АЛПОМИШ

«АЛПОМИШ» — ўзбек халқ қаҳрамонлик достони. Туркий халқлар орасида кенг тарқалган. «Алпомиш»нинг қорақалпоқ, қозоқ, олтой версиялари достон шаклида, татар ва бошқирд версиялари эртак ва ривоят шаклида бизгача етиб келган. Ўзбеклар «Алпомиш», қорақалпоқлар «Алпамис», қозоқлар «Алпамис батир», олтойликлар «АпипМанаш», қозон татарлари «Алпамша», бошқирдлар «Алпамиша ва Барсин ҳилуу» деб номлаганлар. Ўзбек достончилиги таъсирида 20-а. бошларида эртак ва ривоятлар шаклидаги тожик вариантлари ҳам юзага келган. Ўрта аср ўғуз эпосининг муҳим ёдгорлиги ҳисобланган «Китоби Дадам Қўрқут» таркибидаги «Бамси Байрак» асари ўзининг сюжети ва композиция қурилиши жиҳатидан «Алпомиш» достонига яқин туради.

«Алпомиш» дунё эстетик тафаккури тарихида камдан-кам учрайдиган фавқулодда ва ноёб бадиий ҳодисалардан биридир. Унинг фавқулодда ва ноёблиги шундаки, қадимиятда яратилган бу улкан эпос бахшилар томонидан асрлар давомида куйланиб, жонли эпик анъаналарда оғзаки равишда бизгача етиб келди. Шунинг учун ҳам у бугунги кунда қадимиятнинг буюк бир эҳсони, ўзи яратилган даврнинг умумий дунёқараши, айни пайтда жонли анъанавий ижод ва ижро шароитларида халқ оммаси руҳининг объектив ҳолатини даврлараро ифодалаб, мазмун ва шакл жиҳатидан гоҳ кенгайиб, гоҳ торайиб, кўплаб вариантларда ва хилма хил кўринишларда аждодлардан авлодларга етиб келган адабий ёдгорлик, халқ миллий тарихидаги қаҳрамонлик воқеаларининг афсоналар қобиғига ўралган ўзига хос бадиий ифодаси, буюк эпос сифатида баҳоланади.

«Алпомиш» достони бундан минг йил ол-дин туркий халқларнинг қад. достончилик анъаналари асосида халқ оғзаки ижоди намунаси сифатида яхлит достон шаклини олган бўлсада, аслида «Алпомиш» достонининг энг қад. қатламлари мил. ав. юз йилликларда юртимизда кечган жараёнларнинг бадиий талқинини ўзида акс эттирган. Қўнғирот қабиласининг турли ҳудудларга силжиши ва уларнинг янгидан шаклланаётган халқлар таркибига кира бориши натижасида достон бошқа уруғ ва элатларга ҳам ўтиб, уларнинг эпик анъаналари асосида қайта ишлана бориб, жуда кенг тарқалди ва ниҳоят, унинг яратилишида ота-боболари иштирок этган ҳар бир халқнинг ўз эпосига айланди. «Алпомиш» достонининг огзаки эпик анъаналарда бизгача етиб келган нусхалари 9—10 а. ларда яратилган. Аммо бундай хулоса достонга асос бўлган сюжет ва етакчи мотивларнинг мифологик ва тарихий-ҳаётий илдизлари қад. даврларга — мил. ав. замонларга тақалишини инкор этмайди. Достон сюжет таркибида исломгача булган карашлар ва мифологик қатлам мавжуд. Ундаги мифологик қатлам эса, кад. турмуш тарзининг бадиийлаштирилган ва идеаллаштирилган кўринишларидир. «Алпомиш» вариантлари 1922 й. дан ёзиб олина бошланган. Ҳозиргача Фозил Йўлдош ўгли, Маҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Берди бахши, Саидмурод Паноҳ ўғли, Бўри бахши, Бекмурод Жўрабой ўғли, Мардонақул Авлиёқул ўғли, Абдулла Нурали ўғли, Умир бахши, Ҳайдар Бойча ўғли, Раҳматулла Юсуф ўғли, Ҳодир Раҳим ўғли каби ўттиздан ортиқ достончилардан қирққа яқин вариантлари ёзиб олинган. Достоннинг ёзиб олинган қўлёзмаларининг асл нусхалари Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институтинннг фольклор архивида сақланади. Бу вариантлар орасида энг мукаммали, бадиий жиҳатдан энг юксаги Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олингани ҳисобланади. «Алпомиш»нинг Берди бахши, Саидмурод Паноҳ ўғли, Пулкан ва Эргаш Жуманбулбул ўғли, Бекмурод Жўрабой ўғли, Хушбоқ Мардонақулов айтган вариантлари ҳам нашр этилган. «Алпомиш» достони қаҳрамонлик, мардлик, ватанпарварлик, турли элатлар ва халқларнинг биродарлиги, севги ва садоқат, оила мустаҳкамлиги ва уруғ бирлигини куйловчи улкан эпосдир. Республикамиз президенти Ислом Каримов «Алпомиш» достонининг 1000 й. лигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида айтганидек: «Алпомиш» достони бизга инсонпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади».

Достон қўнғирот уруғи бошлиқлари — ака-ука Бойбўри ва Бойсарининг фарзандсизлиги тасвири билан бошланади. Унда Алпомиш, Барчин, Қалдирғочларнинг бир кунда туғилиши, Барчин. Достоннинг етакчи образи (В. Е. Кайдалов асари).

Барчиннинг Алпомишга бешиккерти қилиниши, Бойсарининг Бойбўридан аразлаб ўн минг уйли элат билан қалмоқ элига кўчиши, қаҳрамоннинг ёрини олиб келиш учун ўзга мамлакатга сафари, Қоражон билан дўст тутиниб, Барчин шартларини бажариши ва ёрини олиб ўз юртига қайтиши, кейин яна етти йил тутқунда қолиши, зиндондан оти Бойчибор ёрдамида қутулиб, ўз элига умр йўлдоши Барчиннинг зўравон Ултонтоз билан бўлаётган мажбурий тўйи устига келиши ҳам рақибини енгиб, мурод-мақсадига эришиши воқеалари жуда қизиқарли, эпосга хос ранг-баранг бадиий бўёқларда тасвирланган. Алпомиш ва Қоражон, Қултой ва Ёдгорларнинг ўзаро муносабатлари, ҳатто қаҳрамоннинг оти Бойчибор б-н, энчи ҳарвона туя билан муносабати тас-вирида жамият тараққиётининг достонда тасвирланган босқичига хос олижаноб соддалик, улуғвор вазминлик, патриархал инсонийлик, болаларча беғубор самимийлик ғоятда гўзал мужассамлашган. «Алпомиш» достони бадиий баркамол асар. Унда ўзбек халқи шеърий даҳосининг буюк қудрати тўлалигича намоён бўлган. «Алпомиш»нинг словак тилида насрий баёни, рус тилида бадиий таржимаси нашр этилган. Ундан парчалар инглиз тилида эълон қилинган. Достон турк тилига таржима қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига (1998 й. 13 янв.) ҳамда ЮНЕСКО нинг 1999 й. даги тадбирлар режасига биноан Ўзбекистонда 1999 й. нояб. да «Алпомиш» достонининг 1000 й. лиги кенг нишонланди. Сўнгги тантаналар 1999 й. 6 нояб. да Термиз ш. да бўлиб ўтди. Шу муносабат б-н бу ерда халқаро илмий конференция ўтказилди, Алпомиш номидаги боғ барпо этилди ва халқ қаҳрамонига ҳайкал очилди. «Алпомиш»нинг атоқли халқ бахшилари куйлаган вариантлари қайта нашр этилди. Достон ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильм, унинг мотивлари асосида театр спектакллари яратилган.

Ад.: Алпомиш, Т., 1998; Алпамўш, Т., 1998; Алпомиш |Академик нашр], Т., 1999; Алпамыс, Нукус, 1981; Алпамысбатўр, Алма-Ата, 1961; Жирмунский В. М.,Зарифов XT., Узбекский народный героический эпос, М., 1947; Об эпосе «Алпамыш», Т., 1959; Жирмунский В. М., Сказание об Алпамыше и богатырская сказка, М., 1960; Мирзаев Т., «Алпомиш» достонининг ўзбек вариантлари, Т., 1968; Хошниязов Ж., Қорақалпоқ қаҳраманлиқ дастаны «Алпамыс», Нукус, 1992; «Алпомиш» — ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси», Т., 1999.

Тўра Мирзаев.


Кирилл алифбосида мақола: АЛПОМИШ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АЛИШЕР НАВОИЙ
ЭРОН
БЕРУНИЙ
БОБИЛ-ОССУРИЯ МАДАНИЯТИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты