ИҚТИСОДИЙ ЦИКЛ — умумий иқти содий фаолликнинг муайян йиллар давомида даврий юксалиб ва пасайиб, тебраниб туриши; бир неча йиллар да-вомида иқтисодиётда юксалиш ва пасайишнинг даврий такрорланиб туриши, юксалиш, танглик, депрессия, жонланиш фазаларидан иборат. Вақтга нисбатан ҳар 20—25 й. да такрорланиб турадиган узоқ ва ҳар 5—10 й. да такрорланадиган қисқа Иқтисодий цикл бор. Алоҳида Иқтисодий цикл бир-биридан давомийлиги ва жадаллиги бўйича кескин фарқланади. Шу билан бирга уларнинг ҳаммаси бир хил фазаларга эга бўлади. Циклнинг энг юқори нуқтасида иқтисодиётда тўлиқ бандлик кузатилади ва и. ч. тўлиқ ёки деярли тўлиқ қувват б-н ишлайди. Циклнинг бу фазасида нарх даражаси ўсиш тамойилига эга бўлади, иқтисодий фаолликнинг ўсиши тўхтайди. Танглик фазасида и. ч. ва бандлик қисқаради, аммо нархлар пасайиш тамойилига берилмайди. Тангликнинг қуйи нуқтасида и. ч. ва бандлик ўзининг энг паст даражаси билан характерланади. Жонланиш фазасида и. ч. даражаси кўтарилади, бандлик эса тўлиқ бандлик дара-жасигача ўсади.
Иқтисодиёт назариясида Иқтисодий циклнинг асосий сабаби ялпи талаб билан ялпи таклиф ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши ва унинг яна кайтадан тикланиши тарзида изоҳланади. Иқтисодий цикл миллий иқтисодиётнинг ўзини ўзи тартибга солиши усулларидан биридир.
Шодмон Шерқулов.