МУҲАММАД АЛИХОН

МУҲАММАД АЛИХОН (тахм. 1803/ 06—1842, Қўқон) — Қўқон хони (1822—41). Умархон ва Нодиранмнг ўғли. Отаси Умархон вафотидан кейин 17 ёшида тахтга ўтирган. Ҳукмронлик даврида хонлик ҳудудини кенгайтиришга уринган. Жан. Олай тоғ этагидаги тожиклар бўйсундирилган. Қоратегин бутунлай, Дарвоз, Шуғнон, Рошан, Воҳон фақат номигагина забт этилган. 1829 й. Қашқарга юриш қилган. Унинг бу ҳаракатидан фойдаланган Қашқар мусулмонлари хитойларга қарши бош кўтарган. Мағлуб бўлган уйғурлардан 70 минги Муҳаммад Алихон билан бирга қайтиб, Қўқон хонлигидаги шаҳарларга (жумладан, Тошкентга) жойлаштирилган. М. А. Қашқарга қилган қайтақайта ҳужуми натижасида Шарқий Туркистон шаҳарларидан бож йиғиш ҳукуқини олган. Муҳаммад Алихон ҳукмронлиги даврида суғориш ишлари йўлга қўйилган. Тошкент яқинида Хонариқ қазилган. Тошкент ҳокими Лашкар қушбеги М. А. нинг яқин маслаҳатчиси бўлиб қолган. Россия билан савдо ва дипломатик алоқалар яхши йўлга қўйилган. 1828 й. Қўқондан Санкт-Петербургга элчилар боради ва улар яхши кутиб олинади. 1830 й. Қўқонга Россия элчиси хорунжий Потанин келади.

Муҳаммад Алихоннинг ҳукмронлик даврида Қўқон—Бухоро муносабатлари кескин ёмонлашади. Улар орасида бўлиб ўтган урушлар натижасида Бухоро амири Насруллахон Қўқон қўшинини тормор қилади. Муҳаммад Алихон ўзини ноилож амирнинг ноиби деб эътироф қилади. Орадан икки йил ўтгач, 1841 й. окт. да Қўқонда хон зулмига қарши халқ қўзғолони кўтарилади.

Муҳаммад Алихон ичкиликбозлик ва ахлоқсизликка берилади. Бухоро—Қўқон ўртасидаги муносабатлар емонлашуви ва тез-тез такрорланиб турадиган ҳарбий тўқнашувлар шунга олиб келдики, Муҳаммад Алихон 1841 й. нояб. да укаси Султон Маҳмуд фойдасига тахтдан воз кечади, шундай бўлса ҳам 1842 й. апр. да Бухоро амири Насруллахон Қўқонни забт этди ва Муҳаммад Алихон НИ, укаси Султон Маҳмудхонни, онаси Нодира бегимни қатл эттиради.

Муҳаммад Алихон ғазаллар ёзган, унинг буйруғига биноан, хаттотлар Алишер Навоий асарларини миниатюралар билан безатиб кўчиришган, кўплаб тарихий асарлар форс ва араб тилларидан ўзбек тилига таржима қилинган. Муҳаммад Алихон даврида мактаб ва мадрасалар қурилган (мас, Мадалихон мадрасаси), Қўқоннинг эски ўрдаси таъмирланган.

Ад.: Мирзоолим Мушриф, Қўқон хонлиги тарихи, Т., 1995; Бобобеков Ҳ. Н., Қўқон тарихи, Т., 1996; Набиев Р. Н., Из истории Кокандского ханства, Т., 1973.

Ҳайдарбек Бобобеков.


Кирилл алифбосида мақола: МУҲАММАД АЛИХОН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ТОШКЕНТ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ҚЎҚОН ХОНЛИГИ
РОССИЯ
ХИТОЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты