ЭФИОПИЯ, Эфиопия Федератив Демократик Республикаси, Ҳабашистон — Шим. Шарқий Африкадаги давлат. Майд. 1222 минг км2. Аҳолиси 67,6 млн. киши (2002). Пойтахти — АддисАбеба шаҳри Маъмурий жиҳатдан 9 штатга бўлинади.
Давлат тузуми. Эфиопия — республика. Амалдаги конституцияси 1995 йил 22 авг. да қабул қилинган. Давлат бошлиғи — президент (2001 йилдан Гирма ВольдеГиоргис), у парламент томонидан 6 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Халқ вакиллари кенгаши (парламентнинг қуйи палатаси), ижрочи ҳокимиятни Бош вазир ва ҳукумат амалга оширади. Парламент — Федерал мажлис 2 палата: Федерация кенгаши (юқори палата) ва Халқ вакиллари кенгаши (қуйи палата)дан иборат.
Табиати. Эфиопия ҳудудининг аксари қисми субэкваториал минтақада бўлиб, катта қисмини Эфиопия тоғлиги (бал. 2000—3000 м) эгаллайди (энг баланд жойи 4623 м, РасДашэн тоғи). Мамлакат жан. шарқидаги чуқур грабен ЭфиопияСомали платоси (бал. 1500 м гача) ни тоғликдан ажратиб туради. Шим. шарқда Афар ботиғи (ботиқдаги Ассал кўлининг сатҳи денгиз сатҳидан 116 м паст) бор. Э. да олтин, платина, мис, никель, марганец рудалари, табиий газ, калий гузи ва бошқалар бор. Иқлими шим. ва шарқида тропик чўл ва чала чўл иқлим, қолган қисмида субэкваториал иқлим. Ўртача ойлик т-ра 13° — 19° (АддисАбеба). Ўртача йиллик ёғин 150—160 дан 1500—1800 мм гача (айрим жойларда 50 мм дан кам). Асосий дарёлари: Кўк Нил, ВебиШебели. Бир қанча кўл бор; энг йириги — Тана кўли. Тупроклари Эфиопия тоғлиги ён бағирларида қизил қўнғир ва тоғ тўқ қизил тупроқ, мўътадил минтақада тоғ қорамтир тупроқ, совуқ минтақада ишқорсизланган тупроқ, қурғоқчил шарқий ва жан. чеккаларида қўнғир ва қизил қўнғир, кўпинча тошлоқ тупроқлар мавжуд. Эфиопиянинг шим., шарқий ва жан. қисми бутазорли чўл ва чала чўл, чўлга айланган саванналардан иборат. Дарё водийларида доим яшил ўрмонлар бор. Эфиопия тоғлигининг ғарбий ва жан. ғарбий ён бағирлари тропик ўрмон. Ҳайвонот дунёси хилмахил: йирик сут эмизувчилар (кийик, жирафа, буйвол, бегемот, фил, зебра, тоғ эчкиси) кўп. Йиртқич ҳайвонлардан арслон, қоплон учрайди; ҳар хил маймунлар, қушлар яшайди. Миллий боғлари: Аваш, Гамбела, Симен ва бошқалар Аҳолиси. Эфиопия аҳолисининг 3/4 қисмини амхара ва оромолар ташкил этади; шунингдек тиграи, галла, тигре, сидимо ва бошқалар халқлар ҳам яшайди. Расмий тил — амхара тили. Диндорларнинг аксарияти мусулмонлар ва христианлар. Шаҳар аҳолиси 11,5%. Йирик шаҳарлари: АддисАбеба, Харар (Харэр), Назрет (Адама).
Тарихи. Эфиопия ҳудудидан топилган археологик топилмалар ёши тахм. 2 млн. йилга яқин. Мил. ав. асрларда Эфиопия ҳудудида сомхом ва бошқалар тил гуруҳларига мансуб халқлар яшаган. Мил. бошларида Шим. Эфиопия ҳудудида Аксум подшолиги мавжуд бўлган. 5—6-асрларда христианликнинг монофислик йўналиши мамлакатдаги ҳукмрон динга айланди. 7-асрда арабларнинг Шим. ва Шарқий Африкага бостириб кириши ва Араб халифалигининг пайдо бўлиши натижасида Аксум подшолиги инқирозга учради. 13-асрдан бу ҳудудда Эфиопия подшолиги мавжуд бўлган. 18-аср охири — 19-аср 1-ярмида ўзаро урушлар натижасида бир қанча князликларга бўлиниб кетди. 19-асрнинг 50-й.
лари Куаралик Каса мамлакатни бирлаштиришда муҳим роль ўйнади [1855 йилўзини Теодрос (Фёдор) II номи билан император деб эълон қилган]. 1867 йил Буюк Британия Э. га қарши уруш бошлади. Урушда Эфиопия армияси енгилди (1868), лекин ингизлар халқ оммасининг қаттиқ қаршилигига учраб, мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. 19-асрнинг 70— 80-й. лари Эфиопия Миср ва Судан билан уруш олиб борди. Урушлар натижасида Эфиопиянинг кучсизланганидан фойдаланган Италия 1882 йил Ассаб, 1885 йил Массауа портларини босиб олди. 1889 йилги битим бўйича Э. Италия протекторатига айланди. 1890 йил бошида Италия Қизил денгиз бўйларидаги ўзи эгаллаган ерларни Эритрея мустамлакасига бирлаштирди. 1895 йил итальян қўшинлари Эфиопияга яна ҳужум қилдилар. 1896 йил I мартдаги жангда Эфиопия қўшинлари итальянларни тормор келтирди. 1896 йил 26 октябрда тузилган сулҳ шартномасига кўра, Италия Эфиопиянинг тўла мустақиллигини тан олди. Император Менелик II даври (1889—1912)да мамлакатни марказлаштириш ниҳоясига етди ва бир қатор қўшни вилоятлар Эфиопияга қўшиб олинди. Унинг ўлими (1913)дан сўнг ҳокимият учун кураш авж олди. 1930 йил Хайле Селассие I Э. императори бўлди. У бир қанча ислоҳотларни амалга оширди (1931 йил мамлакатнинг биринчи конституциясини қабул қилди). 1935—36 йилдаги Италия Эфиопия уруши натижасида Италия Эфиопияни эгаллади ва уни «Италия Шарқий Африкаси» мустамлакаси таркибига киритди. 1941 йил янв. да инглизэфиоп қўшинлари Судан ҳудудидан Эфиопияга кириб, итальян қўшинларига қарши ҳужум бошладилар ва 1941 йил охирида Эфиопияни итальян қўшинларидан озод қилдилар (ҳарбий ҳаракатларда қатнашган инглиз қўшинлари мамлакатдан 1954 йил чиқиб кетдилар). 1942 йил мамлакатда қулчиликни тақиқлаш ва қулларни озод қилиш тўғрисида фармон эълон қилинди. 1952 йил БТМ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ Италиянинг собиқ мустамлакаси — Эритрея федератив асосда Эфиопияга қўшилди. 1962 йил Эритреянинг федератив мақоми императорлик ҳукуматининг тазйиқи билан бекор қилинди ва у Э. билан тўлиқ бирлашди. 20-аср 60 — 70-й. ларида турли ижтимоий қатламларнинг фаоллиги кучайди. Аграр ислоҳотлар ҳақидаги масалани ҳал этишнинг чўзилиши, 1973 йилдаги қурғоқчилик ва юз минглаб кишиларнинг очликдан ҳалок бўлиши, нархнавонинг ошиб, юқори амалдорлар ўртасида порахўрликнинг авж олиши 1974 йил бошига келиб монархия тузумининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий танглигини кучайтирди. 1974 йил фев. да иш ташлаш ва намойишлар бошланди. У меҳнаткашларнинг монархияга қарши инқилобига айланиб кетди ва 1974 йил 12 сентябрда Хайле Селассие I ағдариб ташланди. 1975 йил мартда мамлакат республика деб эълон қилинди ва Социалистик Эфиопия деб атадди, 1987 йил сентябрдан Э. Халқ Демократик Республикаси, 1991 йил июндан Эфиопия, 1995 йилавг. дан Э. Федератив Демократик Республикаси деб номланди. 1993 йил майда мустақиллик учун олиб борган 30 йиллик курашдан сўнг Эритрея Эфиопиядан ажралиб чиқди ва ўз мустақиллигини эълон қилди. Эфиопия — 1945 йилдан БТМ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1992 йил 2 янв. да тан олган ва 1996 йил 15 июлда дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 28 май — Тинчлик ва демократия ўрнатилган кун (1991 йил 28 майда Эфиопия халқлари инқилобий демократик фронти ҳокимият тепасига келган).
Асосий сиёсий партия ва ташкилотлари ҳамда касаба бирлашмалари Эфиопияда тинчлик ва демократия учун муқобил кучлар иттифоқи, 1993 йил ташкил этилган; Э. демократик бирлик партияси, 1984 йил асос солинган; Э. халклари инқилобий демократик фронти, 1989 йил тузилган. Эфиопия касаба уюшмалари, 1977 йил ташкил этилган.
Хўжалиги. Эфиопия — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноат 12%, қ. х. 55%, хизмат кўрсатиш тармоғи 33%ни ташкил этади.
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётда етакчи роль ўйнайди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 85%га яқини қ. х. да банд. Қ. х. нинг асосий тармоғи — деҳқончилик. Асосий озиқ-овқат экини — арпа, тэфф (тариқнинг бир тури), маккажўхори, буғдой, ер ёнғоқ, кунгабоқар. Шунингдек, шакарқамиш, пахта, тамаки етиштирилади. Сабзавот хам экилади. Цитрус мевалар, ўрик, шафтоли, анор, банан ўстирилади. Экспорт учун кофе етиштирилади. Чорвачилигида қорамол, қўй, эчки, хачир, туя бокилади. Паррандачилик, ўрмон асаларичилиги ривожланган. Ўрмонларида қимматбаҳо ёгоч тайёрланади.
Саноатида озиқ-овқат, енгил, нефтни қайта ишлаш, металлсозлик, тўқимачилик, кўнпойабзал тармоқлари етакчи. Йилига ўртача 1,28 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади. Энг йирик ГЭС — Финча. Ҳунармандчиликда тўқувчилик, тери, суяк ва ёғочни қайта ишлаш ривожланган. Платина, олтин, марганец рудаси, калий тузи, кварц қуми қазиб олинади.
Эфиопияда т. й. лар узунлиги — 0,78 минг км, автомобиль йўллари уз. — 19,4 минг км. Ташқи савдо юклари асосан, Жибути порти орқали амалга оширилади. Эфиопия четга кофе, тери хом ашёси, дуккакли донлар, мойли уруглар чиқаради. Четдан нефть ва нефть маҳсулотлари, озиқ-овқат, машина ва жиҳозлар, истеъмол моллари олади. Ташқи савдода Германия, Саудия Арабистони, АҚШ, Италия, Япония, Жибути билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — бир.
Тиббий хизмати. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш давлат даволаш муассасалари томонидан амалга оширилади. Врачлар АддисАбебадаги унтнинг тиббиёт фти ва Гондэрдаги тиббиёт коллежида тайёрланади.
Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Таълим тизими 6 йиллик бошланғич ва 6 йиллик ўрта мактабдан иборат. 7—12 ёшдаги болалар учун бошланғич таълим мажбурий. Ўқиш амхара тилида олиб борилади. Ҳунартехника таълими тўлиқсиз ўрта мактаб негизида амалга оширилади. Бошланғич мактаб ўқитувчилари 2 йил лик ўқитувчилар ин-тида, ўрта мактаб ўқитувчилари унтлар, АддисАбебадаги пед. институтида тайёрланади. АддисАбебада миллий унт, БаҳрДарда политехника инти, Жиммада қ. х. институти бор. Қ. х. институт ва коллежлари мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам бор. И. т. лар миллий ун-т ҳузуридаги қ. х. станциялари, эфиоп тадкиқотлар инти, геофизика расадхонаси, ўрмон тадқиқотлари инти, харитаграфия ва геогр. инти, геол. тадқиқотлари бўлимида олиб борилади. Шунингдек, АддисАбебада қ. х. институти, Африка чорвачилиги тадқиқот маркази, Эфиопия геол. хизмати, Жимма яқинида кофе селекция илмий текшириш станцияси мавжуд. Йирик кутубхоналари: АддисАбебадаги ун-т кутубхонаси, АддисАбебадаги миллий кутубхона. АддисАбебада Археология музейи, Дэссе шаҳрида музей бор.
Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Эфиопияда бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Асосийлари: «Аддис земен» («Янги вақт», амхара тилида чиқадиган кундалик газ., 1941 йилдан), «Йезареиту Итиопия» («Бугунги Эфиопия», амхара тилидаги ҳафталик газ., 1952 йилдан), «Йекатит («Февраль», амхара ва инглиз тилларидаги безакли жур.), «Мескерем» («Сентябрь», амхара тилида ҳар чорақда чиқадиган назарий жур., 1980 йилдан), «Эфиопиан геральд» («Эфиопия хабарномаси», инглиз тилидаги ҳафталик газ., 1943 йилдан). Ҳукуматга қарашли Эфиопия ахборот агентлиги 1964 йил ташкил этилган. Эфиопия радиоси, ҳукумат радиоэшиттириш хизмати, 1941 йил тузилган; Э. телевидениеси, ҳукумат хизмати, 1964 йил асос солинган.
Адабиёти. Эфиопия адабиёти кўп тилли. Эфиопияда ёзув ва эпиграфика мил. ав. 5-асрда сабей тилида яратилган. Гёэз тилидаги эфиоп адабиёти 4—7-асрларда юзага келди. 6-асрда юнон тилидан гёэз тилига христиан ва гностицизм адабиётига оид бир қанча асарлар таржима қилинган. 8—12-асрларда эфиоп адабиёти тушкунликка учради. 13 —15-асрларда араб тилидаги кўплаб асарлар таржима қилинди. 14-асрда «Шоҳлар шуҳрати» номида асар яратилди. Император Наод ўрта асрнинг йирик шоиридир. Гёэз тилидаги адабиёт 15 — 16-асрларда юксак даражада ривожланди. Ўша даврнинг машҳур ёзувчиси Зэрэ Якоб динийдогматик трактлар ва мадҳиялар тўпламини яратди. 16—19-асрларда Эфиопия адабиёти 6 тил (гёэз, араб, амхара ва бошқалар)да ривожланди. Ҳоз. замон амхара тилидаги эфиоп адабиётининг асосчиси Афэуорк Гэбрэ Иесус (18681947) ҳисобланади. У 1908 йил биринчи бадиий асар — «Қалб билан туғилган тарих» романини яратди. 1920 — 30 йлардаги кўзга кўринган ёзувчилардан бири Хируй Вольдэ Сэлассие (1889—1939)дир. Эфиопия адабиётининг тараққиёти Каббэдэ Микаэл, Мэконнин Эндалькачоу ва бошқалар маърифатпарвар ёзувчилар фаолияти билан боғлиқ. 1950—60 йилларда ёзувчилар Таддэсэ Либэн, Бирхану Зэрихун, Абу Губэн, шоир ва драматурглар Мэнгисту Лемм, Цэгайе Гэбрэ Мэдхинларнинг воқеликни реал акс эттирувчи асарлари босилиб чиқди. 1974 йил монархия тузуми ағдарилгач, Асэфф Гэбрэ, Марьям Тэсэмм, Аяльнэх Мулату шеърлари машҳур бўлди. Бирхану Зэрихун, Цэгайе Гэбрэ Мэдхин, Бэалю Гирма каби адиблар самарали ижод қиддилар. Адабиётга ёш ёзувчилар гуруҳи кириб келди.
Меъморлиги ва тасвирий санъати. Эфиопия ҳудудидан энг қадимий (мил. ав. 2-минг йиллик) даврларга оид қоятош суратлари, ҳўкиз, одамнинг бўрттириб ишланган тасвирлари топилган. Мил. ав. 1-минг йиллик ўрталарида тоғли платоларда қадимий шарқ санъати типидаги санъат гуллабяшнади; қўрғон, ибодатхона, шохлар ҳайкаллари, ҳайвонлар тасвири яратилди. 1-минг йилликнинг 1-ярми ва ўрталарида Аксум подшолиги равноқ топган даврда маҳобатли саройлар, кўп қаватли минора шаклидаги тош стела ва тахтлар, тўғонлар, сув омборлари, турар жой бинолари қурилди. Аксумда христианлик ёйилган (4-аср ўрталари)дан кейин монастирь мажмуалари ва базиликали черковлар яратилди (ДэбрэДамо мажмуаси, 6-аср). Кейинчалик (13—14-асрларда) Лалибэдда қоятошларни ўйиб черковлар яратилди, фреска, ранг-тасвир асарлари, нақшлар билан безатилди. 14-асрда шоҳнинг БетАмхара қароргоҳидаги ибодатхона ва монастирлар ҳашаматлилиги билан шуҳрат қозонди. 14-асрдан копт, суриямесопотамия, арман санъатлари таъсирини ўзида мужассам этган эфиоп миниатюраси ривожланди. 17-асрда мамлакатнинг янги пойтахти—Гондер шаҳри қурилди. Шаҳарда маҳаллий ва Ғарбий Европа меъморлиги услубида тошдан 2 қаватли қасрсаройлар қурилди. Эфиопияда анъанавий халқ турар жойи, асосан, айлана шаклида, томи конуссимон ҳолда шохшаббадан тўқилиб, лой билан сувалади ёки тошдан лой билан ишланиб тўғри бурчакли, усти ясси қилиб қурилади. Мамлакат жан. да гумбазсимон кулбалар кўп. 19-аср 2-ярми — 20-аср бошларида шаҳарлар (АддисАбеба), йўл, кўприк, касалхона, мактаб, ГЭСлар барпо этилди. 1954—56 йилларда АддисАбеба шаҳрини қайта реконструкция қилиш режаси тасдиқланди. 1955 йил миллий театр биносининг яратилиши Эфиопия маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. 1960— 80 йилларда ҳам бир қанча иншоотлар барпо этилди. Йириклари: Африка уйи (1961), Миллий банк (1973—76), касалхона мажмуаси, почтамп, «ВебиШебели» меҳмонхонаси (ҳаммаси АддисАбеба шаҳрида) ва бошқалар Эфиопияда профессионал санъат ривожланмоқда. Рассомлардан Афэворк Текле, Гэбэ Кристос Дэста, Абдул Раҳмон Шариф, ҳайкалтарош Таддэсэ Мамеча ва бошқалар машҳур. Эфиопия аҳолиси қадимдан кулоллик, поя ва похолдан турли рўзғор анжомлари тўқиш, кандакорлик, каштадўзлик, ёғоч ўймакорлиги, чармга гул солиш ва ҳ. к. билан шуғулланиб келади.
Мусиқаси. Эфиопия мусиқаси Миср маданияти таъсирида ривожланди. Аҳолининг этник жиҳатдан хилмахиллиги ҳам Эфиопия мусиқа фольклорининг турлитуман бўлишига таъсир кўрсатган. Торлитирнама бэтэна, қирар, камонли мэсинко, турли пуфлама (вашинт, имбилта, малакат) ва урма (атамо, нэгарит ва бошқалар) мусиқа чолғулари мавжуд. 5—6-асрларда диний (христиан) кўп овозли қўшиқ ва рақслар кенг тарқалган. Улардан асосийларини 6-асрда авлиё Яред тизимга солиб, қоғозга туширган. Кейинчалик монастирлар қошида хонандалик мактаблари ташкил топган. Эфиопияда мусиқа маданияти анъаналарини сайёр шоирқўшиқчилар — азмарилар давом эттириб келганлар. 20-асрнинг бошларидан илк пуфлама созлар оркестрлари пайдо бўлган, композиторлар ўз ижодларида миллий мусиқа анъаналарини ғарб мусиқа маданияти ютуқлари билан уйғунлаштиришга интилдилар (Коньятта Иофатаха Негуссе, Алека Мелаку БеггоСеу ва бошқалар). Айни вақтда 1950—60 йилларда анъанавий эфиоп мусиқасига қизиқиш ортди. 1952 йилдан фольклорни ўрганиш бўйича жидций иш бошланди. Миллий мусиқага бағишланган дастлабки мусиқашунослик ишлари юзага келди. Мусиқа таълимига ҳам эътибор кучайди: АддисАбебадаги унтда санъат фти, 1963 йил ун-т ҳузурида Бадиий ижод маркази ташкил этилди. Шу йили АддисАбебада Миллий мусиқа мактаби очилди.
Театри. Эфиопия халқларининг театр санъати сарчашмалари анъанавий расмрусумлардан бошланган (тўй, дафн маросимлари ва бошқалар). 20-аср бошларида умумий таълим мактаблари билан бирга мактаб театрлари ҳам пайдо бўлди. 20-асрнинг 30-й. лари «Ватан ҳимоячилари иттифоқи» театри фаолият кўрсатди. 1950 йил АддисАбебада ҳаваскорлик фестивали ўтказилди. 1955 йил пойтахтда биринчи профессионал театр очилди (70-й. лар ўрталаридан Миллий театр). Унинг репертуаридан миллий драматурглар пьесалари, В. Шекспир, Н. В. Гоголь асарлари таржималари кенг ўрин олди. Эфиопияда тарғибот театри, театрлаштирилган оммавий халқ байрамлари ва фольклор санъати оммалашган.
Киноси. 1970-й. ларнинг ўрталаригача асосан, қисқа метражли ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқарилган. Хусусан, реж. С. Бекеленинг «Қизил мавжудот» (1968), «Ижтимоий мажмуа» (1970), «Африка киносининг ҳозирги ҳолати» ҳужжатли фильмларида муҳим ижтимоий муаммолар кўтарилди. 1974 йил биринчи қисқа метражли бадиий фильм — «Гума» (реж. М. Папатакис) яратилди. «Кураш давом этмоқда» (1975, реж. М. Папатакис) номидаги биринчи тўлиқ метражли ҳужжатли фильм жиддий муаммо — аграр ислоҳотларга бағишланди. Реж. М. Папатакиснинг «Ўтмиш ғамташвишлари, келажакка йўл» ҳужжатли фильми (1977)да жабрланган халқнинг кўп асрлик тарихи акс эттирилди. «Уч минг йиллик ҳосили» бадиий фильми (1976, реж. Хайле Гирма), «Кураш — ғалаба, ғалаба—кураш» (1978, реж. М. Папатакис), «Ғалабага йўл» (1981, реж. лар Тасезе Жарра, Гетачоу Тарекеген) ҳужжатли фильмлари яратилди. 1979 йил Миллий кинематография маркази тузилди. Мамлакатда 40 га яқин кинотеатр бор. Йилига ўртача 3—4 ҳужжатли фильм ишлаб чиқарилади.