АТЛАС (араб. — текис, силлиқ) — танда ипи ҳам, арқоқ ипи ҳам табиий ипакдан тўқиладиган бир юзлама силлиқ мато. Танда ипи абрбанди усулида бўяб безатилади. Алоҳида ишлов бериб Атласга жило берилади, шунга кўра у товланиб туради. Илгари мато юзига кудунг урилган, ҳоз. кунда Атлас иссиқ сатҳли барабан — каландрдан ўтказилади. Ўзбек Атлас лари ранг-баранг нафис гулларга бой, бу гуллар бир-бири билан уйғунлашиб, матода яхлит гўзал бир нақшни ҳосил қилади. Атласнинг табиий ипакдан тўқилган энг аъло нави саккиз тепкили хонатлас деб аталади. Хонатласнинг барча сири унинг тузилиши ва тўқилиш усулидадир. Атласнинг тўқилиш жараёни: тўрт тепкили Атлас тўрт тепкили дастгоҳда, саккиз тепкили Атлас саккиз тепкили дастгоҳда тўқилади. Таидага гулалар танданинг ҳар саккиз нахи тўқилишда устма-уст келадиган қилиб кўтарилади, нахлар тепкиларга мувофиқлаштирилиб, гулалар ўйнағичларга уланади. Тепки босилганда гуланинг бири пастга тортилиб, устмауст ётган нахлардан бирининг коми очилади ва орасидан биринчи арқоқ ипи ўтади, иккинчи тепки босилса, иккинчи коми очилиб, иккинчи арқоқ ипи ўтади. Шу тариқа саккиз нах орасига саккиз арқоқ ипи устма-уст тушиб, танда ипи матонинг устига томон жойлана бориб тўқима бир юзламага айланади.
Қадимда Атласлар дастаки дастгоҳ (қўл дўкон)ларда тўқилган. Ҳозир дастаки дастгоҳларда ҳам, механик дастгоҳлар (тўқув станоклари)да ҳам тўқилади. Механик дастгоҳларни Электр двигатель ҳаракатлантиради. Ўтмишда Атласнинг бир кийимлиги яхлит ҳолда ҳам, икки бўлакка бўлиб ҳам сотилган. Икки бўлакка бўлинган Атласнинг ҳар бир бўлаги бир тоқа Атлас, иккала тоқаси (бир кийимлиги) бир жўра Атлас деб номланган. Атласни тоқа-жўра қилиш 1930 й. ларда урфдан қодди. Атлас тўқиш Марғилонда жуда қадимдан ривожланган, бошқа жойларга шу ердан тарқалган. 20 – а. бошларида бу ерда юзлаб Атлас тўқувчи косиблар бўлган, 20-й. ларда улар 4 та саноат артелларига уюшган. 1963 й. да бу артеллар бирлаштирилиб йирик корхона — «Атлас» фирмасига айлантирилди. 1976 йдан Марғилон А и. ч. бирлашмаси. Атлас тўқиш, айниқса, Наманган (Наманган шойи и. ч. бирлашмаси), Хўжандда, шунингдек Андижон, Қўқон, Самарқанд шларида ривож топган. Атласдан аёллар либослари, кўрпа, кўрпачалар, эркаклар қийиғи ва б. буюмлар тайёрланади. Энг машҳур Атлас лар: «Қора атлас», «Барги карам», «Чақирим», «Яҳудий нусха», «Номозшомгул», «Шахмат», «Қора кўзим» ва б.
Ўзбекистон А. лари республика ҳудудидан ташқари — хорижий мамлакатларга ҳам чиқарилмоқда. 1967 й. да Монреал (Канада)да ўтказилган Халқаро кўргазмада, 1978 й. да Югославиянинг Загреб ш. да бўлиб ўтган Халқаро ярмаркада хонатлас Олтин медаль билан мукофотланди. Тошкент Моделлар уйида хонатласдан тиқилган тайёр кийимлар 1970 й. да Япония (Осако)да, 1987 й. да Будапешт кузги ярмаркасида, 1988 й. да Бағдодда, 1989 й. да Ҳиндистон (Деҳли) да бўлиб ўтган Халқаро ярмаркаларда, АҚШнинг Вашингтон (1998) ва Чикаго (1999) ш. ларида ху-сусий йиғимлардаги ўзбек Атласлари намойиш этилди.
Сайёра Маҳкамова.