ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ

ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ, Жалолиддин (тўлиқ исми Жалолиддин ибн Аловуддин Муҳаммад) (1198—1231) — Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги ҳукмдори (1220—31), моҳир саркарда. Ануштегинийлардан. Хоразмшоҳлардан Муҳаммадшoxнинг катта ўғли. Онаси — Ойчечак туркман канизаклардан бўлган. Жалолиддин бурнида холи (манк) бўлгани учун Манкбурни номи билан аталган. Кейинчалик бу ном талаффузда ўзгариб «Мангуберди» номи билан машҳур бўлиб кетган.

Жалолиддин Мангуберди вояга етгач, отаси уни Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар ва Ҳиндистон ҳудудларигача бўлган ерларга ҳоким ва тахт вориси этиб тайинлаган (1215). Бироқ Туркон хотун ва қипчоқ амирларининг қатьий норозилиги сабабли Қутбиддин Ўзлоқшоҳ фойдасига ворисликдан маҳрум этилган. Жалолиддин Мангуберди отасининг ҳарбий юришларида иштирок этиб, ўзининг жасур жангчи, иқтидорли саркардалик қобилиятларини намойиш этган (қ. Ирғиз дарёси бўйидаги эканг). Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинлари Мовароуннаҳрга бостириб кириб бирин-кетин шаҳарларни эгаллаб, Самарқандга яқинлашганларида хоразмшоҳ Муҳаммад Каспий денгизи бўйида жойлашган Обескун ш. яқинидаги Ашур ада о. дан паноҳтопган. Оғир бемор бўлган Муҳаммад ўғилларини ёнига чорлаб, сўнгги дамда Жалолиддин Мангубердини ўз ўрнига хоразмшоҳ этиб тайинлаган. Жалолиддин Мангуберди укалари Оқшоҳ ва Қутбиддин Ўзлоқшохлар б-н бирга Гурганж мудофаасига ошиқади. Лекин Гурганждаги қипчоқ амирлари Туркон хотуннинг акаси Хумортегинни султон деб эълон қилиб, Жалолиддин Мангубердига қарши суиқасд уюштирмоқчи бўлдилар. Бундан хабар топган Жалолиддин Мангуберди Темур Малик бошчилигидаги 300 суворий билан Гурганжни тарк этиб Хуросонга йўл олган. Нисо ш. яқинида уни 700 нафар мўғул суворийси кутарди. Жалолиддин Мангуберди шиддатли жангдан сўнг уларни тор-мор келтириб, Нишопурга келди. Бу ердан у барча вилоят ҳокимларига номалар жўнатиб, мўғул босқинчиларига қарши бирлашишга даъват этди, бир ойдан сўнг Ғазни томон юрди. Йўлда унга Ҳирот волийси, қайнотаси Аминалмулк 10 минг кишилик қўшин билан келиб қўшилди. Қандаҳорни қамал қилиб турган мўғул қўшинлари б-н 3 кунлик жангда Жалолиддин Мангуберди уларни тормор келтирган. У Ғазнига 1221 й. келди. Бу ерда унга халаж қабиласи бошлиғи Сайфуддин Иғроқ, Балх волийси Аъзам малик, афғонлар сардори Музаффар малик, қарлуклар бошлиғи Ҳасан Қарлуқ келиб қўшилдилар. Уларнинг ҳар бири ихтиёрида 30 минглик қўшин бор эди. Жалолиддин Мангубердининг ўзидаги кучлар эса 60 минг суворий эди. Ж. М. Валиён қалъасини қамал қилаётган Такажук ва Малғур бошчилигидаги мўғул қўшинига ҳужум қилиб, 3 кунлик жангдан сўнг уларни тор-мор келтирган, 1000 дан ортиқ мўғул аскари ўлдирилган, омон қолган қисми Панжшир дарёсидан ўтиб, кўприкни бузиб ташлашган. Бу Ж. М. нинг мўғуллар устидан қозонган дастлабки йирик ғалабаси эди.

Чингизхон Жалолиддин Мангубердига қарши Шики Хутуху нўённи 45 минглик қўшин билан жўнатади. Ғазни яқинидаги Парвон жангит Жалолиддин Мангуберди мўғуллар устидан ажойиб ғалабани қўлга киритади. Бироқ жангдан сўнг Жалолиддин Мангубердининг лашкарбошилари ўлжа устида ўзаро жанжаллашиб қолиб, оқибатда Сайфуддин Иғроқ, Аъзам малик ва Музаффар маликлар Жалолиддин Мангубердини тарк этганлар. Жалолиддин Мангубердининг ёнида фақат Аминалмулк ўз лашкари билан қолган, холос.

Чингизхон катта қўшин тўплаб Жалолиддин Мангубердига қарши шахсан ўзи отланган. Fapдиз қалъаси яқинида Ж. М. Чингизхон қўшинининг илғорини тор-мор келтиради ва кучи озлиги сабабли Синд (Ҳинд) дарёси томон чекинади. Чингизхон қўшини Жалолиддин Мангубердини дарёдан утишига имкон бермай қуршаб олади. 1221 й. 25 нояб. да бўлган тенгсиз жангда (қ. Синд дарёси бўйидаги жанг) мағлубиятга учраган Жалолиддин Мангуберди 4000 жангчиси билан Синднинг ўнг соҳилига сузиб ўтиб, чўл ичкарисига кириб кетди (Бу чўл ҳозирда ҳам Чўли Жалолий деб аталади). Чингизхон Жалолиддин Мангубердининг бу жасоратидан ҳайратда қолиб, ўз ўғилларига қараб: «Ота ўғил мана шундай бўлиши лозим!», деган. Орадан бир неча кун ўтгач, Жалолиддин Мангуберди қўшини сони 7 мингга етди. Унга Кулбарс баҳодир, Кабкуҳ ва Саъдиддин Али аш-Шарабдор каби лашкарбошилар ўз кишилари билан келиб қўшилди. Ж. М. Шим. Ҳиндистоннинг нотаниш чўлида оч, жулдур кийимли жангчилари билан саргардонликда қолди. Унинг бу ҳолидан фойдаланмоқчи бўлган Шатра вилояти рана (шоҳ) си Жалолиддин Мангубердига xужум қилган. Жалолиддин Мангубердининг мерганлик билан отган камон ўқидан рана ҳалок бўлади, қўшини эса пароканда бўлиб қочади. Жалолиддин Мангуберди катта ўлжани қўлга киритади.

Бу ғалабадан сўнг Синд, Учча, Мўлтон, Лоҳур ва Пешавор ҳокими Носириддин Қубача (1205—27)нинг Нандана ва Сакундаги ноиби Қамариддин Кармоний Жалолиддин Мангубердига ўзини хайрихоҳлигини изҳор этиб, совға-саломлар жўнатган. Ғиёсиддин Пиршоҳ ажралиб кетган амирлардан Санжоқонхон, Элчи паҳлавон, Ўрхон, Сойирча, Текжоруқ Хонкишилар ўз лашкарлари билан келиб Жалолиддин Мангубердига қўшилдилар. Ж. М. Калор ш., Паросравар, Тарнуж қалъаларини қўлга киритди. Мулкларининг катта қисмидан ажралган Қубача 10 минг отлиқ қўшини ҳамда мамлуклар сулоласидан бўлган Деҳли султони Шамсуддин Элтутмишцан олган қўшимча куч билан Жалолиддин Мангубердига қарши жанг қилган, бироқ мағлубиятга учраган, унинг хазинаси, қурол-яроғлари ўлжа тушган. 1222 й. Чингизхон Жалолиддин Мангуберди изидан Тўрбай Тўқшин ва Бола нўённи 20 минглик қўшин билан жўнатади. Лекин улар Мўлтонга қадар бориб, шаҳарни ололмай, жазирама иссиққа дош беролмай қайтишади. Жалолиддин Мангуберди ўзига қарши мўғул қўшинлари жўнатилгани хабарини Паросравар қалъасини олгандан сўнг эшитган. Жалолиддин Мангуберди Мўлтон томон йўл олиб Қубача мулкларидан Учча, Садусан, Хатисор, Девал ва Дамрилларни қамал қилади, қўшини учун туялар зарурлиги туфайли Гужарот вилояти маркази Наҳрвалга Хосхон бошчилигида қўшин жўнатади. Шамсуддин Элтутмиш Жалолиддин Мангуберди устига катта қўшин (30 минг отлиқ, 100 минг пиёда, 300 та фил) тортади. Жалолиддин Мангуберди мардонаворлик билан рақибига қарши чиқади. Жалолиддин Мангубердининг Ўзбек Той Жаҳон Пахлавон қўмондонлиги остидаги илгори Элтутмиш илғори билан тўқнашиб рақибидан устун келади. Элтутмиш Жалолиддин Мангуберди ҳузурига элчисини юбориб сулҳ сўрайди.

Ж. М. Ҳиндистонда ўз номидан кумуш ва мис тангалар зарб қилади, унга тобе ҳинд мулкларида унинг номи хутбага қўшиб ўқилган. Бироқ вазият борган сари мураккаблашиб бормодқа эди. Элтутмиш, Қубача, шунингдек, Ҳиндистоннинг бошқа вилоят ҳокимлари ўзаро тил бириктириб Жалолиддин Мангубердига қарши иттифоқ тузмоқчи эканликлари аён бўлиб қолди. Жалолиддин Мангубердининг икки лашкарбошиси Язидак пахлавон ва Сунқуржиқ Тойсилар хиёнат қилиб Элтутмиш томонига ўтганлар. Қийин вазиятдан қутулиш учун Жалолиддин Мангуберди ҳарбий кенгаш чақирган. Амирларнинг кўпчилиги Ироқ томон юриш қилиб, уни Ғиёсиддин Пиршохдан тортиб олишни таклиф қилади. Ироқда сиёсий парокандалик ҳукм сурарди. Ироқ томон кетишга қарор қилинди. Жалолиддин Мангуберди ўзининг Ҳиндистонда забт этган мулкларига Ўзбек Той Жаҳон Пахлавонни, Ғур ва Ғазни вилоятларига Ҳасан Қарлуқни ноиб сифатида қолдириб, Ироққа йўл олган. Чўлу биёбонларни кесиб ўтишда Жалолиддин Мангубердининг кўп жангчилари нобуд бўлган, ниҳоят у 4 минг жангчиси билан Кирмонга етиб келган. Ғиёсиддин Пиршоxнинг Кирмондаги ноиби Бароқ ҳожиб Ж. М. га тобелик изҳор қилади. Шундан сўнг Жалолиддин Мангуберди Форс вилояти маркази Шерозга келган. Форс хркими отабек Саъд ибн Зангий ва Йазд хoкими отабек Ал-уддавла ибн Тўғоншоҳ унга тобелик билдиришади. Ж. М. Исфахoнга келганда аҳоли уни катта тантана билан кутиб олади, қўшини қурол-аслақа билан таъминланади. Бу ҳол Ғиёсиддин Пиршоҳга ёқмайди, у акасига қарши 30 минг отлиқ қўшин билан йўлга чиқади. Бироқ Жалолиддин Мангуберди унга совғасаломлар билан мирохур Одекни элчи сифатида жўнатган ва ўзаро низони тинчлик б-н ҳал этган. Қўшин бошлиқлари Жалолиддин Мангуберди томонига ўтган. 1225 й. Ж. М. Озарбайжонга юриш қилади. Сўнг Бағдодга қарши юришга ҳозирлик кўради. Халифа Носирга элчи жўнатиб, мўғулларга қарши бирлашишга чақирди. Бунга жавобан Халифа Жалолиддин Мангубердига қарши ўзининг мамлуки амир Жамолиддин Қуштемур бошлиқ 20 минглик қўшин жўнатди. Басра яқинидаги жангда Халифа қўшинлари тор-мор келтирилди. Халифа Бағдод мудофааси билан машғул бўлади. Ж. М. Бағдод атрофида 12 кун тургач, Озарбайжон томон кетади. Озарбайжон ва Аррон отабеги Ўзбек ичкилик, маишатга берилиб давлат ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган эди, давлатни амалда унинг хотини Малика хотун бошқарарди. 1225 й. майда Жалолиддин Мангуберди Мароға ш. ни жангсиз қўлга киритади. Дамашқ, Эр-бил ҳокимлари у билан иттифоқ тузишга рози бўладилар. Отабек Ўзбек Табризни ташлаб Ганжага, сўнг Алинжо қалъасига қочиб ўша ерда вафот этади. Ж. М. Малика хотунга уйланади. Табризда бир неча кун тургандан сўнг ўз қўшинини Грузия томон бошлайди. 1225 й. авг. да Гарни қалъаси яқинида гуржиларнинг Иване Мхаргoдзели бошлиқ 60 минглик қўшинини тор-мор келтиради ва Тифлисга қараб юради. Грузия маликаси Русудана Кутаисига кўчиб ўтган. Ж. М. Двин, Лори ш. ларини эгаллайди, Сурмари ш. хoкимлари ўз тобеликларини билдиришган.

1227 й. сент. да Исфаҳондан 30 чақирим шарқдаги Син қишлоғи яқинида Жалолиддин Мангуберди мўғулларнинг Тайнол нўён бошлиқ қўшинини енгган. Тайнол нўён Жалолиддин Мангуберди ҳақида: «Замонасининг ҳақиқий баҳодири экан, ўз тенгқурларининг capвари экан», деган. Жалолиддин Мангубердининг Кўния султони Алоуддин Кайқубод, Жазира ҳокими ал-Малик ал-Ашраф Музаф фариддин Мусо, Дамашқ ҳокими ал-Малик ал-Муаззам Шарафиддин Исо ва Миср ҳокими ал-Малик ал-Комил Муҳаммадга номалар ёзиб, уларни мўғулларга қарши курашиш йўлида бирлаштириш йўлидаги хатти-ҳаракатлари беҳуда кетди. Устига устак Алоуддин Кайқубод мухолиф кучларни Жалолиддин Мангубердига қарши бирлаштиришга муваффақ бўлди. 1230 й. 10 авг. да Арзинжон яқинидаги жангда Жалолиддин Мангуберди кучлари мағлубиятга учради. Жалолиддин Мангубердининг кучсизланганидан фойдаланган мўғуллар катта қўшин билан Озарбайжонга бостириб кириб Мароға, Табризни эгаллаб (1231 й.) Ж. М. ни таъқиб этишган. Майофариқин вилоятидаги қишлоқлардан бирида мўғуллар тунги ҳужум натижасида Жалолиддин Мангубердининг оз сонли қўшинини тор-мор келтирадилар, Жалолиддин Мангубердини ўзи эса таъқибдан қутулиб Курдистон тоғларига чиқиб кетган. Бу ерда қароқчи курдлар қўлига асир тушиб, фожиали равишда ҳалок бўлган. Жалолиддин Мангуберди ҳақида унинг шахсий котиби, тарихчи Насавий шундай ёзади: «Жалолиддин қорачадан келган, ўрта бўйли, турк лафзли одам эди. Форс тилини ҳам яхши биларди. Унинг ботирлигига келганда шуни айтиш керакки, султон арслонлар орасидаги энг кучли шер эди. Бир сўзли, кек сақламайдиган, очиқ кўнгил, тўғри одам эди. У жиддий шахе эди. Ҳеч қачон кулмасди. Жуда нари борса, жилмайиб қўярди. У адолатсизликларни ёмон кўрарди. Жалолиддин ўта қатъиятли, ниҳоятда иродали, мураккаб вазиятларда, тақдирнинг қалтис синовларида ўзини йўқотиб қўймайдиган фавқулодда мард ва ботир саркарда эди».

Ўзбекистoн ҳукумати Жалолиддин Мангубердининг мўғул босқинчиларига қарши курашда кўрсатган миелсиз жасорати, ватанга ва ўз халқига садоқат ва чексиз муҳаббатини қадрлаш ва унинг порлоқ руҳини абадийлаштириш мақсадида «Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини нишонлаш ҳақида» қарор қабул қидди (1998 й.). Қарорга кўра, унинг юрти Хоразмда Жалолиддин Мангубердига ҳайкал ўрнатилди, йирик кўча, майдон, жамоа корхоналари ва б. га унинг номи қўйилди. Жалолиддин Мангуберди ҳақида видеофильм, достон, пьеса ва б. яратилган. «Жалолиддин Мангуберди» ордени таъсис этилган (2000 й. 30 авг.).

Ад.: Шахобиддин Муҳаммад алНасавий , Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти, Т., 1999; Жалолиддин Мангуберди (ўзбек, инглиз, рус тилида), Т., 1999; Жалолиддин Мангуберди, Ватан, юрт ҳимоячиси, Т., 1999; Буниётов 3., Ануштагин Хоразмшоҳлар давлати (1097—1231), Т., 1998; Тошев Н., Жалолиддин Мангуберди, Т., 1999; Бўриев О., Тошев Н., Жалолиддин Мангуберди, Т., 1999; Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди, Т., 1999; Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» асарида Жалолиддин Мангуберди зикри, Т., 1999; Тонарий О., Жалолиддин Хоразмшоҳ ва унинг даври, Т., 1999.

Наим Норқулов.


Кирилл алифбосида мақола: ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ж ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ИБН СИНО
АМИР ТЕМУР
ҲИНДИСТОН
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты