МУҲАММАД

МУҲАММАД, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (570/571, Макка — 632, Мадина) — ислом дини ва биринчи мусулмонлар жамоаси асосчиси. Мусулмонлар эътиқодига кўра, Аллоҳнинг охирги пайғамбари ва унинг элчиси. Шу маънода уни Расулуллоҳ, Расули Акрам деб аташ одат тусига кирган. Баъзи диний манбаларда Муҳаммаднинг 99 номи келтирилади. Ислом таълимотига кўра, Муҳаммад номини айтган ёки эшитган киши «саллалоҳу алайҳи васаллам» (сав) ёки «алайҳиссалом» (ас) деб саловат айтиб қўйиш вожиб ҳисобланади. Муҳаммад орқали одамларга Куръон нозил қилинган. Қурайш қабиласининг ҳошимийлар уруғига мансуб, унча бой бўлмаган, лекин Макка зодагонларига яқин оилада туғилган. Муҳаммаднинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақидаги маълумотлар жуда кам. М. гўдаклигидаёқ етим қолган; туғилмасидан аввал отаси Абдуллоҳ, 6 ёшлигида эса — онаси Омина вафот этган. Муҳаммадни ўз тарбиясига олган бобоси Абдулмутталиб ҳам кўп ўтмай оламдан ўтади. Етим болани тарбия қилишни амакиси Абу Толиб ўз зиммасига олади. 12 ёшида Муҳаммад бир муддат Абу Толибнинг подасини боқади, кейин тижорат ишларига жалб қилинади. Абу Толиб Муҳаммадни 21 ёшида Ҳувайлид ибн Асъаднинг қизи, бадавлат бева аёл Хадича хонадонига дастёрликка беради. Хадичанинг савдо ишлари билан шуғулланган М. Сурияга сафар қилади, хусусан, Ҳалаб ва Дамашқ шаҳарларига боради. Муҳаммад 25 ёшида (595 й.) 40 ёшларга бориб қолган Хадичага уйланади. Муҳаммаддан Хадича 3 ўғил (Қосим, Тоҳир, Таййиб) ва 4 қиз (Руқия, Зайнаб, Умму Кулсум, Фотима) кўрган. Уғиллари гўдаклигидаёқ вафот этган. Қизларидан Фотимагина Муҳаммад наслини давом эттирган. Хадича вафотидан сўнг Муҳаммад бир неча бор уйланган (лекин, Ойшадан бошқа бокира хотин олмаган), улардан фарзанд кўрмаган. Фақат жорияси Мориядан Иброҳим исмли ўғли бўлган. У ҳам жуда ёшлигида оламдан ўтган.

Муҳаммад 40 ёшга тўлганида ўзини бошқача сеза бошлайди. Ёлғизликни қўмсаб, Макка ёнидаги Ҳиро тоғида жойлашган ғорга бориб ибодат билан машғул бўлар, ўйга толарди. Тахм. 610 й. да М. Маккада ўзининг худодан ваҳий олаётганлигини эълон қилади. Буни биринчилардан бўлиб Хадича, Муҳаммаднинг амакиваччаси Али ибн Абу Толиб ҳамда асранди ўғли Зайд ибн Ҳориса эътироф этиб имон келтиришган. Кўп ўтмай, Макканинг энг нуфузли савдогарларидан Абу Бакр, Зубайр, Талҳа, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдураҳмон ибн Авф ва Усмон ибн Аффон Муҳаммадни чин пайғамбар деб тан олишган. Муҳаммад издошлари жамоаси дастлабки пайтларда 50 кишидан ошмаган. Макканинг асосий аҳолиси, айниқса, нуфузли қурайшлилар эса Муҳаммад таълимотини очикдан-очиқ душманлик билан қарши олган. Бунинг натижасида Муҳаммад тарафдорларидан 11 хонадон Ҳабашистон (ҳоз. Эфиопия) га кўчиб кетган. Муҳаммад жамоасига жасур жангчилар сифатида танилган Ҳамза ва Умар ибн Хаттобнинг қўшилиши жамоанинг мавқеини оширди. Айни вақтда қурайш зодагонларининг Муҳаммад ва унинг тарафдорларига душманлиги янада кучайди. 620 й. да Хадичанинг, сўнгра Абу Толибнинг вафотидан сўнг Маккада вазият ёмонлашади, Муҳаммад муайян хатар остида қолади. Ҳар йилги анъанавий Макка зиёратига келган ясриблик Авс ва Ҳазраж қабилаларининг вакиллари Муҳаммад билан учрашиб, содиклик билдиришади ва ёрдам қилишга ваъда беришади, Муҳаммадни Ясрибга кўчиб боришга даъват қилишади. Аввал Муҳаммаднинг издошлари (асҳоблар) ўз оилалари билан қурайш зодагонларидан махфий равишда гуруҳ-гуруҳ бўлиб кўчади. Охирида Муҳаммаднинг ўзи Абу Бакр билан жўнаб кетади. 622 й. да юз берган бу кўчиш пайти (араб, ҳижрат)дан мусулмонлар эраси — ҳижрий йил ҳисоби бошланади. Ясриб эса Мадина ан-Набий («Пайғамбар шахри») ёки қисқача, Мадина деб аталадиган бўлди.

Мадинада биринчи масжид қурилди, ислом аркон (рукн)лари ишлаб чиқила бошланди, Каъба қибла қилиб белгиланди. Жамоани жипслаштириш ва уни кенгайтириш учун маккалик мушрикларга қарши курашиш зарур эди. Маккаликларга қарши уюштирилган иқтисодий уруш улар фаровонлигининг асосий манбаи бўлган савдо карвонлари ишини чиппакка чиқарди. 624 й. да Бадр қудуқлари олдида (қ. Бадр жанги), 625 й. да Уҳуд тоғи этагида (қ. Уҳуд жанги) жанглар бўлди. 626 й. да маккаликлар мадиналикларга узил-кесил зарба бериш мақсадида йирик ҳарбий сафарга отланишди. М. Мадинани узоқ қамал шароитига тайёрлади, шаҳар атрофига чуқур хандаклар қазилди ва у ерларга камончи ўқчилар жойлаштирилди. Кутилмагандаги изғирин, кучли шамоллар қамал қилувчиларни толиқтирди, улар орасида низолар бошланди. Натижада Мадина қамали бекор қилинди, бу ғалаба Мадина жамоасини янада жипслаштириш билан бирга, унга янги-янги бадавий қабилаларнинг қўшилишига олиб келди. Ҳижранинг 6-йилида маккалик қурайш зодагонлари мавжуд муаммоларни келишувчилик йўли билан бартараф этиш учун Муҳаммад билан тенгматенг музокара олиб боришга мажбур бўлишди (қ. Худайбия битими). Мадинага қарши курашнинг етакчиларидан бири бўлган Абу Суфён М. тарафига ўтди. 630 й. да Макка Муҳаммадга жангсиз таслим бўлди, маккаликлар Муҳаммад жамоаларига қўшилди. 631 й. да кўп қабилалар Муҳаммадга бўйсунди ва исломни қабул қилди. Ҳижранинг 10-йили (632 й. мартида) Муҳаммад ўз оила аъзоларини олиб, Мадина атрофларидаги 100 мингдан ортиқ киши билан Маккага биринчи ва охирги марта зиёрат (ҳаж)га борди. Бу видолашув ҳажи бўлган. Мана шу зиёрат Макканинг ислом дини маркази сифатидаги мавқеини узил-кесил ҳал этди. Ўшандан буён ўтган барча асрлар давомида мусулмонлар бу шаҳарни зиёрат қилади. Ҳаж сафаридан 81 кун кейин узоқ давом этмаган касалликдан сўнг М. Мадинада вафот этди. Пайғамбар (ас)ни ўз ҳужрасига дафн қилишган, мақбараси кейинчалик у ерда қурилган катта масжид ичида қолган, мусулмонларнинг зиёратгоҳига айлантирилган.

Муҳаммаднинг ҳаёти ва таржимаи ҳоли сийрадя, унинг сўзлари ва қилган ишлари ҳақидаги ривоятлар ҳадисларда баён этилган. Ислом таълимотида Муҳаммад комил инсон сифатида таърифланади. Суннат пайғамбарнинг ҳаёти барча мусулмонлар учун намуна бўлиши кераклиги таъкидланади. Ислом анъанасида Муҳаммад ҳеч қандай ғайритабиий, илоҳий хусусиятга эга эмаслиги, балки ҳамма каби оддий одам, лекин Аллоҳнинг чин ва охирги пайғамбари эканлиги қайд этилади.

Муҳаммаднинг шаклу шамоиллари, сийрату сифатлари, инсоний фазилатлари, бошқа пайғамбарлардан фарқ этадиган хусусиятлари тўғрисида у билан бирга юрган, суҳбатларидан баҳраманд бўлган саҳобалар ҳамда никоҳида бўлган аёллари томонидан накл қилинган ривоятлар асосида кўплаб асарлар битилган. Улардан Абу Исо Термизийнинг «Шамоили набавия», Муҳаммад Бусирийнинг «Қасидаи бурда», Абу Жаъфар Барзанжийнинг «Мавлидин-Набий», Муҳаммад ибн Солиҳнинг «Муҳаммадия», Мавлоно Муъиннинг «Сияри шариф», Акбарободийнинг Н«одирул-меърож», Саййид Маҳмуд Тарозийнинг «Ширин калом», «Нурул калом», «Нурулбасар» ва б. кўплаб му-аллифларнинг асарларини мисол қилиб келтириш мумкин. Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» китоби улар ичида қадимийлиги ва ривоятларининг саҳихлиги билан ажралиб туради. Унда Муҳаммаднинг жисмоний ва ахлоқий хусусиятларига батафсил таъриф берилган. Мас, икки кифтлари ўртасида «Муҳаммадун расулуллоҳ» дея битилган муҳри нубувватлари бўлгани, сочсоқолларининг оқу қораси нечта бўлганидан тортиб, кийим-кечаклари, оёқ кийимлари, таққан узуклари, қиличқалқонлари, салла-чопонлари, еган ва ёқтирган таомлари, овқатдан олдин ва кейин ўқиган дуолари, сув ичишлари, хушбўй нарсаларни истеъмол қилишлари, сўзлашиш одоблари, хулқ-одоблари, кулиш ва ҳазил-мутойибалари, мусиқа ва шеъриятга муносабатлари, ибодат ва риёзатлари, тиловат ва муножотлари, ётиш-туришлари, тиббиётга муносабатлари, кундалик тирикчиликлари, ному лақаблари, умрларининг микдори, хасталик ва ва-фотлари, қолдирган мерослари ва б. сифатлари тўғрисида алоҳида-алоҳида боб ва фасллар орқали баён этилган. Жисмоний тузилишлари тўғрисида жумладан шундай накл қилинади: «Ул зотнинг бўйлари унчалик новча ҳам, паст қам эмас, бош, қўл, оёқ ва кифтлари йўғон, юзлари қизғиш, кўзлари катта, оқи жуда оқ, қораси ўта қора, ўткир, сочлари қулоқларининг юмшокларитача ёпиб, елкаларига тегибтегмай турар, бўйинлари сочлари орасидан товланиб, гўё кумуш кўздек кўриниб турар, терласалар, маржондек терларидан муаттар ҳид таралар, бирор кишига қайрилиб қарамоқчи бўлсалар бошларинигина буриб қарамай, балки бутун гавдалари билан ўгирилиб қарар эдилар. Олд томонларини қандай кўрсалар, орқа томонларини ҳам шундай кўрар эдилар. Муҳаммаднинг сояси ер узра намоён бўлмас эди».

Ад.: Ҳадис (Ал-Жомиъ ассаҳиҳ), 1—4-ж. лар (2-нашри), Т., 1997; Имом атТермизий, Шамоили Муҳаммадийя, Т., 1991; Соғуний А., Тарихи Муҳаммадий (1—2-китоб), Т., 1997; Ҳазрати пайғамбар ҳаёти (2нашри), Т., 1997; Ҳасанов А., Қадимги Арабистон ва илк ислом (1китоб: Жоқилия асри). Т., 2001. ; Лутфий Аҳмад, Саодат асри қиссалари [1-китоб. Интизор кутилган тонг], Т., 2003.

Абдулазиз Мансур.


Кирилл алифбосида мақола: МУҲАММАД ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ИБН СИНО
ИСЛОМ
АЛИШЕР НАВОИЙ
БЕРУНИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты