КАТТА ОИЛА, катта патриархал оила, оила жамоаси — оиланинг тарихий шаклларидан бири. Катта оила ота томондан қариндошлик, уруғ-аймоқликка асосланган, бир неча оға-ини, уларнинг хотинлари, ўғиллари, келинлари, эрга тегмаган қизлари, набиралари (3 ёки ундан ортиқ авлод) ҳисобига 20—30, айрим жойларда 100 дан ортиқ кишилардан ташкил топган хўжалик гуруҳидир. Оиланинг бу шакли Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида «катта оила», Қашқадарё вилоятида «бир қозон», «катта рўзғор», Зарафшон водийсида «ота уйи», Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида «катта ота уйи» номлари билан юритилади. Тарихий манбаларга кўра, Катта оила турли даврларда жаҳондаги деярли барча халқларда мавжуд бўлган. Ўрта Осиёда мил. ав. 1-минг йилликда вужудга келиб, мил. ав. 7—3-а. ларда кенг тарқалган ва милод бошларида мустақил қарор топган. Катта оила ривожланиш босқичи шаҳарларда ва тараний этган ҳудудларда милоднинг дастлабки минг йиллиги ўрталарида, кўчманчи аҳоли яшаган минтақаларда эса 10—12-а. ларга тўғри келади. Катта оиланинг иқтисодий асосини оила ихтиёридаги и. ч. воситалари: ер, чорва моллари ташкил қилган. Оила аъзолари томонидан яратилган барча бойликлар, даромадлар ўртада бўлган. Шунингдек, истеъмол соҳасида ҳам Катта оиланинг барча аъзолари тенг қатнашган. Катта оила айни пайтда содда и. ч. бирлашмаси бўлган. Катта оила ўтроқларда — катта биноларда, кўчманчиларда — ўтов-капаларда яшаган ва оиладаги ҳар бир эр-хотин учун маълум жой ажратиб берилган. Оила аъзолари ўртасидаги муносабат патриархал характерда бўлган. Ёши энг улуғ (айрим оилаларда обрўли ва тадбиркор) киши оила бошлиғи ҳисобланган. У оиланинг хўжалик фаолиятига раҳбарлик қилган. Оиланинг ички рўзғор ишлари оила бошлиғининг ёрдамчиси ҳисобланган катта аёл (кўпинча оила бошлиғининг хотини) томонидан бошқарилган. Ўғиллар ёшига қараб навбат билан уйлантирилган (аҳолининг кўпчилиги ўз уруғидан қиз олиб, ўз уруғига қиз узатганлар). Келин туширишда тўланадиган қалин ҳам оиланинг умуммулкидан берилган. Бундам оилаларда никоҳнинг левират ва сорорат шакллари ҳам мавжуд бўлган. Оила жамоаси ичида Катта оила хўжалик юритишда четдан тирикчилик воситалари сотиб олмай ва четга ҳеч нарса сотмай тирикчилик ўтказишга ҳаракат қилган. Савдо-сотиқ ва товар и. ч. нинг вужудга келиши билан Катта оилалар ҳам бозор учун маҳсулот (мас, қоракўл тери, жун, гилам, чакмон ва ҳ. к.) ишлаб чиқара бошлаган. Оила жамоасининг айрим аъзолари учун четдан пул топиш, ёлланиб ишлаш имконияти пайдо бўлган. Шундай қилиб, оилада айрим кишиларга тегишли шахсий мулк пайдо бўлиб, кўпайиб борган. Хусусий мулкчилик, шахсий мулкнинг ортиши (ёки бошқа хусусий сабаблар, мас, очарчилик, вабо, оила бошлиғининг вафоти каби сабаблар) натижасида, Катта оила тарқалиб кета бошлайди. Катта оила ўрнига кичик оилалар вужудга келади. Лекин, деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ва б. хўжалик шакллари ўртасидаги иқтисодий ривожланиш даражасининг турлича бўлиши сабабли Катта оила кичик оила билан бир қаторда узоқ давр яшаб келди (унинг қолдиқлари элат, тўп, қорақалпоқларда коше, тожикларда қавм деб аталган).
Ўрта Осиёга товар-пул муносабатларининг кириб келиши Катта оилани емира бориб, натижада индивидуал кичик оила, оиланинг асосий ва кенг тарқалган шакли бўлиб қолди (яна қ. Кичик оила, Никоҳ, Оила).
Ад.: То л с то в СП., Древний Хорезм, М., 1948; Кисляков Н. А., Очерки по истории семьи и брака у народов Средней Азии и Казахстана, Л., 1969; Шаниязов Катта оила, Узбеки — карлуки; Бўриев О., Шоймар-донов И ., Насриддинов К., Узбек оиласи тарихидан, Т., 1995.