МАНБАШУНОСЛИК

МАНБАШУНОСЛИК — тарихий манбаларни [қ. Манбалар (тарихий)] излаб топиш, қайд этиш, тўплаш, ўрганиш ва қўлланиш назарияси ва амалий усуллари ҳақидаги фан. М. тарихшуносликда ёрдамчи фан соҳалари (археография, архившунослик, генеалогия — насабшунослик, метрология — ўлчовшунослик, эпиграфика, текстология — матншунослик, хронология — давршунослик, геральдика — гербшунослик, нумизматика — тангашунослик ва сфрагистика — муҳршунослик) қаторида етакчи ўринда турувчи алоҳида илмий соҳа. Манбашуносликнинг бевосита тадқиқоти ёзма манбалар устида бўлсада, аммо, унинг асосий илмий ва амалий услубияти тарихий қадриятларнинг барча турларини ўрганишда ва танқидий таҳлил этишда қўлланилади.

Манбашунослик иккига — амалий ва назарий Манбашуносликка бўлинади. Амалий Манбашунослик тарихнинг айрим соҳа ва йўналишлари ҳамда давр ва босқичлари билан шуғулланиб, излаб топилган тарихий манбаларни архив, музей ва кутубхоналарнинг махсус хазиналарида тўплаш, қайд этиш, сақлаш, таъмирлаш ва таърифлаш каби ишларни амалга оширади. Назарий Манбашунослик тарихий манбаларнинг яратилиши ва уларда тарихий воқеликларнинг ривожланиш жараёнларини акс эттириш тартиби, усуллари, ахборотларнинг таркиби ва жойлашиш хусусиятларини тадқиқ этади. Манбаларни тартибга солиш ва туркумларга ажратиш асосларини ишлаб чиқади, уларнинг умумий ва махсус турларини тарихий нуқтаи назардан тадқиқ қилиш услубини белгилаб беради. Манбашуносликнинг назарий масалалари, асосан, ёзма манбалар заминидаги тарихий асар ва ҳужжатларга биноан ҳал этилади.

Тарихий манбалар тадқиқоти жараёнида қуйидаги масалалар белгилаб олинади: қўлёзма асарлар ва ҳужжатларни топиш ва ажратиб олиш; асосий матнни ва сўнгги қўшимча ёки иловаларини белгилаш; манбанинг юзага келиши, аслий ёки кўчирма нусхалигини аниқлаш; М. жиҳатидан қўлёзма матни қанчалик тўлиқлиги, унда берилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва аниклиги ҳамда битилган даврини белгилаш. Чунки ҳар қандай мавзу ёки тарихий воқелик баёни Манбашунослик жиҳатдан кенг қамровлик ва мукаммалликни тақозо этади. Шу боисдан тарихий манбаларнинг яратилиш даврининг аниклиги Манбашуносликда муҳим аҳамиятга моликдир. Чунки, ёзилган ёки кўчирилган вақти қайд этилмаган асарлар тамаддун тарихи давомида учрайди. Бундай ҳолат айниқса қад. дунё ва ўрта асрлар ёзма ёдгорликларига хосдир.

Ёзма манбаларни юзага келиш тарихини ўрганиш борасида асарнинг йили, ёзилиш услуби, матнда учрайдиган давр ва саналар, оғирлик ва узунлик ўлчамлари, пул бирликлари, географик номлар ҳамда шахсий исмларни белгилаш Манбашуносликда айниқса муҳимдир. Чунки тарихий асарларнинг аксарияти ўз даврида муаллифи томонидан маълум даражада тузатишлар ёки қисқартиришлар киритилган бўлса, кейинчалик эса унинг муҳарриртаржимонлари ёки тегишли назоратчилари томонидан қандайдир ўзгартиришлар амалга оширилган ёки бошка тилга таржима этилган бўлиши мумкин. Натижада матн, мазмун ва ғоявий йўналиш жиҳатидан аслидан ўзгача нусхалари пайдо бўлган. Шу боисдан тарихий манба муаллифи, таржимони ва котибларини аниқлаш муҳим аҳамиятга моликдир. Манбаларнинг аслий ва кўчирма нусхаларининг яратилиши билан бевосита боғлиқ бўлган муаррихларни белгилаб олиш билан манба нусхалари, айниқса таржималарининг қанчалик аслига монандлиги ҳамда уларда келтирилган тарихий атама, ном ва саналарнинг ҳаққонийлиги аниқлаб олинади.

Манбашунослик кўп асрлик тарихга эга. Амалий Манбашунослик даставвал Шарқнинг Миср ва Месопотамия каби қад. маданият учокларида қад. подшоликлар (Миср, Шумер, Аккад ва Оссурия) ва уларнинг бошқ-арув тизимлари шаклланаётган даврларда юзага келди. Манбашуносликнинг илк омиллари деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ва савдосотиқ каби хўжаликларнинг кенгайиб ривожланиши натижасида ҳаётий эхтиёжлар яратган энг қад. ёзувлар (Миср иероглифлари, Месопотамия миххати) кашф этилиши, илмий-амалий билимларнинг вужудга келиши билан чамбарчас боғлиқ ҳолда пайдо бўлди. Манбашуносликнинг асоси ҳисобланган илк ёзувлар мил. ав. 4минг йилликда шаклланди. Энг қад. ҳужжатлар тош, сопол, пўстлоқ, хом гишт, ёгоч, тери, папирус поясига битилган. Дастлаб уларда энг мухим воқеа ва ҳодисалар, насиҳатнома ва диний шеърлар ёзилган бўлса, кейинчалик подшоликлар ташкил топгач, подшоҳ қонунлари (Хаммурапи, мил. ав. 1792—1750 й., Хетт, мил. ав. 2-минг йиллик — қонунлари тўплами), мадҳия (гимн)лар, давлатлараро битимлар (мил. ав. 1280 й. Хаттусили III ва Рамзес II ларнинг тинчлик шартномаси) каби тарихий ҳужжатлар битилган ҳамда йиллик тақвим ва ўлка хариталар (Миср, Урарту, Бобил ва уларнинг теварак атрофлари) чизилган. Ҳақиқий тарихий ҳужжат тусини олган бундай қад. лавҳалар мил. ав. 4минг йилликларда кучирилиб, узига хос китоблар яратилган ва уларни саклаш учун кутубхона ва ар-хивлар ташкил этилган (Ур, Ниппур, Ниневия, Бобил, Ашшур ш. лари). Мас, биргина Оссурия подшоҳи Ашшурбанипалнинг Ниневиядаги кутубхонасида 30 мингдан ортиқ хатли лавҳалар сақланган. Ўша даврлардаёқ Шумер, Аккад ва Оссурия мактабларида ҳужжатли лавҳалардан нусхалар кучирувчи ва уларни жамлаб сакловчи давлат котиб (мирзо)лари тайёрланиб, амалий Манбашуносликка асос солинган. Месопотамия архиви ва кутубхоналаридан эса ҳатто мил. ав. 3минг йилликка мансуб мамлакат тарихи ва географиясига оид маълумотлар топилган.

Тарихий ҳужжатлар ва ёзма манбаларга танқидий ёндашиш, уларда келтирилган маълумотларни тахлил қилиш ва асарлар яратишда манбалардан фойдаланиш йуллари қад. дунё тарихчиларининг номи ва тарихнавислик ижоди б-н боғлиқдир. Дастлаб юнон муаррихи Геродот айрим ёзма манбаларга шубҳа кузи билан боққан бўлса, Полибий, Ливии, Тацит, Иосиф Флавий каби тарихчилар ўз асарларида манбаларни танқидий ажратиш, бир-бирига зид маълумотларни солиштириш билан тарихий манбаларни текшириб кўриш йўлини қўллаганлар. Ўрта асрларда манбаларга танқидий муносабатда бўлиш деярлик барҳам топган бўлсада, аммо Уйғониш даврида у қайта жонланди. Унинг ривожига маълум даражада гумаиистлар ўз ҳиссаларини қўшдилар.

16 — 17-а. ларда Манбашуносликнинг ривожланиши, асосан, дипломатия эҳтиёжларини қондириш билан боғланган бўлсада, аммо бу даврда ёзма манбалар, тарихий ҳужжатларни илмийназарий тадқиқ қилиш услубияти ва амалий усуллари (Б. Г. Нибур, Л. Ранке, Т. Мом-мзен) ишлаб чиқилди.

Ўзбекистонда амалий Манбашуносликнинг юзага келиши ва ривожи, агарда археологик топилмаларга асосланилса, бир неча минг йиллик тарих билан узвий боғланади. Зардуштийлик динининг муқаддас китоби Авестонинт чармга битилган илк нусхалари ҳамда қад. Нисо ваТупроққалъа шаҳар харобаларидан топилган чарм, ёғоч ва сопол бўлакларига ёзилган хўжалик ҳужжатларининг гувоҳлик беришича, қад. Турон ҳудудларида илк қўлёзма манбалар мил. ав. 1минг йилликда юзага келган. Улар шаҳар ибодатхоналари ва пойтахтларда қад кўтарган подшоҳ қароргоҳларида сақланган. Mac, Кўҳна Нисо харобаларида ўтказилган археологик қазишмалар вақтида 2 мингдан ортиқроқ сопол бўлакларига парфия ёзуви билан битилган хўжалик ҳужжатлари топилган. Уларда Нисонинг 17 боғдорчилик тумани ва 10 та қишлоғидан қайси йилда қанча миқцорда мусаллас келтирилиб топширилгани қайд этилади. Хоразмшохларнинг қад. пойтахти Туттроққалъа харобаларидан қазиб очилган подшолик архивидан эса тери ва ёғочга ёзилган 100 дан ортиқ кирим ҳужжатлари топилган. Уларда подшо хазинасига тушган солиқларнинг номи, миқдори ва қаердан келтирилгани белгиланган. Ёғочга битилган ҳужжатларда эса, озод, қул, хизматкор, малика чўрилари, шаҳзода хизматкорлари, қуллари каби қад. Хоразмда ҳукм сурган ижтимоий ҳаёт билан боғлиқ табақаларни белгиловчи атама ва иборалар тилга олинган.

Ўзбекистон ҳудудида қайд этилган бундай ёзма ёдгорликлар ва уларнинг ибодатхона ва подшо саройларида сақланиши, шубҳасиз, бу ҳудудда Бақтрия, Суғд ва Хоразм каби деҳқончилик воҳаларида ишлаб чиқарувчи хўжаликлар (зироаткорлик, чорвачилик, ҳунармандчилик) ва савдосотиқ му-носабатларининг кенгайиши оқибатида ташкил топган қад. давлат бирлашмаларининг ва уларда бошқарув тизимларининг шаклланиши билан чамбарчас боғлиқ тарзда юзага келганидан далолат беради.

Ўрта асрларда Араб халифалиги, сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар ва хоразмшоҳлар бошқарган йирик давлатларнинг ташкил то-пиши, пойтахт шаҳарларда масжид, Мадраса ва расадхоналар қад кўтариб «Байт улҳикмат» (Бағдод), Дор ул-илм (Хоразм, Самарқанд), Дор ушшифо (Ҳирот) ва китобхоналар каби илм-фан ва амалиёт даргоҳларида билимдон олиму-фузалоларнинг тўпланиши б-н, шубҳасиз, Манбашуносликка эътибор кучаяди. Бу даврда амалий Манбашунослик фаолияти бирмунча кенгайиб қўлёзма манбаларни илмий жиҳатдан тадқиқ қилишга киришилади. Ёзма асарларни тўплаш, сақлаш ва нусхалар кўчириш, ноёбларини ўзга тиллардан таржима қилиш билан бир қаторда асар матнларини қисқартириш, сўнгги маълумотлар киритилиб, қисман бўлсада, уларни тўлдириш ишлари каби таҳририят ишлари ҳам амалга оширилади. Биргина «Байт ул ҳикмат»да 9—11-а. ларда ўртаосиёлик олимлардан Яҳё ибн Абу Мансур, Мусо ал-Хоразмий, Холид Марваррудий, Абул Аббос Жавҳарий, Аҳмад Марвазий, Абул Фазл ибн Турк Хутталоний, Аҳмад Фарғоний, Бону Мусо, Аҳмад Сарахсий, Абу Ҳомид Сағоний, Абдуллоҳ ибн атТурк, Абу Бакр ар-Розий, Абу Наср Форобий, Талха Хузоий, Али ибн Раббон атТабарийлар фаолият кўрсатган эдилар. Бағдодда кутубхоналар очилиб Шарқ ва Ғарб антик дунёсининг илмий ва маънавий мероси ўрганилади. Ҳинд, юнон, сурёний, пахлавий, санкскрит тилларидан кўпгина асарлар араб тилига таржима қилинади.

10—12-а. ларда Мовароуннаҳрда тарих ва геогр. га қизиқиш ва маҳаллий аҳоли тилида ёзилган асарларга бўлган эҳти-ёжнинг ортиши билан тарихий китоблар араб тилидан форс тилига таржима қилина бошлади. Айни шу даврда Гардизийниж «Зайн ул-ахбор» («Хабарлар кўрки»), Байҳақийиннг 30 жилдли «Тарихи оли Маҳмуд» («Маҳмуд хонадони тарихи») тарихий асари, Мажи-дуддин Аднонинг «Тарихи мулуки Туркистон» («Туркистон мамлакати тарихи»), Абу Бакр Муҳаммад Наршахийнинг «Тарихи Бухоро» каби асарлари арабчадан форс тилига таржима қилинган.

943—944 й. ларда араб тилида ёзилган «Бухоро тарихи» китобининг таржимони ва мухаррири Абу Наср Ахмад Кубовий асарнинг араб тилидан форс тилига таржима қилиниши ҳақида қуй-идагиларни ёзган эди: «…Кўпчилик кишилар араб тилида ёзилган китобни ўқишга рағбат кўргазмаганликлари сабабли, дўстларим мендан у китобни форс тилига таржима қилишни илтимос қшшилар… 522 й. нинг жумад ул-аввал ойида» (1128 й. май) китобни форс тилига таржима қилдим. Бирок, араб тилидаги нусхада керақсиз ва бунинг устига ўқиганда [киши] табиатига малоллик орттирадиган нарсалар [ҳақида ҳам] сўзланган экан. У нарсаларнинг баёни [таржимага] киритилмади». 1178 й. да эса «Тарихи Бухоро» китоби Муҳаммад ибн Зуфар томонидан 2марта қисқартирилди ва таҳрир этилиб қайта баён этилди. Ушбу асарнинг 2 марта қисқартирилиб қайта ёзилган нусхаси ҳоз. кунгача сақланиб қолган.

Ўрта асрларда Манбашуносликда тарихий асардан нусха кўчириш билан бир қаторда уларнинг таржимаси муҳим ўрин тутган. Асар матнларини кўчириб, таржима қилишда, айниқса, жой номлари (топоним), сувлар (гидроним), тоғлар (ороним)лар ҳамда шахс исмларини аниқ ва тўғри ёзилиши, бузилиш ҳоллари ҳамда ўзга тилларга ағдариш оқибатида юзага келган ўзгаришлар каби масалаларга жиддий аҳамият берилган. Абу Райҳон Беруний «Ҳиндистон» асарида бу ҳақда қуйидагиларни таъкидлайди: «Бошқа халқ маҳаллий номларни бузиб талаффуз этади… тили бошқа бўлган қабилалар бирон жойни эгаллаганларида номлар тезтез ўзгариб туради… номларнинг маъносини бошқа тилга таржима қилганда ёки талаффузини осонлаштирадиган товушлар билан ёзганда номлар ўзгариб кетади. Кўпинча, араблар чет эл номларини, арабчалаштириб, шундай ўзгартирадилар ва бузиб айтадилар» («Ҳиндистон»). Mac, Хасарт (Сирдарё) бўйидаги шаҳарни туркий аҳоли Янгикент ва Жаникент, араблар «Қарият улҳадиса» (Янги қишлоқ) ва «Мадинат ул-Жадида» (Янги шаҳар), тожиклар Деҳинав деб аташган.

Шy боисдан ўрта аср М. да кутубхоналарда фаолият кўрсатадиган таржимон, мусанниф ва котиблар танловида уларнинг туб жойлигига алоҳида эътибор билан қаралган. Чунки қўлёзма матнларининг бехато кўчирилиши, жой номларининг бузилмасдан тўғри ёзилиши ва тарихий асар таржималарининг бенуқсонлиги кўп жиҳатдан котибу мусаннифларнинг лингвистик салоҳиятига боғлиқ бўлган.

Абулғозий Баҳодирхон «Шажарайи турк» номли асарини ёзишга киришганида Рашидуддин Фазлуллоҳнинг «Жоме аттаворих» ва «Чингизнома» каби китоблар ва уларнинг нусхаларидан истифода этгани ҳақида ёзар экан китоб нусхаларининг қайтақайта кўчирилиши оқибатида матнларининг де-ярлик ярми ғализ бўлиб қолганини таъкидлайди.

Манбашунослик тарих фанининг махсус соҳаси ва алоҳида тадқиқот предмети сифатида 19-а. нинг 2-ярми — 20-а. бошларида шаклланди. Манбашуносликнинг ривожида Ғарбий Европа ва Россия олимларидан Г. Дройзен, Э. Бернгейм, Э. Фримен, Ш. В. Ланглуа, Ш. Сеньобос, Н. М. Карамзин, В. Н. Татишчев, С. М. Соловьев, Н. И. Костомаров, В. О. Ключевский, А. А. Шахматов, А. С. Лаппо — Данилевский ва б. олимларнинг тадқиқотлари ва асарлари муҳим аҳами-ят касб этди.

Бу даврда Шарқ қўлёзма асарларини тўплаш, тадқиқ этиш, бошқа тилларга таржима қилиш ва нашрдан чиқариш б-н боғлиқ илмий-амалий ишлар йўлга солиниб, Манбашуносликнинг илмийназарий услуб ияти ишлаб чиқилди. Бу борада СанктПетербург каби қатор и. т. марказларида фаолият кўрсатган шарқ-шунос олимлар — В. В. Бартолъд, В. В. ВельяминовЗернов, Н. И. Веселовский, В. В. Григорьев, В. А. Жуковский, К. Г. Залеман, Н. И. Ильминский, П. М. Мелиоранский, В. В. Радлов, В. Р. Розен, А. Н. Самойлович ва б. нинг хизматлари катта бўлди.

Туркистонда бу даврда, бошланғич тусда бўлсада, археология, этн. ва нумизматикага оид топилма ва маълумотларни тўплаш, тадқиқ этиш, кўргазма ва музей фондларини ташкил қилиш бошланади. Тошкент, Самарқанд ва Бухорода (В. В. Бартольд, В. Л. Вяткин, В. В. Григорьев, В. А. Жуковский, Л. А. Зимин) дастлабки археологик қазишлар ўтказилади. Бу изланишлар ва маҳаллий ҳаваскор ўлкашунослар (Акрам Аскаров, Мирзо Абдуллоҳ Бухорий, Муҳаммад Вафо) жалб этилади.

Ўзбекистонда шўролар даврида, гарчи фанга маълум даражада аҳамият берилиб, етук мутахассис олимлар вояга етиб, Манбашунослик фани илмий-амалий жиҳатда йўлга қўйилган бўлсада, аммо шўроларнинг тузуми худбинлик ва маҳцудлик мафкураси туфайли бутун бир тарихий даврлар (Амир Темур ва темурийлар), ўзбекона Шарқ маънавияти, серқирра давлатчилик ва хўжалик юритиш ҳамда халқнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаёти билан узвий боғланган сулолалар шажараси ва маърифат мактаблари тарихига доир ноёб ёзма манбалар ва ҳужжатлар тадқиқот режаларидан четда қолди.

Ўрта Осиёда олий таълим тизими ва илмий тадқиқот ин-тлари ташкил то-пиб кенг кўламда ривожланиши б-н тарихий тадқиқот ишлари йўлга қўйилди. Ўзбекистонда, хусусан, ФА тизимида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик, Тарих ва Археология ин-тларида олиб борилган и. т. лар натижасида Манбашунослик алоҳида фан сифатида шаклланди ва тараққий топди. Ўрта аср Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш, таржима қилиш ва уларни тўла шарҳлар билан нашр қилиш иши кенг ривожланди.

Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқшунослик ин-тининг Шарқ қўлёзмалар фондида 150 мингдан ортиқ, шу жумладан, 26 минг жилд қўлёзма, 28 минг жилд босма асарлар сақланади (2003). 1952—2000 й. лар мобайнида «Шарқ қўлёзмалари тўплами»нинг 11 жилди нашр этилди. Мазкур тўпламларда фаннинг турли соҳалари бўйича 8 мингдан ортиқ араб, форс, ўзбек ва б. тилларда ёзилган қўлёзмалар шарҳлаб берилган.

Шулар билан бир қаторда бу даврда ўрта асрларнинг машҳур мутафаккирлари Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари»; Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», «Ҳиндистон», «Геодезия», «Масъуд қонуни», «Маъданшунослик», «Фармакогнозия», «Мунажжимлик санъати бошланғич тушунчалар»; Абу Бакр Розийнинг «Сирлар сири китоби»; Али Қушчининг «Астрономияга оид рисола»; Мирзо Улуғбекнинг «Кўрагонийнинг янги жадвали», «Тўрт улус тари-хи»; Абу Бакр Наршахийнинг «Бухоро тарихи»; Абул Фазл Байҳақийнинг «Масъуд тарихи»; Ибн Арабшоҳнинг «Амир Темур тарихи»; Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома»; Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий»; Ҳофиз Таниш алБухорийнинг «Абдулланома»; Муҳаммад Юсуф Муншийнинг «Муқимхон тарихи»; Мир Мухаммад Амин Бухорийнинг «Убайдулланома»; Мирзо Бадеъ Девоннинг «Рақамлар йиғиндиси»; Мирзо Абдулазим Сомийнинг «Манғ-ит хонлари тарихи» ва б. кўпгина қўлёзма манбалар ўзбек ва рус тилларида нашр этилди. Шунингдек, Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон тарихига доир муҳим расмий ҳужжатлар (вақфнома, васиқа, гаровнома, тилхат ва б.)ни каталоглаштириш ва тадқиқ қилиш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. 14 — 16-а. лар ва 20-а. расмий ҳужжатлари (П. П. Иванов, О. Д. Чехович, Р. Г. Мукминова) чоп қилинди. Хива, Кўқон хонликлари ва Бухоро амирлиги архив материалларини тадқиқ этишга киришилди. А. Л. Троицкая томонидан «Қўқон хонлиги архив ҳужжатлари» каталоги, А. Р. Муҳаммаджонов таҳрири остида «Бухоро амирлиги жой номлари» (ҳужжатлар фото факсимили б-н) китоби нашр этилди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-ти қўлёзма асарлар фондида сақланаётган манбаларни соҳа фанлари бўйича шархлаш ва каталоглаштириш устида жиддий тадқиқот ишлари олиб борилди. 1997 — 2001 й. лар мобайнида «тарих», «табиий ва аниқ фанлар», «табобат», ЮНЕСКО ҳамкорлигида «Шарқ мини-атюралари», Япониянинг Киото унти билан биргаликда «Хиванинг қозилик ҳужжатлари» (19-а. охири — 20-а. бошлари) каби тўпламкаталоглар нашрдан чиқарилди. Бу махсус тўпламларда араб, форс, ўзбек тилларида ёзилган 4300 дан зиёдроқ қўлёзма манбалар қисқача шарҳланган. Булардан ташқари, бу даврда «кабртошлар эпиграфикаси» билан шуғулланилади. 1997 й. да Висбаден ш. да доктор Людвиг Райхерт нашриётида «Шайбонийлар қабр тошларидаги битиклар» (Б. Бобожонов, А. Мўминов, Ю. Пауль) ўзбек, немис ва рус тилларида чоп этилди. Бу узига хос битиклар тўпламида 16-а. га мансуб 84 та қабртош ёзувлари шарҳланган. Қаб-ртош эпиграфикаси Манбашуносликда алоҳида соҳа бўлиб, ўрта асрларда бутун ислом ду-нёсида, шу жумладан, Ўрта Осиёда кенг тарқалган ёзув санъати ҳисобланади.

Ўзбекистонда Манбашуносликнинг тараққиётига С. А. Азимжонова, М. А. Салье, А. А. Семёнов, А. К. Аренде, П. Г. Булгаков, И. Абдуллаев, Б. Аҳмедов, Б. Валихўжаев, Б. Ваҳобова, А. Б. Вильданова, Л. М. Епифанова, Р. Жалилова, Н. И. Иброҳимов, А. Ирисов, У. И. Каримов, С. Мирзаев, Қ. Муниров, С. Муталибов, Г. Останова, А. П. Қаюмов, А. Расулов, А. Рустамов, Ҳ. Сулаймонов, У. Уватов, Т. Файзиев, А. Хўжаев, X. Ҳикматуллаев, Ш. М. Шоисломов, Олим Шарафуддинов, П. Шамсиев, Д. Юсупова, А. Ўринбоев каби олимлар катта ҳисса қўшдилар. Уларнинг саъйҳаракатлари ва бетиним тадқиқотлари туфайли Ўзбекистонда миллий Манбашунослик мактаби ташкил топди. Ҳоз. кунда бу мактабда Б. Абдуҳалимов. А. Айтбоев, Б. Бобожо-нов, О. Бўриев, Ғ. Жўраева, Ҳ. Кароматов, С. Каримова, А. Мадраимов, X. Тўраев, М. Ҳасаний каби манбашунос тадқиқотчилар ижод қилмоқдалар.

Ад.: Муҳаммаджонов А. Р., Неъматов Т., Бухоро ва Хиванинг Россия билан муносабатлари тарихига дойр баъзи манбалар, Т., 1957; Источниковедение истории XIX — начала XX в (учебное пособие), М., 1970; Азимджанова С. А., Востоковедение (в Узбекистане) в книге «Наука в Узбекистане», т. 2, Т., 1974; Лунин Б. В., Историография общественных наук в Узбекистане, биобибл. очерки, Т., 1974; Фас их Ахмад ал-X а в а ф и , Муджмал-и Фасихи (Фасихов свод), пер. с персид, прим. и указатели Юсуповой Д. Ю., Т., 1980; Мирза Бади’Ди-в а н , Маджма’аларкам («Предписания фиска»), (Приемы документации в Бухаре XVIII в.) Факсимиле рукописи. Введение, пер., прим. и прилож. Вильдановой А. Б., 1981; Ҳофиз Таниш ал-Бухорий, Абдулланома, «Шараф-номаий шоҳий», 1—2-китоб, Форс тилидан С. Мирзаев таржимаси, сўзбоши ва изоҳлар Аҳмедов Б., Т., 1999—2000; Населенные пункты Бухарского эмирата, Материалы к исторической географии Средний Азии. Под. ред. Мухаммеджанова А. Р., Составители: Юлдашев И., Убайдуллаев К., Чехович ОД., Хакимова К. 3., Т., 2001; Шайбонийлар қабртошларидаги битиклар. Каталог. Нашрга тайё’рловчилар: Бобожонов Б., Мўминов А., Пауль Ю., Висбаден, 1997; Каталог Хивинских казийских документов XIX — нач. XX вв., сост. Уринбаев А., Хорикава Т., Файзиев Т., Джураева Г., Исогай К., Ташкент – Киото, 2001.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов.


Кирилл алифбосида мақола: МАНБАШУНОСЛИК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ИБН СИНО
ФИЗИКА
АЛИШЕР НАВОИЙ
ГЕОГРАФИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты