МАДАНИЯТ — жамият, инсон ижодий куч ва қобилиятлари тарихий тараққиётининг муайян даражаси. Кишилар ҳаёти ва фаолиятининг турли кўринишларида, шунингдек, улар яратадиган моддий ва маънавий бойликларда ифодаланади. «Маданият» тушунчаси муайян тарихий давр (антик Маданият), конкрет жамият, элат ва миллат (ўзбек Маданияти), шунингдек, инсон фаолияти ёки турмушининг ўзига хос соҳалари (мас, меҳнат М. и, бадиий Маданият, турмуш Маданияти)ни изохлаш учун қўлланилади. Тор маънода «Маданият» атамаси кишиларнинг фақат маънавий ҳаёти соҳасига нисбатан ишлатилади.
«Маданият» арабча мадина (шаҳар) сўзидан келиб чиққан. Араблар кишилар ҳаётини икки турга: бирини бадавий ёки саҳроий турмуш; иккинчисини маданий турмуш деб атаганлар. Бадавийлик — кўчманчи ҳолда дашту саҳроларда яшовчи халқларга, маданийлик — шаҳарда ўтроқ ҳолда яшаб, ўзига хос турмуш тарзига эга бўлган халқларга нисбатан ишлатилган.
Ўрта аср маданиятининг буюк намояндалари Абу Али ибн Сино, Беруний ва б. шаҳар турмуш тарзини жамоанинг етуклик шакли сифатида талқин қилганлар. Mac, Форобий фикрича, ҳар бир инсон ўз табиатига кўра, «олий даражадаги етукликка эришиш учун интилади», бундай етукликка фақат шаҳар жамоаси орқалигина эришилади. Унинг таъкидлашича, «маданий жамият ва маданий шаҳар (ёки мамлакат) шундай бўладики, бу мамлакатда ҳар бир одам касб-хунарда озод, ҳамма баббаравардир, кишилар ўртасида фарқ бўлмайди, ҳар ким ўзи истаган ёки танлаган касб-ҳунар б-н шуғулланади. Одамлар чин маъноси билан озод яшайдилар». Алишер Навоий етук ахлоқ, маърифатли ва адолатли жамият, жамоа масаласини қайд этиш билан бирга, маънавий юксакликка эришишнинг асосий мезони деб инсонпарварлик ғояларига мувофиқликни тушунди.
19-асрнинг иккинчи ярмида майдонга келган демократикмаърифатпарварлик ҳаракатининг намояндалари Муқимий, Фурқат, Завқий, Аҳмад Дониш, Аваз Ўтар, Комил Хоразмий ва б. халқни Маданият ли қилишнинг омили илммаърифатни эгаллашда деб билдилар. Улар ўрта аср жаҳолатига қарши халқ ўртасида илммаориф ва Маданиятни зўр эҳтирос билан тарғиб қилдилар. Мас, Фурқат фикрича, илмфан бир машъ-ал бўлиб, инсониятнинг бахт-саодат йўлини ёритиб туриши керак.
19-а. нинг охири ва 20-а. нинг бошида Туркистонда вужудга келган жадидчилик ҳаракати намояндалари, Мунавварқори Абдурашидхон ўғли, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний ва б. ўзларининг маърифатпарварлик ишлари б-н М. ривожига муҳим ҳисса қўшдилар. Улар турли газ. ва жур. лар чиқардилар, нашриёт ва босмахоналар ташкил этдилар, кутубхоналар, театрлар, янгича мактаблар очдилар, ўтмиш маданиятимизни, тарихимизни тарғиб қилдилар, дунёвий билимларни чуқур эгаллашга даъват этдилар. Маърифатчиликнинг кенг қулоч ёйиши самараси ўлароқ, халқнинг умуммаданияти юксала борди.
Европада «Маданият» дейилганда дастлаб инсоннинг табиатга кўрсатадиган мақсадга мувофиқ таъсири, шунингдек, инсонга таълимтарбия бериш тушунилган (лот. cultura — ерни ишлаш, парваришлаш; русчадаги «культура» сўзи ҳам шундан олинган). Маданият фақат мавжуд норма ва урф-одатларга риоя қилиш қобилиятини ривожлантиришни эмас, балки уларга риоя қилиш истагини рағбатлантиришни ҳам ўз ичига олган. Маданиятга бундай икки ёқлама ёндашув ҳар қандай жамиятга хос (мас, Қад. Хитойда жэнь, Ҳиндистонда дхарма). Эллинлар «маданиятсиз» варварлардан ўзларининг асосий фарқини «пайдей», яъни «тарбияланганлик»да деб билганлар. Қад. Римнинг сўнгги даврларида «Маданият» тушунчаси ижтимоий ҳаётнинг шаҳар турмуш тарзини ифодаловчи мазмунлар билан ҳам бойиган ва ўрта асрларга келиб кенг тарқалган. Бу тушунча кейинчалик келиб чиққан цивилизация тушунчасига яқин туради.
Европада Маърифатчилик даврида Маданият ва цивилизациянинг «танқиди» вужудга келди (Ж. Ж. Руссо). Бунда «маданий» миллатларнинг бузилганлиги ва ахлоқий тубанлашганлигига тараққиётнинг патриархал босқичида бўлган халқлар ахлоқининг соддалиги ва софлиги қарши қўйилди. Немис файласуфлари бу зиддиятли ҳолатдан чиқишнинг йўлини «руҳ» доирасидан, ахлоқий (И. Кант), эстетик (Ф. Шиллер, романтиклар) ёки фалсафий (Г. Гегель) онг доирасидан қидирдилар. Улар бу онг соҳаларини ҳақиқий Маданият ва инсон тараққиётининг омиллари деб билдилар. 19-а. охиридан бошлаб «локал цивилизация» (О. Шпенглер) деган қараш юзага келди. Бу ғоя цивилизацияни муайян жамият тараққиётининг сўнгги босқичи сифатида олиб қаради.
Фан-техника тараққий топган шаро-итда кўпгина социологлар ва маданиятшунослар Маданиятнинг ягона ғоясини изчил амалга ошириш мумкин эмас, деган қоидани илгари сурдилар. Бу полицентризм, Ғарб билан Шарқнинг азалдан қарама-қаршилиги ва ижтимоий тараққиётнинг бошқа умумий қонуниятларини инкор этувчи назарияларида ўз ифодасини топди.
Маданиятнинг илмий, тарихий концепцияларига қарама-қарши ўлароқ, марксистик назария ижтимоий-иқтисодий формациялар ҳақидаги, ишлаб чиқарувчи кучлар б-н ишлаб чиқариш муносабатларининг ўзаро муносабати ҳақидаги қоидалардан келиб чиқиб, антагонистик жамиятларда Маданиятнинг синфий характери ҳақидаги қоидаларни илгари сурди. Антагонистик формацияларда ҳар бир миллий Маданиятда икки Маданият борлиги ҳақидаги ленинча қараш «ҳукмрон эксплуататорлик» М. ига «прогрессив демократик» ва «социалистик» М. элементларини қарама-қарши қўйди. Ана шу қоидадан келиб чиқиб, мустабид совет тузуми даврида амалга оширилган «маданий инқилоб» натижасида кўпгина халқлар Маданият ининг ажойиб дурдоналари йўқ қилиниб, маданий мероснинг миллий илдизлари барбод этилди.
Маданият — умуминсоний ҳодиса, фақат бир халққа тегишли, фақат бир халқнинг ўзигина яратган соф Маданият бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳар бир миллий Маданиятнинг асосий қисмини шу миллат ўзи яратган бўлсада, унда жа-ҳон халқлари яратган умуминсоний Маданиятнинг улуши ва таъсири бўлади, албатта. Маданият ҳеч қачон синфий ҳодиса бўла олмайди. У барчага баравар хизмат қилади. Мас, санъат ва адабиёт дурдоналари, меъморлик обидалари, мақомлар, фан ютуқлари ва б. барчага тегишлидир.
Маданият кишилар фаолиятининг фақат моддий натижалари (машиналар, техник иншоотлар, санъат асарлари, ҳуқуқ, ахлоқ нормалари ва ҳ. к.)ни эмас, шу билан бирга, кишиларнинг меҳнат жараёнида воқе бўладиган субъектив куч-қувватлари ва қобилиятлари (билим ва кўникмалари, и. ч. ва профессионал малакалари, интеллектуал, эстетик ва ахлоқий камолоти, дунёқараши, уларнинг жамоа ва жамият доирасидаги ўзаро муомалалари)ни ҳам ўз ичига олади.
И. ч. нинг 2 асосий тури — моддий ва маънавий и. ч. га қараб Маданият моддий ва маънавий Маданиятга бўлинади. Моддий Маданият моддий фаолиятнинг барча соҳаларини ҳамда унинг натижалари (меҳнат қуроллари, турар жой, кундалик турмуш буюмлари, кийим-кечак, транспорт, алоқа воситалари ва б.)ни ўз ичига олади. Маънавий маданиятга онг, маънавият соҳалари киради (билим, ахлоқ, таълимтарбия, ҳуқуқ, фалсафа, этика, эстетика, фан, санъат, адабиёт, мифология, дин ва б.).
Ҳар бир жамият ўз Маданият типига эга. Жамиятларнинг алмашиниши билан Маданият типи ҳам ўзгаради, бироқ бу ҳол М. тараққиёти узилиб қолганини, эски Маданият йўқ бўлиб маданий мерос, ўтмиш қадриятлардан воз кечилганини англатмайди. Зотан, ҳар бир янги жамият ўзидан илгариги жамиятнинг маданий ютукларини зарурий равишда мерос қилиб олади ва уларни ижтимоий муносабатларнинг янги тизимига киритади.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида бўлганидек, Маданият соҳасида ҳам туб ўзгаришлар юз берди. Шаклан ҳам, мазмунан ҳам Маданиятнинг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилди. Ўзбекистоннинг мустақил ривожланишга утиши миллий Маданиятга синфий ёндашишдан, уни сунъий тарзда «ягона умуммаданият»га айланишдан сақлаб қолди. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, мустақилликкача бўлган сўнгги етмиш йил давомида Маданият ҳукмрон мафкура, мустабид тузум тазйиқида Ғарб Маданият ига тақлид руҳида ривожланди. Иккинчидан, миллий Маданиятнинг бой ўтмиши бир ёклама ўрганилиб, унинг кўпгина бебаҳо дурдоналаридан халқимиз бебаҳра бўлиб келди. Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида жамиятни янгилаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда Маданиятни юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимиз, урфодатларимизни, тарихий, илмий, маданий меросимизни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. «Давлат тили тўғрисида»ги (1989 й. 21 окт.) қонун, «Кадрлар тайёрлаш миллий да-стури» (1997 й. 29 авг.)нинг қабул қилиниши, Ўзбекистон Бадиий Академияси (1997 й.), Ўзбекистон давлат кон-серваторияси (2002 й.), Ўзбек миллий академик драма театри (2002 й.), эстрада мусиқасини ривожлантириш тўғрисидаги ва б. бир қанча қарор ва фармонларнинг қабул қилиниши, бир қанча мутафаккир ва алломаларимизнинг муқаддас номлари тикланиб, юбилейлари халқаро миқёсда кенг ни-шонланаётгани давлатимиз томонидан Маданиятни ривожлантиришга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Ад.: Каримов И. А., Ўзбекистон: миллий истиклол, иқтисод, сиёсат, мафкура, 1-ж., Т., 1996; Маънавий юксалиш йўлида, Т.,1998; Хайруллаев М. М., Шораҳмедов Д. А., Маданият ва мерос. Т., 1973.
Даврон Шораҳмедов.