ЛАЙЛИ ВА МАЖНУН — Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган фольклор ҳамда ёзма шаклдаги адабий ёдгорлик. Достоннинг илк куртаклари 7-а. 2-ярмида пайдо бўлган. Айрим манбаларнинг маълумотига кўра, достон қаҳрамонлари тарихий шахслардир. Уларда Мажнун Бани Омир қабиласидан чиққан, асл исми Қайс ибн Мулавваҳ ёки Қайс ибн Муод бўлган йигит, дея таъкидланади. Қайс Лайли исмли ўз қабиладошини севган ҳамда ўз севгиси ва ҳижрон аламлари ҳақида мунгли шеърлар битган. Бундай маълумот, жумладан, ибн Қутайбанинг (889) «Китоб уш-шеър ва шуаро» («Шеър ва шоирлар ҳақида китоб»), Абул Фарож ал-Исфаҳонийнинг «Китоб ул-ағони» («Қўшиқ китоби») асарларида келтирилган. Лекин бошқа манбалар бу маълумотларни инкор этади. Мас, араб олими Авон ибн Ҳаким ал-Қалбий (764) ва араб тарихчиси Ҳишом ал-Қалбий (819) Мажнун тарихий шахс эмас, деган фикрни илгари суради. 7-а. 2-ярмидаёқ араб шеъриятида Мажнун тахаллуси остида кўплаб мунгли шеърлар вужудга келади, бундай шеърлар тобора кўпайиб боради, тўпламларга киритилади. Аммо Мажнун номи зикр этилган шеърларнинг барчаси ҳам ёлғиз бир кишиники эмас. Араб олимлари ал-Жоҳиз (9-а.) ва ибн ал-Муътаз (908)нинг айтишича, кишилар Лайли номи билан боғлиқ барча шеърларни Мажнунга нисбат бераверганлар. 11-а. да шоир Абул Бакр ал-Волибий томонидан Мажнунга нисбат берилган барча шеърлар тўпланиб, «Девони Мажнун» тузилади. Девонда шеърларга шарҳлар берилади ҳамда шеърлар Мажнун ҳақидаги ривоятларнинг сюжетига киритилади.
Лайли ва Мажнун ҳақида илк бор 1188 й. да озарбайжон шоири Низомий Ганжавий достон яратган. Низомий «Лайли ва мажнун ва М.» достонини ҳам ғоявий, ҳам бадиий жиҳатдан ҳар томонлама юксак даражага кўтарди ва хамсачилик анъаналари қаторига қўшди. Ундан сўнг «Лайли ва мажнун ва М.» достонига кўплаб шоирлар мурожаат қилишди. Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Фузулий, Алишер Навоий қаламларига мансуб «Лайли ва мажнун ва М.» достонлари машҳур. Гарчи ушбу достонлар битта ном билан аталса ва улардаги воқеалар тизими бир-бирига жуда ўхшаш бўлсада, ҳар бир муаллифнинг «Лайли ва мажнун ва М.»и ўзига хос ва бетакрор асардир. Ҳозиргача мазкур достоннинг узбек, араб, форс, озарбайжон, турк, туркман, тожик, грузин, панжоб, курд, урду тилларидаги кўплаб вариантлари мавжуд. «Лайли ва мажнун ва М.» достони халқ оғзаки ижоди равнақига ҳам беқиёс ижобий таъсир кўрсатган. Жумладан, ўзбек халқ ижодиётининг «Тоҳир ва Зуҳра», «Ошиқ Ғариб» каби достонларига «Лайли ва мажнун ва М.»нинг таъсири борлиги эътироф этилади. Санжар Назаров.