МАҚОМ

МАҚОМ (араб. — жой, макон, ўрин) — мусулмон Шарқи мусиқасида асосий тушунчалардан бири. Дастлаб му-айян баландликдаги товушни ҳосил этиш учун торли чолғунинг дастасида бармоқ б-н босиладиган жой, парда маъносида ишлатилган. Кейинчалик Шарқ мусиқа назарияси ривожланиши жараёнида Мақомнинг мазмун доираси то-бора кенгайиб, бир-бирига нисбатан боғлиқ бошқа маъноларни ҳам англата бошлади: лад тузилмаси, лад тизими; муайян пардалар заминида вужудга келган куй-оҳанглар; шакл, жанр; бир қисмли ёки туркумли чолғу ва ашула йўллари; мусиқий услуб ва б. М. ларга оид назарий ва мусиқийэстетик масалалар Абу Юсуф Ёқуб ибн Исҳоқ ал-Киндий ва Форобий (9—10-а.), Ибн Сино ва Ибн Зайла (11-а.), Сафиуддин ал-Урмавий (13-а.), Маҳ-муд ашШерозий ва Абдулқодир Мароғий (14-а.), Жомий ва Зайнулобиддин Ҳусайний (15а.), Нажмиддин Кавкабий Бухорий (16а.), Дарвишали Чангий (17-а.) ва б. олимларнинг мусиқий рисолаларида тадқиқ этилган. Яқин ва Ўрта Шарқ мумтоз мусиқа назариясида 13-а. га қадар Мақомлар сони аниқ белгиланмаган. Сафиуддин ал-Урмавий Мақом номларидаги парда тузилмаларини илмий таснифлаб, Ўн икки мақом тизимини ишлаб чиққан. Ушбу тизим бирмунча такомиллаштирилган ҳолда қарийб 17-а. га қадар қўлланиб келинган. Ўн икки мақом негизида кейинчалик ҳар хил миллий ҳамда минтақавий Мақом турлари ва туркумлари вужудга келди. Булар ўзбек ва тожикларда Мақом дейилса, туркман ва уйғурларда муқом, эрон халқлари, озарбайжон ва арманларда муром ёки дастгоҳ, туркларда макам, араб халқларида мақам шаклида талаффуз қилинади. Халқчил, миллиймаҳаллий анъаналар таъсири остида Мақом ларнинг мусиқий ва ижровий хусусиятлари янги хислатлар билан бойиган ҳолда умумий сони, номланиши, тартиби ҳамда тузилишида муайян муштараклик ва тафовутлар мавжуд.

Ҳоз. кунда Мақомлар ўз салмоғи ва маз-муни билан кўпгина мусулмон Шарқ ха-лқлари мусиқа меросининг асосий кисмини ташкил этади. Улар шаклан ва услубан рангбаранг оҳангдор куй ва ашула йўлларидан иборат. Хусусан, ўзбек мумтоз мусиқасида Бухоро Шашмақоми, Хоразм мақомлари, Фарғона — Тошкент мақом йўллари, шунингдек, ёввойи Мақом, сурнай, дутор М. йўллари юзага келган. Миллий мусиқа меросининг салмоқли қисмини ташкил этган Мақом номидаги чолғу ва айтим мусиқа асарлари ўтмиш бастакорлик ижодиётининг мумтоз маҳсули бўлиб, асрлар давомида оғзаки анъанада сайқал топиб бизгача етиб келган.

20-а. бошларидан шу кунга қадар ўзбек бастакорлари ва комггозиторлари Мақом лардан унумли фойдаланиб келмоқдалар. Мақом негизи ва услубида басталанган Ҳожи Абдулазиз, Содирхон ҳофиз, Ю. Ражабий, Ф. Содиқов, К. Жабборов, С. Калонов, О. Ҳотамов, Ф. Мамадалиев ва б. нинг куй ва ашулалари, В. Успенскийнинг «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмаси, Р. Глиэр ва Т. Содиқовларнинг «Лайли ва Маж-нун», М. Ашрафийнинг «Дилором» опералари, М. Бурҳоновнинг «Алишер Навоийга қасида»си, М. Маҳмудовнинг «Наво», М. Тожиевнинг 3,9 ва 11сим-фониялари, шунингдек, поэма, сюита, оратория, кантата, хор каби жанрларни ижодий ўзлаштиришда ўзбек Мақоми қонуниятлари ҳамда ўзига хос ифода воситалари муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Кўҳна Мақом санъати ўзининг баркамол бадиий-эстетик аҳами-ятини тиклаб, замонавий мусиқий жараённинг ажралмас таркибий қисми сифатида ўзининг беқиёс ижодий, ижровий ва илмий салоҳиятини намоён этмоқда. Хусусан, Мақом ижрочиларининг республика танловлари 1983 й. дан эъти-боран ҳар 4 йилда мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мақом масалаларига бағишланган кўплаб илмий-ижодий конферен-циялар («Ражабийхонлик», 1993, 1996, 1999), семинарлар, халқаро мусиқашу-нослик симпозиумлари (Самарқанд, 1978, 1983, 1987, 2001; Берлин 1988, Финляндия 1996, Истанбул 1999) ўтказилмоқда. Мақом ларнинг илмийназарий ҳамда амалий асослари мамлакатнинг бошланғич, ўрта махсус, олий мусика ва санъат таълими муассасаларида ўқитилиб, малакали мутахассислар тайёрланмоқда. 1987 й. дан ЮНЕСКО ҳузуридаги Анъанавий мусиқа бўйича халқаро уюшма (IFMC) қошидаги «Мақам» илмий гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Ад. ҳ Ражабов И., Мақомлар масаласига дойр, Т., 1963; Иброҳимо в О., Мақом ва макон, Т., 1996.

Равшан Юнусов.


Кирилл алифбосида мақола: МАҚОМ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ИБН СИНО
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФОРОБИЙ
ҲИНДИСТОН
ЖОМИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты