ЭТНИК БИРЛИК, этнос — кишиларнинг маълум бир тарихий даврда ва ижтимоий тузумда таркиб топган алоҳида барқарор этник уюшмаси. Этник бирлик этнографик жиҳатдан «халқ» маъносини’ англатсада, лекин унга нисбатан аниқ тушунчадир. Этник бирлик муайян шароитда табиийтарихий тараққиёт жараёнда вужудга келган уюшмадир. Фанда Этник бирлик босқичининг 3 тури мавжуд: қабила, элат ва миллат. Кетмакет алмашиб келган бу атамалар турли вақтларда вужудга келган бўлиб, улар ўз даврига хос хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қиладилар. Кишилар бирлашувининг табиий негизи — ҳудуд умумийлиги, шунингдек, улар тилининг яқинлиги ёки умумийлиги Этник бирликнинг вужудга келишида асосий шарт ҳисобланйли. Кўпинча (мас, Америка қитъасида) миллатларнинг таркиб топишида этник бирликнинг турли тилларга мансуб компонентлари ўртасида олиб борилган хўжалик, маданий ва бошқалар соҳалардаги алоқаларнинг ривожланиши билан тил умумийлиги қарор топган. Бу жараённи бошқаришда ҳар хил ижтимоий-иқтисодий омиллар ва табиий муҳитнинг алоҳида хусусиятлари таъсирида моддий ва маънавий маданият, турмуш ва психологик умумийликнинг Этник бирлик учун характерли бўлган белгилари шаклланади. Бу элементлар ҳудуд ва тил билан бир қаторда Этник бирликнинг муҳим белгилари ҳисобланади. Баъзан Этник бирликнинг шаклланишига диний муштараклик, шунингдек, ирқий жиҳатдан яқинлик ҳам муҳим таъсир кўрсатади. Бундай яқинлик Этник бирликка кирган ва бир-биридан кескин фарқланадиган ҳар хил ирқий компонентлар орасидаги метис гуруҳларининг ҳосил бўлишида ҳам вужудга келади (мас, бразилиялик, кубалик). Шаклланиб бўлган Этник бирлик яхлит ижтимоий организм бўлиб, этник жиҳатдан ҳар хил бўлган никоҳлар туфайли ва наслдан наслга тил, маданият, анъаналар ва бошқаларнинг ўтиб бориши йўли билан барқарор тус олади. Янада барқарорлик бўлиши учун ўзининг ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳудудий ташкилотини тузишга ҳаракат қилади. Аммо вақт ўтиши билан Этник бирликнинг айрим қисмлари ҳудудий жиҳатдан ажралиб кетиш, турмуш ва маданиятнинг кўп томонларини ўзлаштириш ва бошқалар тилни қабул қилиш ҳолатлари ҳам учрайди.
Кишилик жамияти ижтимоийиқтисодий тараққиётнинг маълум бир босқичида қабилалар уюшмаси ҳисобланган Этник бирлик маълум бир тарихий шароитда, ҳудудий, иқтисодий, тил ва маданий умумийлик асосида шаклланади ва янги тури вужудга келади. қадимий даврларда вужудга келган янги Этник бирликни ифодалаш учун «элат» атамаси қабул қилинган. Элат — Э. б. босқичининг қабила уюшмасидан кейинги туридир. Тарихий тараққиёт давомида эса Этник бирликнинг кейинги тури — миллат шакллана боради.