АСТМА (юн. asthma — ҳаллослаш, бўғилиб қолиш) — бронхлар тешигининг тўсатдан торайиб қолиши (қ. Бронхиол астма) ёки юрак касалликлари натижасида (қ. Юрак астмаси) тутадиган бўғилиш хуружи. Астма тутганда дарҳол шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур. Астма қандай сабабга кўра келиб чиққан бўлишидан қатъи назар, беморни оёғини пастга осилтириб ўтқазиш ва хона ҳавосини янгилаш зарур. Дори-дармон фақат шифокор рухсати билан берилади.