннинг табиатдан фойдаланиш кўлами унча катта бўлмагани учун инсон фаолиятининг табиатга таъсири ҳам камроқ бўлган.
20-а. нинг 2ярмида саноат ишлаб чиқариш. нинг ривожланиши, қишлоқ хўжалиги. да турли хил кимёвий моддаларнинг кўп қўлланилиши, катта майдонларда муттасил бир хил экинларнинг етиштирилиши, транспорт воситаларининг ортиқча кўпайиб кетиши, шаҳарларнинг йириклашиб кетиши, табиат муҳофазасига етарлича эътибор берилмаганлиги табиий муҳитнинг бузилишига, айрим жойларнинг ифлосланиб кетишига сабаб бўлди. Айрим кончилик саноати рнларида табиий муҳит жуда бузилиб кетган. Катта майдонларни кон чиқинди жинслари эгаллаган, чуқур очиқ карьерлар ер ости суви сатҳини пасайтириши натижасида ўсимлик қоплами қуриб бормоқда. Рекультивация ишларига, хусусан ривожланаётган мамлакатларда етарлича эътибор берилмайди. Ҳоз. вақтда Табиатни муҳофаза қилиш муайян ўлка ёки мамлакат доирасидан чиқиб, умумжаҳон муаммосига айланиб бормокда. Ернинг озон пардасидаги ўзгаришлар, дунёда ҳароратнинг кўтарилиб бораётгани, қутбий ва тоғ музликларининг қисқариб бораётгани ана шундай муаммолардан. Айниқса, қайта тикланмайдиган табиий бойликларнинг камайиб бораётганлиги ва атроф табиий муҳитнинг ифлосланаётгани бир қанча мамлакатларда, айниқса, ривожланган мамлакатларда Табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини кўришга мажбур этди. Кўпчилик ривожланган мамлакатларда ўрмонларни кесиш чекланди, ердан кадастр асосида фойдаланиладиган бўлди, дарё ва кўллар сувлари тозаланиб, балиқларни кўпайтириш бошланди. Овчилик тартибга солинди, қўриқхоналар, муҳофаза қилинадиган ҳудудлар кўпайтирилди.
Бироқ 20-а. нинг ўрталаридан бошлаб зарарли чиқиндили ишлаб чиқариш. корхоналарининг ривожланаётган мамлакатларга кўчирила бошлангани бу мамлакатларда атрофмуҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Ривожланаётган мамлакатлар иқтисодий қийинчиликлар туфайли табиатни муҳофаза қилишга етарли маблағ ажратишга қодир эмас. Табиатни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро қатъий ҳамкорликнинг йўқлиги ҳам табиий бойликлардан фойдаланишда ва Табиатни муҳофаза қилишда етарлича самара бермаяпти.
Ҳоз. вақтда Табиатни муҳофаза қилишни таъминлаш масалалари назарий жиҳатдан ишлаб чиқилган. Лекин буларни амалга ошириш жуда катта маблағ сарфлашни талаб қилади. Бунинг устига қирғин қуролларини ишлаб чиқариш., уларни саклаш ҳам табиий муҳитнинг ифлосланишига олиб келади. Шу нуқтаи назардан қирғин қуролларни ишлашни таъқиклаш, борларини йўқотиш ҳам табиат муҳофазасида катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда 20-а. да, айниқса, унинг 2ярмида қишлоқ хўжалиги. да монокультура тизимининг қўлланиши, гербицид ва пестицидларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши, мавжуд сув захираларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида атрофмуҳит ҳолатида катта салбий ўзгаришлар рўй берди. Орол денгизи деярли қуриди, унинг атрофида чўллашиш кучайиб кетди, ер ости сувлари шўрлиги даражаси ошди. Инсон саломатлиги учун зарур шароит бузилди, камқонлик, гепатит, зотилжам каби касалликлар кўпайди. Пахта монокультураси таъсирида бошқа ҳудудларда х. ам инсон ҳаёти учун зарур бўлган экологик вазият ёмонлашди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, дастлабки кунлардан бошлаб, Табиатни муҳофаза қилишга, республика ҳудудини экологик таназзулдан муҳофаза қилишга киришди. Табиатни ва унинг компонентларини муҳофаза қилиш тўғрисида бир қанча қонунлар қабул қилинди. Булар «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» (1992 й. 9 дек.), «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида» (1993 й. 6 май), «Ер ости бойликлари тўғрисида» (1994 й. 23 сент. ; 2002 й. 12 дек. да янги таҳрирдаги), «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида» (1996 й. 27 дек.), «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» ва «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» (1997 й. 26 дек.), «Давлат кадастрлари тўғрисида» (2000 й. 15 дек.), «Ўрмон тўғрисида» (1999 й. 15 апр.), «Чиқиндилар тўғрисида» (2000 й. 5 апр.)ги қонунлардир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50, 54, 55 ва 100-моддаларида Табиатни муҳофаза қилишга оид нормалар баён этилган. Конституциянинг 11боби 50моддасида «Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар», деб кўрсатилган. 55-моддасида «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир. Улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир», дейилган. Мамлакатимизда «Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси» ташкил қилинган (1996 й. 26 апр. да Олий Мажлис томонидан тасдиқланган Низом асосида фаолият кўрсатади). Қўмита қуйидаги вазифаларни бажаради: атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш устидан назорат қилиш; Т. м. қ. фаолиятини тармоклараро комплекс бошқариш; Т. м. қ. ҳамда ресурсларни тежаш борасида ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; атрофмуҳитнинг экологик ҳолати қулай бўлишини таъминлаш, экологик вазиятни бошқариш.
Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш соғасида бир қанча халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ва дастурларда, жумладан, БМТнинг атрофмуҳит бўйича дастури (ЮНЕП)да иштирок этади. ЮНЕП ва айрим ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликда Биологик хилмахилликни саклашнинг миллий стратегияси ва 10 дан ортиқ миллий экологик қонунлар ишлаб чикилди. 1993 й. март ойида Қозоғистоннинг Қизилўрда ш. да Ўрта Осиёдаги 5 давлатнинг Олий даражадаги учрашувида Орол денгизи муаммолари бўйича Давлатлараро кенгаш ва унинг ижроия қўмитаси ҳамда Оролни қутқариш халқаро фонди ташкил этилди. Унинг вазифаси Орол денгизи, унинг соғлом экологик шароитини тиклаш, мазкур регионни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ҳудуд санитариягигиена мухитини яхшилашдир.
Ўзбекистонда 10 дан ортиқ ўрмон хўжалиги, 8 та қўриқхона, 2 миллий боғ, бир қанча буюртма қўриқхона мавжуд. Уларда табиат ёдгорликлари, камайиб кетган ўсимлик ва ҳайвонлар қўрикланади, ўрганилади ва кўпайтирилади. Ўзбекистонда табиатни муҳофаза қилиш республика жамияти, 12 та вилоят ва Қорақалпоғистон жамияти, Ўзбекистон география жамияти, ЭКОСАН, бир қанча илмийоммабоп ва илмий журналлар, радио ва телевидение, вақтли матбуот Т. м. қ. ҳақидаги билимларни тарғиб қилмоқда. Аҳоли ўртасида табиат, ундан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш ҳақидаги билимларни тарғиб қилиш, аҳолининг географик, экологик маданиятини кўтариш Табиатни муҳофаза қилишда катта аҳамиятга эга. Табиатни, унинг бойликларини муҳофаза қилиш, географик экология ўқув курслари ўрта махсус ва олий юртларининг табиатшунослик мутахассисликлари талабаларига махсус курслар сифатида ўқитилмоқда.
Ад.: Каримов И. А., Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка тахдид, баркарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари, Табиатни муҳофаза қилиш, 1997; Акрамов 3. М., Рафиков А. А., Прошлое, настоящее и будущее Аральского моря, Табиатни муҳофаза қилиш, 1990; Ниғматов А. Н., Ўзбекистон Республикасининг экологик ҳуқуқи, Табиатни муҳофаза қилиш, 2004; Рафиков А. А., Геоэкологик муаммолар, Табиатни муҳофаза қилиш, 1997; Тўхтаев Л., Ҳамидов А., Экология асослари ва табиатни муҳофаза қилиш, Табиатни муҳофаза қилиш, 1994; Ғуломов П. Н., Инсон ва табиат, Табиатни муҳофаза қилиш, 1990.
Потиҳкамол Ғуломов.