ЎЛЧАШ ТЕХНИКАСИ

ЎЛЧАШ ТЕХНИКАСИ — и. ч. жара ёнлари, текшириладиган объектларнинг хоссалари ва ҳолатларини ифодаловчи миқдорларни қайд қилиш усуллари ва воситаларини ўрганиш ҳамда ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган фан ва техника соҳаси. Жисмларнинг оғирлигини ўлчаш усуллари ва тарозилар милоддан бир неча минг йил илгари ҳам маълум бўлган. Вақт, масофа, майдон ва бурчакларни ўлчашда, қурилиш ишларида ўлчаш усулларидан кенг фойдаланилган. Қадимда ҳам анча нозик ўлчаш ишлари бажарилган. Мас, ўша даврларда ёруғлик нурининг синиш бурчаги ва Ер меридианлари аникланган.

Фан ривожланган сари Ў. т. ҳам такомиллаштирилиб борилган. Абу Райҳон Беруний мат., астрономия, геодезия ва бошқалар фанларга оид асарларида ўлчаш усуллари ва воситаларини ёритишга катта аҳамият берган. У Ер шари ўлчамларини аниқлашда оддий ва ўзига хос усулларни қўллаган. Улуғбек осмон жисмларининг координаталарини аниқлаш, юлдузлар ва сайёралар орасидаги масофаларни, жойларнинг географик кенглиги ва узунлигини ўлчаш каби амалий астрономия масалаларини ўз даврининг турлитуман ўлчов асбоблари ёрдамида ҳал этган.

Тахм. 15-асргача Ўлчаш техникаси математика фанидан ажратилмаган. «Геометрия» (Ерни ўлчаш), «тригонометрия» (бурчакларни ўлчаш), «уч ўлчов фазоси» ва ҳ. к. тушунчалар бунинг далилидир. 16—18-аср ларга келиб, физика фанининг кенг ривожланиши натижасида Ўлчаш техникаси анча такомиллаштирилди. Физика ўша вақтларда, асосан, тажриба ва Ўлчаш техникасига тўла асосланган эди. Такомиллаштирилган соат, микроскоп, барометр, термометр ва баъзи бир электр ўлчаш асбоблари ўша даврда яратилган. Г. Галилей, И. Ньютон, X. Гюйгенс ва бошқалар олимлар ўлчов асбобларини яратиш ва уларнинг назарияларини ишлаб чиқиш борасида муҳим и. т. ишлари қилганлар. Метрология ва Ўлчаш техникаси назарияси асослари, асосан, 19-асрда ишлаб чиқилди. Бу вақтга келиб фан ва техникада ўлчаш бирлигини таъминловчи ўлчовлар метрик тизими ишлатила бошланди. 1893 йил Россияда ўлчов ва тарозилар бош палатаси ташкил қилинди. Палатани биринчи бўлиб Д. И. Менделеев бошқарди.

Ўлчаш техникасининг ривожланишида 20-аср янги давр ҳисобланади. Механика, иссиқлик техникаси ва оптикада ишлатиладиган катталикларни электр усулида ўлчашга ўтилди. Кейинчалик бу усуллар кимё, геология ва бошқалар соҳаларда ҳам кенг қўлланила бошлади. Кўплаб электр ўлчаш асбоблари яратидди. Бу асбоблар турли физик катталикларни электр катталикларига айлантириш, ўлчаш натижаларини қабул қилиш, узоқ масофаларга узатиш, математик ишлаш ва автоматик усулда бошқариш масалаларини анча осонлаштирди.

Ўлчаш асбобларини ишлатиш соҳалари ва ўлчаниши зарур бўлган катталикларнинг турига кўра, чизиқли ва бурчак катталикларини ўлчаш; механика, оптика, акустика, иссиклик физикаси, физиккимё, электр ва магнит катталикларини ўлчаш; частота ва вақгни ўлчаш; радиотехника ўлчашлари ва ҳ. к. Телеметрия (узоқ масофадан ўлчаш) соҳасида радиотелеметрия йўналиши мавжуд; у космик радиотелеметрия ва рақамли ўлчашларни ўз ичига олади. 20-аср 70-й. ларидан бошлаб Ўлчаш техникаси анча ривожлантирилди. Деярли ҳамма соҳаларда рақамли электрон ўлчаш асбобларининг сифати ва ишончлилиги анча оширилди, микроэлектроника элементлари асосида янги чидамли ўлчаш асбоблари ва тизимлари яратилди.

Ҳоз. замон ўлчов аппаратлари ва системалари ўлчаш натижаларини мат. усуллари ёрдамида ишлаш ва уларни узоқ масофаларга узатиш имкониятига эга. Ўлчаш тизимларида турли сигналлар (электр, акустика, ёруғлик ва ҳ. к.) дан фойдаланилади. Ҳозир импульсли ва рақамли ўлчаш аппаратлари кенг қўлланилмоқда (қ. Ўлчаш асбоблари).


Кирилл алифбосида мақола: ЎЛЧАШ ТЕХНИКАСИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ў ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



БЕРУНИЙ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АСТРОНОМИЯ
ГЕОГРАФИЯ
ИБН СИНО


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты