Ал-Аббос ибн Саид ал-Жавҳарий (9-асрнинг биринчи ярими) - ҳозирги Жанубий Қозоғистонда жойлашган Фароб шаҳрида туғилиб ўсган математик ва астроном. У Ал-Хоразмий билан бир вақтда Боғдоддаги “Донишмандлар уйида” ишлаган.
Яҳё ибн Абу Мансур, ал-Марваррудий ва Санад ибн Али билан биргаликда Боғдодда (830) ва Дамашқда (833) астрономик кузатувларда иштирок этдилар, кузатувлар натижасида “Зиж ал-Маъмун” текшируви ўтказилди. Ҳудди шу астрономлар билан биргаликда у Синжар текислигида ер меридианининг 1 ой узунлигини аниқлашда иштирок этди.
Ўрта аср Шарқ халқлари фани ва маданияти тарихига оид илк библиографик асар - «Китаб ал-Фихрист»нинг муаллифи Ибн ан-Надим юнон олими Евклиднинг «Негизлар» номли китоби ҳақида гапирар экан, унга ёзилган шарҳлардан бирини ал - Жавҳарий битган, деб маълумот беради.
Ал-Жавҳарийнинг фаолияти ҳақидаги асосий маълумотлар Ибн ал-Қифтийнинг машҳур «Олимларни ҳакимлар ҳақидаги маълумотлар билан таништириш» китобида сақланиб қолган. Унда шундай дейилади: «Ал-Аббос ибн Саъид ал-Жавҳарий мунажжим бўлиб, у астрономия ва астрономик ҳисобларда моҳир мутахассис ҳисобланган. Шу билан бирга, у астрономик жиҳозлардан фойдаланишда ҳам ноёб истеъдод соҳибидир.
Унинг Евклиднинг «Негизлар» китобига ёзган шарҳи ва бу асарнинг биринчи китобига қўшган шакллари, параллел чизиқлар ҳақидаги ғоялари олимни геометрия соҳасида ҳам чуқур билимлар соҳиби бўлганидан далолат беради. Бундан ташқари, ал-Жавҳарий «Негизлар» китобини ислоҳ қилиш» асарининг ҳам муаллифидир.
Мазкур асар бизгача етиб келмаган бўлса-да, унинг мазмуни ҳақидаги тўлиқ маълумотлар ХIII асрда яшаган қомусий олим Насириддин Тусийнинг «Параллел чизиқлар ҳақидаги шубҳаларни даволаш» рисоласида баён этилади. Ал-Жавҳарий ўзининг бу китобида Евклиднинг «Негизлар» асаридаги V - постулатни исботлашга ҳаракат қилади.
Маълумки, «Негизлар» асарининг бу қисмида параллел чизиқлар ҳақида мулоҳазалар юритилади. Бу мавзу устида бош қотирган ал-Жавҳарий бурчак ичида жойлашган ҳар қандай нуқтадан бурчакнинг икки тарафини бирлаштирувчи чизиқ чизиш мумкин, деган хулосага келади. Муаллиф қўллаган параллел чизиқлар назарияси шуниси билан аҳамиятлики, ундан 1800 йили франциялик геометрияшунос олим А.М.Лежандр постулатни исботлашда фойдаланган.
Ал- Жавҳарийнинг юқорида санаб ўтилган асарларидан ташқари «Қуёшнинг ер марказидан узоқлигини аниқлаш» рисоланинг ҳам муаллифидир.
Ал-Жавҳарий қуйидаги асарларнинг муаллифидир: «Зиж китоби», «Евклид китобига шарҳ», «Евклиднинг «Негизлар» асарининг биринчи китобига у (ал-Жавҳарий) қўшган шакллар», «Қуёшнинг ер марказидан узоқлигини аниқлаш» рисоласи.