ЧЎПОНЗОДА (тахаллуси; асл исмшарифи Бекир Вагап ўғли) [1893.15(27).5, Симферополь уезди Арғун қишлоғи — 1937.13.10, Боку] — крим-татар шоири, адабиётшунос, туркийшунос. Чўпонзоданинг адабий фаолияти 1913 й. да «Онанг қайда?» достони билан бошланган. Унинг Туркия, Венгрия, Крим ва Кавказда ёзган шеърлари «Бўрон» (1928) тўпламидан ўрин олган. Чўпонзоданинг кейинги фаолияти илмий йўналиш касб этиб, у туркий халқлар тили, фольклори ва ёзма адабиёти масалаларига бағишланган илмий асарлар ёзган. У янги турк алифбоси Бугуниттифоқ марказий қўмитасига (1927—29) ва Озарбайжон Халқ маориф комиссарлиги ҳузуридаги терминология қўмитасига (1929 й. дан) раҳбарлик килган. Чўпонзода 1936 й. ёзида Озарбайжоннинг қишлоқ жойларига бориб, сўнгги марта диалектология ва фольклорга оид бой материаллар тўплаган. Чўпонзода 1926—28 й. ларда Ўзбекистонга бир неча марта келган ва ўзбек фольклоршунос, тилшунос, адабиётшунос олимлари билан яқин ижодий алоқада бўлган. 1937 й. 28 янв. да Кисловодовскдаги санаторийда даволанаётган пайтида қамоққа олинган ва Бокуга олиб келиниб, «халқ душмани» сифатида отиб ташланган. Чўпонзода 1957 й. 12 окт. да СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси томонидан оқланган.