ЮСУФ САККОКИЙ (Юсуф ибн Муҳаммад Абу Яъқуб Сирожиддин алХоразмий асСаккокий) (1160 — Хива — 1228) — тилшунос ва адабиётшунос. Асосан араб тилида ижод қилган. Таржимаи ҳолига доир маълумотлар жуда кам. Хондамирнинг ёзишича, Юсуф Саккокий сеҳргарликда ноҳақ айбланиб, Чиғатой хони томонидан зиндонбанд этилган ва қамоқда вафот этган.
Юсуф Саккокий фаннинг турли соҳаларига оид кўплаб асарлар ёзган. Бизгача етиб келган, араб адабиёти ва грамматикаси масалаларига бағишланган «Мифтоҳ улулум» («Илмлар калити») асари машҳур бўлиб, у мадраса талабалари учун дарслик сифатида фойдаланилган. Турк тарихчиси Котиб Чалабий маълумотларига қараганда, Юсуф Саккокийнинг «Шомил фи илм улҳуруф» («Грамматикадаги боғловчилар ҳақида») деган асари ҳам бўлган.
«Мифтоҳ улулум» 3 қисмдан иборат ва филол. нинг 10 тармоғини ўз ичига олган бўлиб, асосан, сарф (морфология), наҳв (синтаксис), луғат, мунозара одоби, аруз, қофия, шеър тузилиши, маоний ва баён илми (риторика ва услубшунослик) каби илмлар ҳақида баҳс юритади. Унда, аиниқса, адабиёт назарияси мукаммал ишлаб чиқилган. Асарнинг 3-қисми катта шуҳрат қозониб, узоқ вақт адабиёт назарияси ва нутқ маданиятини ўрганишда асосий қўлланма бўлиб келган. Бу қисм қайтақайта кўчирилган, унга шарҳлар ёзилган, талхис (баён)лар битилган (Муҳаммад Қазвиний, Қутбиддин Шерозий, Саъдиддин Тафтазоний, Мирсаййид Шариф ва бошқалар томонидан). Юсуф Саккокий ижоди тил ва адабиёт назарияси ривожида катта роль ўйнаган. «Мифтоҳ улулум» асарининг қўлёзма нусхалари жаҳоннинг деярли барча шарқ қўлёзмалари фондларида сақланади. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида ҳам унинг бир қанча нусхалари мавжуд.
Ад.: Крачковский И. Ю., Избраннме сочинения, т. 6, М. Л., 1960; Ирисов А., Носиров А., Низомиддинов И., Ўртаосиёлик қирқолим, Т., 1961.