МАДАНИЙ ЎСИМЛИКЛАРНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ МАРКАЗЛАРИ — Ер шарида ўсимликларнинг муайян турлари дастлаб маданийлаштирилган (деҳқончиликда экилган) ва уларнинг генетик хилма-хиллиги энг кўп бўлган географик марказлар. Маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказлари тўғрисидаги таълимот маданий ўсимликлар селекцияси ва уларнинг навларини яхшилаш учун бошланғич материалларга эҳтиёжлар туфайли юзага келган. Унга Ч. Дарвиннинг биологик турларнинг келиб чиқишида географик марказларнинг мавжудлиги тўғрисидаги ғоялари асос бўлган. 1883 й. да швейцариялик ботаник олим А. Декандоль энг асосий маданий экинлар бирламчи келиб чиққан географик ўлкаларни таърифлаб берди. Лекин унда жуда кенг ҳудудлар кўрсатилган бўлиб, айримларининг майдонлари деярли қитъалар чегараларига тўғри келар эди. 1925—39 й. ларда Маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказлари назариясини энг изчил ҳолда Н. И. Вавилов ишлаб чиқди. Н. И. Вавилов ўзи ва б. ботаник олимлар томонидан илмий экспедицияларда тўпланган жаҳон ўсимлик ресурслари (250000 га яқин намуналар коллекцияси) тўғрисидаги жуда катта материалларга таянган ҳолда Маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказларининг 8 та асосий географик маркази ёки ўчоқларини кўрсатиб берди: Хитой маркази (соя, тариқ, турли сабзавот ва мевали экинлар ватани); Ҳиндистон маркази (маданий ўсимликлар турларининг деярли 1/3 қисми; шоли, шакарқамиш, баклажон, бодринг, мевали экинлар ватани); Ўрта Осиё маркази (нўхат, чина, кунжут, махсар, ясмиқ, кўпгина сабзавотлар — пиёз, саримсоқ, исмалоқ, мевалар — ўрик, нок, ток, бодом ватани); Ғарбий Осиё маркази (буғдойнинг кўпгина турлари, икки қаторли арпа, жавдар, беда, карам турлари, сабзи, анжир, анор в б.); Ўрта денгиз, маркази (зайтун, цератония дарахти, жуда кўп озуқа ва сабзавот экинлари ватани); Эфиопия маркази (буғдой, арпа, мойли экинлар, бананнинг алоҳида бир тури, кофе дарахти ва б. ватани); Марказий Америка маркази (90 га яқин озиқовқат, техника ва доривор ўсимликлар, шу жумладан, маккажўхори, узун толали ғўза, ловиянинг бир неча тури, қовоқ, какао, мевали ўсимликларнинг кўпгина турлари ватани); Жанубий Америка маркази (кўпгина илдизмевали ўсимликлар, биринчи навбатда, картошка, ока, хина дарахти ва кока буталари ватани).
Ўтмишда айрим ўсимликлар бу асосий марказлардан четда маданий экинларга айлантирилган. Лекин бундай ўсимликлар сони жуда кам. Н. И. Вавилов бирламчи (энг кад.) ва иккиламчи (деҳқончилик минтақалари ўртасида товар айирбошлаш ва ўзаро алоқаларнинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда кейинчалик пайдо бўлган) Маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказлари борлигини кўрсатади. Агар илгари Дажла, Фурот, Ганг, Нил ва б. йирик да-рёлар водийлари қад. деҳқончилик марказлари бўлган, деб ҳисобланган бўлса, Н. И. Вавилов деярли барча маданий экинлар тоғли, тропик, субтропик ва мўътадил минтақаларда пайдо бўлганлигини кўрсатиб берди. Етиштирилаётган кўпчилик маданий экинларнинг асосий географик марказлари факат ўсимлик бойликларидан ташқари энг қад. деҳқончилик маданияти билан ҳам боғликдир. Ҳиндистон маркази қад. Ҳиндистон ва Ҳиндихитой маданияти б-н, Ўрта Осиё маркази 6 минг йиллик тарихга эга бўлган этрус, эллин ва Миср маданияти билан боғлиқ ва ҳ. к. Шундай қилиб, ёввойи ўсимликлардан фойдаланишда уларнинг сифат таркиби, ривожланган деҳқончилик маданияти ва тегишли равишда йирик-йирик аҳоли манзилгоҳларининг мавжудлиги катта роль ўйнаган.
Н. И. Вавиловнинг шогирди П. М. Жуковский ўсимлик генофондлари (қ. Генетик фонд) бўйича дунё миқёсида тўпланган жуда катта маълумотларни таҳлил қилиш асосида маданий ўсимликлар келиб чиққан ва янги шакллар пайдо бўлган 12, жумладан, 4 та мегаген марказларини ажратди (харитага қ.). Булардан ташқари, маданий ўсимликларга генетик жиҳатдан қариндош эндемик ёввойи турларнинг ажралиб (алоҳида бўлиб) қолиши туфайли пайдо бўлган 12 та микромарказ ҳам ажратилган.
Маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказлари ҳақидаги таълимотнинг асосий назарий моҳияти маданий ўсимликларда тур ҳосил бўлиш жараёнининг муайян географик жойга боғлиқлигини кўрсатишдир. Н. И. Вавилов кашф қилган ирсий ўзгарувчанликдаги гомологик қаторлар қонуни катта амалий аҳамиятга эга бўлиб, амалий селекцияда қимматли бошланғич материал бўла оладиган, муҳим хўжалик белгиларининг нодир генларига эга ўсимликларнинг янги шаклларини яратишига имкон беради. Маданий экинларнинг аксарияти деҳқончиликда 5 — 8 минг йилдан бери экилади. Ўсимликлар маданийлаштирилган сари ўз марказидан узоқлашиб янги тупроқ-иқлим шароитларда экила бошлайди. Сунъий ва табиий танланиш натижасида ўсимликларнинг генотиплари, морфологик ва биологик белгилари узгаради. Генотип ўзи шаклланган минтақасидан бошқа минтақаларга тарқалган сари унинг биол. га мос шароит технологик тадбирлар орқали яратилади. Мас, маккажухори яхши тупланадиган ва сершохли типик қисқа кунли тропик ўсимлигидир, аммо янги навлари ва дурагайлари 55° шим. кенгликда экилади; соя иссиқсевар ўсимлик, 3500—4000° фойдали ҳарорат йиғиндисини талаб этади, аммо унинг шим. экотипи 1750—1800° да пишади. Н. И. Вавилов ва б. олимларнинг меҳнати туфайли [мас., Ўзбекистон ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси ин-тида ғўзанинг келиб чиқиши марказларига акад. А. Абдуллаев бошчилигида Мексика (1975), Перу (1984), Шри Ланка, Ҳиндистон, Хитой (1989— 90), Австралия (1997)га эк-спедициялар уюштирилган] Ер шарининг турли мамлакатларига ўтказилган жуда кўп ботаник экспедициялар натижасида фақат миқдор эмас, балки хилма-хиллиги жиҳатидан ҳам бой бўлган, жаҳондаги энг йирик ва ноёб маданий ўсимликлар ҳамда уларнинг ёввойи аждодлари коллекдиялари яратилган. Дунё коллекцияси намуналаридан фойдаланиш асосида турли қ. х. экинларининг 1200 дан ортиқ навлари яратилган.
Маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш ва шакл ҳосил қилиш мегамарказлари (П. М. Жуковский) I. Хитой-Япония (соя, юм-шок буғдой, тариқ, қўноқ, маржумак ва б. ватани).
II. Индонезия-Ҳиндихитой (сули, шакарқамиш, банан, мурч, сабзавот экинлари).
III. Австралия (ёввойи шоли турлари, австралия ғўзалари, себарга турлари, тамаки, эвкалипт, тропик дарахтлар турлари).
IV. Ҳиндистон (шоли, ҳинд буғдойи, шакарқамиш, осиё ғўза турлари, бақлажон, бодринг, манго).
V. Ўрта Осиё (Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон, Ғарбий Тяньшан тоғлари; кўк нўхат, хашаки дуккаклилар, нўхат, мош, афғон жавдари, махсар, ясмиқ, ўрик, шафтоли, олма, қовун, ғўза турлари ва б.).
VI. Ғарбий Осиё (Тоғли Туркманистон, Эрон, Закавказье, Кичик Осиё, Арабистон я. о. ; буғдой турлари, арпа, жавдар, сули, беда, ток, чирмашиб ўсадиган зиғир, нок, гилос, анжир, анор, қовун, сабзавот экинлари).
VII. Ўрта денгиз (зайтун, сули, буғдой турлари, дуккакли экинлар, себарга турлари, зиғир, карам, лавлаги, сабзи, шолғом, турп, пиёз, саримсоқ, кўкнор, оқ хантал).
VIII. Африка (жўхори турлари, тариқ, канакунжут, шоли, мойли пальма, дуккакли экинлар, кунжут, кофе, ғўза турлари).
IX. Европа-Сибирь (толали зиғир, дурагай себарга, беда турлари, кендир, хмел, наша, мева, сабзавот экинлари).
X. Марказий Америка (маккажўхори, узун толали ғўза турлари, ловия, кунгабоқар, қовоқ, махорка, қалампир, картошка турлари, кўп йиллик ўсимликлар).
XI. Жанубий Америка (маданий картошка, помидор, тамаки, ананас, кўп йиллик арпа, ер ёнғоқ, гурчсимон (чатнайдиган) маккажўхори турлари).
XII. Шимолий Америка (арпа турлари, люпин турлари, кўп йиллик ўтсимон кунгабоқар турлари, мева, сабзавот, резавор ўсимликлар).
Ад.: Жуковский П. В., Мировой генофонд растений для селекции, Л., 1970; Синская Е. Н., Историческая география культурной флоры, Л., 1969; Ҳасанов У. Ҳ., Маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказлари, Т., 1989.
Ҳалима Отабоева.