ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ — фуқароларнинг халқ ҳокимиятини бевосита амалга ошириши, давлат ва жамият ишларида тўғридантўғри иштирок этиши воситаларидан бири. Асосий вазифаси фуқароларни маҳаллий аҳамиятга боғлиқ масалаларни ҳал қилишда мустакил фаолият олиб боришини таъминлашдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (105модда) ва «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида» (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикасининг қонуни (1999 й. 14 апр.)да Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқий ҳолати кўрсатиб ўтилган. Ушбу қонунга кўра, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қуйидагилардир: шаҳарча, қишлоқ, овул фуқароларининг, шунингдек, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овулдаги маҳалла фуқароларининг йиғини; фуқаролар йиғинининг кенгаши; фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий иўналишлари бўйича комиссиялар; фуқаролар йиғинининг тафтиш комиссияси; туман марказидан олисда жойлашган ва бориш қийин бўлган шаҳарчалар, қишлоклар ва овулларда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда тузиладиган маъмурий комиссия. Ф. ў. ў. б. о. маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади, намунадаги муҳрга эга бўлади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида рўйхатга олиниши керак.
Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият кўрсатмоқда. Фуқаролар йиғини органларини ва уларнинг мансабдор шахсларини сайлаш фуқароларнинг қонунда белгиланган сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаган ҳодда, умумий, тенг ва тўғридантўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин ёки очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилади. «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида» қонун қабул қилинган (2004 й. 29 агтр.).
Фуқаролар йиғини — фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг юқори органи бўлиб, аҳоли манфаатларини ифодалаш ва унинг номидан тегишли ҳудудда амал қилувчи қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга. Фуқаролар йиғинида 18 ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул ва маҳалла ҳудудида доимий яшаётган шахслар қатнашади. «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонунда шаҳарча, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинининг ваколатлари кўрсатилган. Фуқаролар йиғинининг қарорларини бажариш ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролар йиғинлари оралиқ давридаги жорий фаолиятини амалга ошириш учун фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларнинг раислари ва йиғиннинг масъул котибидан иборат таркибда фуқаролар йиғинининг кенгаши тузилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини ташкил этишни унинг кенгаши ҳамда фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) амалга оширади. Фуқаролар йиғини кенгаши ўз девонига эга бўлиши мумкин, унинг ходимлари сони йиғин томонидан белгиланади. Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли), масъул котиби ва кенгаш девони ходимлари фуқаролар йиғинининг маблағлари ҳисобига ҳам, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига ҳам таъминланиши мумкин. Тафтиш к о миссияси Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари молияхўжалик фаолиятини текшириш учун тузилади. Маъмурий комиссия маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ўз ваколатлари доирасидаги ишларни кўриб чиқиш учун тузилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини мувофиклаштириш мақсадида республика оқсоқоллар Кенгаши, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ишлари бўйича вилоят, туман, шаҳар мувофиклаштириш кенгашлари тузилиши мумкин. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг молиявий асоси ўз маблағларидан, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан белгиланган тартибда ажратиладиган бюджет маблағларидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайрэҳсонларидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топади (яна қ. Маҳама).