ГОЛЬЖИ КОМПЛЕКСИ, Гольжи аппарати, пластинкасимон аппарат — ҳамма эукариот ҳужайралар учун хос органоид. Гольжи Комплексини Гольжи (1898) нерв ҳужайраларида кашф қилган. Структуравий ва функционал бирлиги — диктиосома. Ҳужайра цитоплазмасида бирбири билан умумий тўр орқали боғланган 20 га яқин диктиосомалар бўлади. Гольжи комплекси кўпинча центриолларни ўраб туради, ҳужайранинг Гольжи комплекси жойлашган қисмида рибосомалар деярли бўлмайди. Секретор ҳужайраларда Гольжи комплекси ҳужайранинг апикал қисмида жойлашади. Функцияси — оқсилларни модификациялаш (глюкозалаш, сульфатлаш, фосфорлаш, қисман полипептид занжирни парчалаш ва б.), ажратиладиган маҳсулотларни гранулалар ҳолида тахлаш, айрим полисахаридларни синтезлаш, ҳужайра мембранасини ҳосил қилиш, лизосомаларни синтезлаш. Оқсиллар мембранали пуфакчалар ичида эндоплазматик тўрдан Гольжи комплексига ўтади. Гольжи комплексида улардан мураккаб оқсиллар (липопротеидлар, мукопротеидлар, мукополисахаридлар) ҳосил бўлади. Тайёр маҳсулотлар пуфакчаларда тўпланади. Пуфакчалар диктиосомалар учидаги халтачалардан цитоплазмага чиқиб, у ерда тўпланади ёки микронайчалар орқали ҳужайрадан ташқарига чиқарилади. Ўсимлик ҳужайраларида Гольжи комплекси ҳужайра девори таркибига кирадиган гемицеллюлоза ва пектинни синтезлайди, полисахаридли шилимшиқ модда синтезида иштирок этади. Бир ҳужайрали ҳайвонларда Гольжи комплекси элементлари қисқарувчи вакуоллар ҳосил қилади. Гольжи комплекси гранулоцитлар учун гранулаларни ва спермийлар акросомаларини шакллантиради.
Ҳужайра бўлинишида Гольжи комплекси алоҳида диктиосомаларга ажралиб кетиб, янгидан ҳосил бўладиган ҳужайралар ўртасида тасодифан тақсимланади.