ДОМРА — рус халқ торли тирнама сози. Олимларнинг тахминларига кўра, туркий халқларнинг дўмбира чолғуси негизида пайдо бўлган. Кварта ёки квинта бўйича созланади. Овози ёқимли, диапазони 2,5 октава. Қад. тури 16—17-а. ларда скоморох (масхарабоз) лар ўртасида кенг тарқалган. 1896—1908 й. лари қайта ишланиб, 3 ва 4 торли Домралари рус халқ чолғулари оркестри ҳамда турли ансамбллар таркибига киритилган.