«ҲИЗБУТ ТАҲРИР» (тўлиқ номи «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий» — «Ислом озодлик партияси») — сиёсийлашган диний ташкилот (оқим). Фаластинда Тақиюддин Набҳоний (1909—1979) асос солган. У «Мусулмон биродарлар» гуруҳининг Фаластин бўлинмасида фаолият юритиб, 1953 й. маслакдошлари билан мазкур бўлинма аъзоларини янги диний-сиёсий партия — «Ҳизбут таҳрир»га бирлаштирган.
«Ҳизбут таҳрир» таълимоти Тақиюддин Набҳоний ва унинг издоши Абдул Қадим Заллумнинг «Ислом низоми», «Ислом давлати», «Халифалик», «Исломий оламга қайноқ нидолар», «Ҳизбут таҳрирнинг тушунчалари», «Демократия — куфр низоми» ва «Сиёсий онг» каби китобларида баён этилган. Уларда дунёвий давлат тамойиллари қораланган, демократия, конституция, сайлов каби сиёсий тартибқоидалар инкор қилинган ҳамда диний мутаассиблик ғояларини тарғиб қилиш, сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш ва халифаликка асосланган тузумни ўрнатиш йўллари ифода этилган.
«Ҳизбут таҳрир» мафкураси 3 босқичдан иборат амалиёт орқали сиёсий ҳокимиятни эгаллаб олишни назарда тутади: 1. Марҳалатут-тасқиф — тушунтириш ишлари. Сиёсий ва маънавий онги заиф шахсларни ўз томонига оғдириш орқали ташкилотнинг яширин бўлинмаларини тузиш. 2. Марҳалатут-тафо-ул — уммат билан бирлашиш. Тарғибот-ташвиқот йўли билан ўз тарафдорлари — «уммат»ни шакллантириш. 3. Марҳ-алатут-талабун — нусрат (ғалаба, ҳокимият) талаб қилиш. Мавжуд «уммат» кучи билан давлат тўнтаришини амалга ошириш ва сиёсий ҳокимиятни эгаллаш.
Ташкилот пирамида шаклидаги тузилишга эга. Унинг қуйи поғонасини 5 кишилик «ҳалқа» (тўгарак)ларга бирлашган «дорис» (дарс олувчи)лар ташкил этади. Халқага «мушриф» (дарс берувчи) раҳбарлик қилиб, 4—5 мушрифдан иборат «маҳаллий жиҳоз» (таъминот бошқармаси) «нақиб» (нойиб) га, нақиблар вилоят даражасида «мусоид» (ёрдамчи)га бўйсунадилар. мусоидлар фаолияти минтақавий раҳбар — «муътамад» (ишончли) томонидан бошқарилади. Ташкилот раҳбари — «ал-Амирул-аъзам» (бош бошқарувчи) ташкилотнинг олий бўғини — «Қиёдат» (бошқарув раёсати) орқали муътамадларнинг фаолият йўналишини белгилаб туради. Бундай тузилиш ташкилот фаолиятини мумкин қадар яширин олиб бориш имконини беради.
«Ҳизбут таҳрир» ўз раҳбарияти, қароргоҳи ва молия манбаларини қатьий сир тутади. Маълумотларга кўра, Набҳонийнинг вафотидан сўнг, 1979—2003 й. ларда ташкилотга фаластинлик Абдул Қадим Заллум (1923—2003) раҳбарлик қилган. 2003 й. дан бошлаб эса «Ҳизбут таҳрир» га Иордания фуқароси Ало Абу Рушта («Абу Ёсин») етакчилик қилади. У ўз мамлакатида экстремистик фаолияти учун бир неча марта қамоқ жазосини ўтаган.
Набҳоний даставвал мақсад сифатида Фаластинда шариат асосидаги давлат қуришни эътироф этган. Кейинчалик эса у партиянинг асосий мақсади — мусулмон дунёсини бирлаштирувчи ягона халифалик давлатини қуриш, деб эълон қилди. «Ҳизбут таҳрир» фаолияти 1950—60 й. ларда Яқин Шарқда, 1970—80 й. ларда Жан. Осиёда, 1990-й. ларда Марказий Осиёда ва МДҲга аъзо бўлган баъзи мамлакатларга тарқалди. Ташкилот Ғарбий Европадаги бир неча мамлакатларда ҳам ўз бўлинмаларига эга. Маълумотларга кўра, ташкилотнинг Буюк Британияда жойлашган бўлинмаси мувофиқлаштирувчи марказ вазифасини бажаради.
«Х-т.» ташкилоти сиёсий ғаразларини Қуръон ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиш орқали оқлашга уринади. Шунинг учун ислом дунёсининг таниқли диний намояндалари, жумладан, Саудия Арабистонининг собиқ бош муфтийси, марҳум шайх Бин Боз, Юсуф Қарзовий (Қатар) «Ҳизбут таҳрир» ни «исломни бузувчи» ташкилот сифатида баҳолаганлар. Марказий Осиёнинг етук уламолари Абдулазиз Мансур, Алоуддин Мансур, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва б. ўз чиқишларида «Ҳизбут таҳрир» иддаоларини рад этганлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 1999 й. 16 июндаги «Дин ниқоби остидаги динбузарлик ҳақида»ги фатвосида «Ҳизбут таҳрир» ва бошқа бузғунчи тоифалар фаолияти қаттиқ қораланган.
«Ҳизбут таҳрир» раҳбарлари ўэ чиқишларида гўёки фақат ғоявий кураш усулларидан фойдаланишларини эълон қиладилар. Бироқ, ташкилот мафкурасини ифодаловчи ҳужжатлар, шунингдек, «Ҳизбут таҳрир» аъзоларининг қатор мусулмон давлатларида амалга оширган террорчилик ҳаракатлари бунинг аксини кўрсатади.
1989 й. АҚШнинг Миссури штатида «Мусулмон талабаларнинг байналмилал алоқалари» номи остида ўтган анжуманда «Ҳизбут таҳрир» вакили «мусулмон бўлмаган ҳукуматларга қуролли жиҳод эълон қилиш зарур», деган мазмунда маъруза қилган. Ушбу маъруза бир неча тилларда «Ҳизбут таҳрир» аъзоларига тарқатилган. Ташкилотнинг «ал-Ваъй» («Онг») жур. да ҳам диний мутаассиблик ва экстремизм руҳидаги мақолалар мунтазам бериб борилади. Хусусан, жур. нинг 2001 й. июнь, 170-сонида халифалик қуриш йўлида барча воситаларни қўллаш, жумладан, қотиллик қилиш оқланган ҳамда бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлувчи террорчи-ҳудкуш (камикадзе) лар «шаҳидлар» қаторига киритилган.
«Ҳизбут таҳрир» аъзолари қатор мусулмон мамлакатларида қуролли хуружларни амалга оширганлар. Бундай амалиёт 1960 — 70 й. ларда Иорданияда, 1974 й. Мисрда, 1999 й. Ливанда кузатилган. 2000 й. Сурия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳукуматга қарши қуролли ғалаён кўтаришга ҳозирлик кўрган 800 нафар «Ҳизбут таҳрир» аъзосини қўлга олган. 2002 й. Филиппинда қўлга олинган «Ҳизбут таҳрир»га мансуб шахслардан кўп миқдорда портловчи моддалар ва ўқотар қуроллар топилган. 2003 й. апр. ойида Исроилнинг Тель-Авив ш. даги кафеларнинг бирида «Ҳизбут таҳрир»нинг Буюк Британиядаги бўлинмаси аъзоси Умар Шариф ва «ал-Муҳожир» экстремистик гуруҳи вакили Осиф Ҳаниф ўзларини портлатиб юборишлари натижасида кўплаб бегуноҳ инсонлар ҳаётдан кўз юмган. «Ҳизбут таҳрир» вакилларининг 2004 й. март-апр. ойларида Тошкент ва Бухорода, июль ойида Тошкентда амалга оширилган террорчилик хуружида иштирок этганлиги суд жараёнларида ўз тасдиғини топди.
«Ҳизбут таҳрир» раҳбарияти ҳар сафар қуролли амалиёт муваффақиятсизликка учраган заҳоти гўёки ушбу ҳаракатлар ташкилотнинг «ажралиб» чиққан қисми томонидан амалга оширилди, деган даъво билан айбни бўйнидан соқит қилишга интилиб келган.
«Ҳизбут таҳрир» бошқа террорчи гуруҳлар учун жангарилар тайёрлаб берувчи «конвейер»га айланган. Ўзини «алҚоида»нинг Ироқдаги бўлими деб, кўплаб бегуноҳ ироқликларнинг ҳаётига зомин бўлаётган террорчи гуруҳнинг раҳбари Абу Мусо Зарқовий даставвал «Ҳизбут таҳрир» аъзоси бўлган. 2005 й. нинг 13 май куни Андижонда қатор кўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширган «акромийлик» оқимининг асосчиси Акром Йўлдошев ҳам ўз фаолиятини «Ҳизбут таҳрир т»да бошлаган.
Экстремистик моҳияти фош бўлган «Ҳизбут таҳрир» деярли барча мусулмон мамлакатларида, шунингдек, Россия, Германия ва б. давлатларда террорчи ташкилот сифатида тақиқланган.
«Ҳизбут таҳрир» ўзининг фаолиятини аҳолиси таркибида йирик мусулмон жамоалари мавжуд бўлган МДҲ мамлакатларида кенгайтиришга интилмоқда. Ушбу ҳудудда «Ҳизбут таҳрир» аъзолари ўз ғоялари ифодаланган варақаларни маҳаллий тилларга таржима қилиб, яширин босмахоналарда чоп этмоқдалар. Ташкилот аъзоларининг жангарилик амалиёти учун зарур ашёларни тўплаши уларнинг қўпорувчилик фаолиятини амалга оширишга ҳозирлик кўраётганидан далолат беради. 2004 й. Татаристонда қўлга олинган «Ҳизбут таҳрир» аъзоларидан ўқотар қурол ва портловчи модда юкланган нимча, Бошқирдистонда ушланган «Ҳизбут таҳрир» аъзоларидан эса гранаталар, ўқ-дори ҳамда Уфа ш. даги ҳукумат идоралари белгиланган харита олинган. Ҳибсга олинганларнинг баъзилари Афгонистонда жанговар тайёргарлик ўтаб келган. 2000-й. лардан буён «Ҳизбут таҳрир» фаолиятида ўз тарафига давлат бошқаруви, ҳуқуқни сақлаш идоралари ходимларини жалб қилиш ва стратегик объектларга суқилиб киришга ҳаракат қилиш ҳамда аҳоли ичида тарафдорларнинг сонини кўпайтириш учун хайрия ишларини фаоллаштириш каби ҳолатлар кузатилмоқда.
«Ҳизбут таҳрир» ташкилоти Марказий Осиё минтақасидаги давлатларда сиёсий ғараз мақсадлари сари амалга оши-рилаётган зўравонлик ҳаракатлари манбаларидан бирига айланди. Ушбу ташкилотнинг фаоллашувини соғлом сиёсат юритаётган дунёвий давлатларга нисбатан халқаро террорчилик томонидан эълон қилинган «жиҳод» нинг бир унсури сифатида баҳолаш лозим.
Ислом тарихида ўтган ва муайян вақтдан сўнг барҳам топган турли бузғунчи оқимлар каби «Ҳизбут таҳрир»нинг иддаолари ташқи кўринишдан гўёки, исломни қайта тиклаш, динни тозалаш, ҳақиқий мусулмонликни қарор топтириш бўлса-да, бу ташкилотнинг пайдо бўлганидан то ҳозирги кунга қадар олиб борган фаолияти, унинг асл мақсади содда, ишонувчан, аксарият диндан бехабар ёшларни ўз ғоясига эргаштириш, одамлар орасига фитна солиш йўли билан сиёсий ҳокимиятни эгаллаш эканини яққол кўрсатди.
Ад.: Абдуллажонов О., Диний ақидапарастликнинг келиб чиқиши, моҳияти ва Ўзбекистонга кириб келиши, Т., 2005; Ақидада адашмайлик [Нашрга тайёрловчи: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши], Т., 2005; Гударзи А., Хизб ут-Тахрир аль-ислами; мифы и реальность, Т., 2005; Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари, Т., 2005; Закурлаев А., Ғоялар кураши, Т., 2000; Ислом маърифати, Т., 2004; Каримов А., Дунёвийлик даҳрийлик эмас ёхуд «Ҳизбут-таҳрир»нинг даъволари хусусида мулоҳазалар, Т., 2005; Луқмонов А., Халифалик нима? Наманган, 1999; Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Дин насиҳатдир, Т., 2004; Ражапова М., Диний экстремизм ва террорчилик, Т., 2000; Раҳматов О., Огоҳлик — муқаддас бурч, Т., 2000; Юнусов А., Динимиз душманлари, Т., 2000; Ҳусниддинов З. М., Ислом: йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар, Т., 2000.