«МИНГ БИР КЕЧА» (араб. «Алиф лайла ва лайла») — ўрта аср араб адабиёти ёдгорлиги. Асосан, 15-а. да араб тилида таркиб топган эртаклар тўплами (қўлёзмалари 17—19-а. ларга мансуб). Асарнинг яратилиш тарихи, қайси халқнинг адабий мероси эканлиги ҳақида турли фикр-мулоҳазалар мавжуд. Тадқиқотчиларнинг хулосаларига кўра, «Минг бир кеча» тўпламидаги эртак ва ҳикоятларни 3 асосий гуруҳга ажратиш мумкин: қад. даврга мансуб ҳинд-эрон, ўрта даврга мансуб Бағдод ва сўнгги даврга мансуб Миср эртаклари. «Минг бир кеча»нинг энг қад. асоси ҳинд-эрон эртакларидан иборат эронча «Ҳазор афсона» («Минг эртак») тўплами бўлиб, у 8-а. да форс тилидан араб тилига таржима қилинган. Ўша даврдаёқ «Минг кеча» номини олган ушбу таржима матни сақланиб қолмаган, унинг аниқ таркиби ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.
Араб олими Ибн ан-Надимнинг ёзишича, бағдодлик адиб ал-Жаҳшиёрий (942 й. в. э.) мазкур «Ҳазор афсона»га ўхшатиб «Минг кеча» номли эртаклар тўпламини тузишга киришган, бироқ 480 та тўплаган пайтда вафот этган. 9 — 10-а. ларга мансуб, ҳинд-эрон ва араб (Бағдод, Басра каби шаҳарларда яратилган) эртакларидан иборат «Минг кеча» тўплами 12—13-а. ларда Мисрда янгидан-янги маҳаллий эртаклар билан бойиган. Мажмуанинг «Минг кеча» ўрнига «Минг бир кеча» деб атала бошланиши ҳам шу даврга тўғри келади. Немис олими Литманн бу ўзгаришни туркчада ноаниқ кўпликни англатадиган «бин бир» (минг бир) ибораси билан боғлайди. Кейинчалик эса «Минг бир» ибораси тўпламдаги кечаларнинг аниқ миқдори маъносида қабул этилган ва тўпламни шу номга мослаш учун унга қўшимча материаллар киритилган (17-а. да асар ҳоз. тугалланган шаклга келди).
«Минг бир кеча» асарининг мазмуни, воқеалар таснифи турли даврлар, Шарқ халклари ва мамлакатларининг тарихи б-н узвий боғлиқ. Асар 300 дан ортиқ қисса ва ҳикоялардан иборат бўлиб, уларда Шарқ халқларининг урф-одатлари, орзу-умидлари, тарихи, саргузаштлари уз ифодасини топган; худбинлик, очкўзлик, маиший бузуклик, жоҳиллик каби иллатлар қораланиб, поклик, ростгўйлик, донолик, камтарлик, саҳийлик сингари фазилатлар улуғланган.
«Минг бир кеча» композицияси «эртак ичида эртак» тарзида тузилган бўлиб, ундаги барча эртак, ҳикоят, масаллар подшоҳ Шаҳриёр ва вазирнинг оқила қизи Шаҳризода ҳақидаги эртак ва ҳикоятлар билан ўраб олинган. Маликанинг хиёнатидан ғазабланган Шахриёр ҳар кеча ётоғига янги маъшуқа келтиришни буюради ва эрталаб уни қатл эттиради. Навбат Шахризодага келганда, қиз беҳуда қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида шоҳга ҳикоя айтиб бера бошлайди ва ҳикоя энг қизиқ жойига келганда, тонг отиб, ҳикоя айтишни тўхтатади. Ҳикоянинг давомига қизиқиб қолган Шаҳриёр қатлни кейинги кунга қолдиради. Шу тариқа минг бир кеча ўтади. Шаҳризоданинг аклу заковатидан лол қолган Шаҳриёр унга уйланади.
«Минг бир кеча» нинг жаҳон кутубхоналарида 40 га яқин қўлёзмалари бор. Асарнинг биринчи, тўла бўлмаган французча таржимаси (А. Галлан) 1704—17 й. ларда нашр этилган. Унинг матнидан бошқа кўплаб европа тилларига ҳам таржима қилинган. 1911 й. Сидқий Хондайлиқий форсча матнидан, бир йилдан кейин (1912 й.) Аҳрор Маҳдум арабчадан ўзбекчага қисқартирилган ҳолда таржима қилган. «Минг бир кеча» 1959 — 63 й. ларда араб тилидан ўзбек тилига тўла таржима этилди.
«Минг бир кеча» ҳикоялари Марказий Осиё ва Европа халқларининг оғзаки ижодига, шунингдек, жаҳондаги кўпгина халқларнинг ёзма адабиётига катта таъсир кўрсатган (мас, мўғулларнинг «Минг бир оқшом», перуликларнинг «Минг бир соат», татарларнинг «Минг бир чорак соат», сурияликларнинг «Беш юз ярим тонг ва б.»). Тасвирий санъат ва мусиқада ҳам шу мавзуда асарлар яратилган (Эрон миниатюралари; Н. А. Римский-Корсаковнинг «Шахризода» симфоник сюитаси ва б.), фильмлар ишланган: «Бағдодлик ўғри» (1924, АҚШ), «Алоуддиннинг сеҳрли чироғи» (1967, Россия), «Алибобо ва қирқ қароқчи» (1979, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ижодкорлари ҳамкорлигида), «Шаҳризоданинг яна бир кечаси» («Тожикфильм», 1985), «Муҳаббат ва қайғу юлдузи» («Ўзбекфильм», 1986) ва б. Матнлар: Книга тысячи и одной ночи, в 8томах [под редакцией акад. И. Ю. Крачков-ского], М. Л., 1929-30; Минг бир кеча, 1 — 8 ж. лар, Т., 1959-63.
Ад.: Горстер А., Крымский А., К литературной истории «Тысячи и одной ночи», М., 1900; Эструп И., Исследование о «1001 ночи» и составе, возникновении и развитии, Минг бир кеча, 1904; Герхорд Минг бир кеча, Искусство повествования, Минг бир кеча, 1984.
Ҳабиб Абдуназар.