ЖИНОЯТ ИШИНИ ҚЎЗҒАТИШ — жиноят содир этилган ёки жиноятга тайёргарлик ҳақида берилган хабар ва ариза юзасидан прокурор, терговчи, суриштирувчи ёки судьянинг дастлабки ҳаракати. Улар содир этилган жиноят ҳақидаги ариза ёки хабар юзасидан 3 кун, алоҳида ҳолларда эса 10 кун ичида Жиноят ишини қўзғатиш ёки уни рад қилиш, ариза ёки хабарни бошқа тегишли идорага юбориш тўғрисида бир қарорга келишга мажбур. Жиноят иши жиноят аломатлари борлигини кўрсатувчи асослар мавжуд ҳоллардагина қўзғатилади. Фуқароларнинг аризалари, муассаса, корхона, ташкилот, мансабдор шахc ва жамоат бирлашмалари берган хабарлар, матбуотда босилиб чиққан ахборот ёки мақола, шахснинг айбни бўйнига олиш ҳақидаги арзи, жиноят қилганлигини кўрсатувчи ҳолатларнинг прокурор, терговчи, суриштирувчи ёки суднинг ўзи томонидан топилиши Жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлади. Шахсларнинг жиноят тўғрисидаги аризалари ёзма ёки оғзаки бўлиши мумкин. Ёзма ариза арз қилувчи шахc томонидан имзоланган бўлиши лозим. Жиноят ҳақидаги имзосиз, қалбаки имзоли ёки уйдирма шахc номидан ёзилган хат, ариза ёки бошқа аноним хабарлар жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб бўла олмайди (ЎзР ЖПК, 321—338-моддалар).