КЎҲНА АРК — Хивадаги меъморий ёдгорлик (17—19-а. лар). Ичан қальанинг ғарбий қисмида жойлашган. Кўҳна арк (тарҳи 130 х 93 м)даги бинолар, асосан, 17-а. да Анўшахоннинг ўғли Арангхон даврида уста, шоир Мавлоно Вафоий томонидан қурилган. 1804—06 й. ларда қайта тиклаб таъмир этилган. Кўҳна арк тўрт ҳовлига бўлиниб, атрофи баланд пахса девор билан ўралган. Шарқ томондаги дарвозадан ўнг томондаги йўлакка ўтилиб, у орқали сарой масжиди ва хоннинг зарбхонасига борилади. Ҳарамхона аркнинг шим. да, кўринишхона ғарбий қисмида, ўртасида Оқ шайх бобо кўшки жойлашган. Дарвозанинг чап томонида хоннинг хизматкорлари яшайдиган хоналар, омборхона ва отхоналар бўлган (сақланмаган).
Зарбхона (14,0 х 17,0 м) Муҳаммад Раҳимхон I ҳукмронлиги даврида (1806— 25) бунёд этилган. Масжид (15,8х 12,8 м) ва айвони (7,4 х 13,0 м) ҳамда қатор хоналар (10,0 х 10,0 м) ҳовли атрофида жойлашган. Ҳовлининг жан. даги айвон шим. га қаратиб қурилган. Деворлари рангбаранг парчинлар билан безатилган. Шифтини икки қаторли 6 та устун кўтариб туради. Устун тепаси қошлар б-н, пойустуни мармар курсилар билан безатилган. Жан. деворининг ўртасида меҳроб бор. Жан.-ғарбий бурчагига эса минбар ўрнатилган. Айвоннинг ён томонидаги эшикдан хонақоҳга кирилади. Унинг девори чорси ғиштлардан терилган, безаксиз. Томи ёғоч тўсинли вассалар билан ёпилган. Зарбхонанинг хоналари пишиқ ғиштдан қурилган, томи балхи гумбаз б-н ёпилган (1937 й. да гумбазлари қайта тикланган).
Кўринишхона — хон қабулхонаси, Арангхон ҳукмронлиги даврида (1686— 88) қурилган. Ҳоз. кўриниши Элтузархон томонидан барпо этилган (1804—06). Кошинқори безаклари Оллоқулихон ҳукмронлиги даврига (1825—43) хос. Умумий ўлчами 27,8 х 26,9 м. Ҳовли (13,5 х 17,5 м)нинг жан. да шимолга қаратиб қурилган баланд айвон ва икки ёнидаги гулдасталар кошин-парчинлар билан безатилган. Айвоннинг орқа томонида хон қабулхонаси — тахт турадиган хона жойлашган. Хона деворлари ганчкори нақшлар билан безатилган. Шарқий деворига косамонлар ишланган. Ғарбий девори муқарнасли, у ерда хоннинг тахти бўлган (ҳозир Москвадаги қурол-аслаҳа палатасида сақланмоқда). Хона шифтлари А. Болтаев ва Р. Машариповлар томонидан қайта таъмирланган (1934). Чап томонидаги эшикдан ҳовлига чиқилган. Омборхона, отхона ва хизматкорлар яшайдиган хоналарни (сақланмаган) кўринишхона б-н боғлайдиган йўлак бор, унинг ўнг томонидаги кичик ҳужрадан зина орқали иккинчи қанатга чиқилган. Ҳовлининг ғарбий томонида қатор хоналар икки қанатли бўлган (1998—99 й. ларда иккинчи қанати қайта тикланди). Шим. даги хоналар 20-а. бошларида Европа услубида қурилган. Ҳовлининг ўртасида ғиштдан ишланган доира шаклидаги супага чодир тикилиб, у ерда хон элчиларни қабул қилган.
Ҳарамхона Муҳаммад Раҳимхон II ҳукмронлиги даврида қурилган (18651910). Умумий ҳажми 62,0 х 32,6 м бўлиб, катта ҳовли (50,0 х 14,5 м)нинг шим. ва шарқий томонида икки қанатли қатор хона ва айвонлар бор. Шим. даги икки қанатли хоналарнинг биринчи қавати Европа услубида қурилган, ҳар бири билан дахлиз орқали боғланган. Иккинчи қанатда қатор устунли айвончалар бор. Fapбий қисмидаги айвон баланд қурилган бўлиб, икки ёнидаги гулдасталари билан ажралиб туради. Гулдасталар гумбази рангли кошинлар билан қопланган. Айвон тўсинлари ва устунлари, панжаралар Хива меъморлигига хос услубда безатилган. Айвон ва хоналар шифти турли рангдаги бўёкли нақшлар билан безатилган. Ганчдан косамонлар ва турли нақшлар ишланган. Ҳозир ҳарамхонанинг бир қисмида музей-қўриқхона идораси жойлашган.
О к, шайх бобо кўшки нинг умумий ҳажми 60×40 м, бал. 11 м бўлиб, хом ғиштдан пирамида шаклида шарққа қаратиб қурилган икки қанатли айвон шаклидаги бино (тахм. 2—3-а. лар). 16 — 18-а. ларда қайта қурилиб, ҳарбий мақсадлар учун мослаштирилган. Кўшкга икки минора ўртасидаги зиналар (1993—96 й. ларда қайта тикланган) орқали чиқилган. Ҳозир Оқ шайх бобо кўшки 19-а. охиридаги фотосуратлар ва и. т. асосида асл ҳолига келтирилиб, таъмирланган.
Абдусафий Раҳмонов.