ЭШИТИШ АНАЛИЗАТОРЛАРИ, эшитиш системаси — товуш тебранишларини эшитиш органлари орқали сезиб, таҳлил қиладиган механик рецепторлар ва нерв тузилмалари мажмуи. Эшитиш анализаторларининг тузилиши, айниқса, унинг периферик қисми одамда ва ҳайвонларда фарқ қилади. Эшитиш анализаторлари ҳашаротларда тимпанал орган, суякли балиқларда сузгич пуфаги ҳисобланади. Сузгич пуфагининг тебраниши веберов аппаратига, ундан ички қулоққа ўтади. Сувда ҳамда қуруқликда яшовчилар, судралиб юрувчилар ва қушларнинг ички қулоғида қўшимча рецептор ҳужайралар (базиляр мембраналар — папиллалар) ривожланади. Юксак умуртқалилар, жумладан, кўпчилик сут эмизувчиларда Эшитиш анализаторлари ташқи, ўрта ва ички қулоқ, шунингдек, эшитиш нерви ҳамда кетмакет туташган нерв марказларидан иборат. Эшитиш анализаторлари марказий бўлимининг ривожланиши экологик омиллар ва Эшитиш анализаторларининг ҳайвонлар хаттиҳаракатидаги аҳамияти билан боғлиқ. Эшитиш нерви толалари чиғаноқдан нерв марказларидан бири — кохляр ядроларига боради; чап ва ўнг кохлярдан чиқадиган нерв толалари Э. а. нинг икки ёни бўйлаб симметрик жойлашган бўлиб, юқори оливага келиб туташади. Товуш тебранишларини аниқлашда чиғаноқ тўсиғи асосий аҳамиятга эга. Бу тўсиқ товушни механик спектрал анализ қиладиган, чиғаноқ тўсиғи бўйлаб қатор жойлашган фильтрлашэшитиш рецепторларидан иборат. Рецепторлар 0,1 дан 10 нм диапазондаги тебранишларни қабул қилади. Эшитиш анализаторлари марказий бўлимида жойлашган нейронлар муайян товуш тебранишларига сезгир. Эшитиш анализаторларининг нерв элементлари товуш тебранишлари билан бирга товуш кучи, давомийлиги ва бошқалар хусусиятларига ҳам таъсирчан. Марказий нерв системаси ва, айниқса, унинг юқори қисми нейронлари товушнинг мураккаб белгилари (мас, товуш амплитуда модуляцияси частотаси, йўналиши ва ҳаракати)га сезгир бўлади.