МАҲМУД СУЛТОН, Маҳмуд Баҳодир султон ибн шоҳ Будоғ султон ибн Абул-хайрхон (1454—1504) — шайбоний султонлардан, Муҳаммад Шайбонийхоннинг укаси. 3 ёшида қалмоқлар хони Ўзтемуртойши қўлига тушиб, 7 йил тутқунликда бўлган. Акасининг барча юришларида фаол иштирок этган. 15-а. охирида Дашти Қипчоқдаги қозоқ хонлари (Бурундуқхон, Қосимхон) б-н курашган. Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳрга қилган юришида қатнашган (1500—04). 1501 й. Қоракўлда шайбонийларга қарши кўтарилган халқ кўзғолонини шафқатсизлик билан бостирган. 1502 й. янв.-фев. да Жонибек султон билан Ўратепа, Хўжанд атрофидаги қишлоқларга ва Чирчиқ бўйидаги туманларга босқинчилик юриши қилган. 1503 й. шайбонийларнинг Хоразмга қилган юришига раҳбарлик қилган. Шайбонийлар Тохаристон, Қундуз, Бағлон ва Бадахшонни Хусравшоҳдан тортиб олишгач, бу ерлар Маҳмуд султонга берилган (1504). Бироқ Маҳмуд султон с кўп ҳокимлик қилмаган, бир оз вақтдан кейин Қундузда вафот этган. Маҳмуд султон Самарқандда дафн этилган. Маҳмуд султон саройида кўплаб машҳур шоирлар, тарихчилар ижод қилишган. Чунончи, «Фатҳнома» асари муаллифи Мулла Шоди, «Шайбонийнома» муаллифи Муҳаммад Солиҳ, «Тарихий Рашидий» муаллифи Муҳаммад Ҳайдар ва б. маълум муддат унинг ҳузурида фа-олият кўрсатишган.
Ад.: Мирза Мухаммад Хайдар, Тарих-и Рашиди. Т., 1996; Ахмедов Б. А., История Балха, Т., 1982; Материалы по истории казахских ханств XV—XVIII вв., Алма-Ата, 1969.