ЎРТА МАХСУС ЎҚУВ ЮРТЛАРИ — Ўзбекистон Республикасида саноат, қурилиш, транспорт ва алоқа, қ. х., маданият ва санъат, соғлиқни сақлаш ва бошқалар соҳалар учун кадрлар тайёрлаб берувчи ўқув муассасалари. Эгалланган касб-ҳунар бўйича ишлаш ҳуқуқини берадиган ҳамда бундай иш ёки таълимни навбатдаги босқичда давом эттириш учун асос бўладиган ўрта махсус, касбҳунар таълими беради.
Дастлабки Ўрта махсус ўқув юртлари Европада 18-асрда пайдо бўлган. Ҳоз. Ўзбекистон ҳудудида биринчи ўрта махсус ўқув юрти техникум номи билан 1893 йил Тошкентда ташкил этилган (ёғмой саноати техникуми). 1905 йилда Самарқанд боғдорчилик техникумига асос солинди. 1940 йил Ўзбекистондаги 98 Ўрта махсус ўқув юртларида 25,1 минг ўқувчи ўқиди. Ўзбекистонда Ўрта махсус ўқув юртлари академик лицей ва касб-ҳунар коллежита бўлинади. 2004/05 ўқув йили ЎзРдаги 897 ўрта махсус ўқув юртида 651356 ўқувчи таълим олди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус ўқув юртлари фаолиятига ташкилий, ўқувуслубий ва илмий раҳбарлик қилади ҳамда давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўқув дастурларини унификациялаш, педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни амалга оширади. Ўрта махсус ўқув юртлари тузилиши ва иш мазмуни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган низом билан белгиланган. Ўрта махсус ўқув юртлари одатда қайси соҳа бўйича мутахассислар етиштирса, шу тармоқ вазирлиги, идора, корпорация, концерн, уюшма ва корхоналар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ихтиёрида бўлади. Тармоқ вазирликлари, идора, корпорация, концерн, уюшма ва корхоналар уларни моддий ва молиявий таъминлашни, ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатишни ва уларда амалий қўникмаларни тарбиялашни амалга оширадилар, мутахассисларга бўлган эҳтиёжни аниқлайдилар, битирувчиларни ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қиладилар. Ўрта махсус ўқув юртларида ўқув жараёни жаҳон талабларига мос келувчи давлат таълим стандартлари, яъни замон талабларига жавоб берувчи, истиқбол ва келажакни кўзлаб ишлаб чиқилган ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлари бўйича ташкил этилади. Айрим махсус ўқув фанлари бўйича дастурлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги топшириғига биноан, тармоқ вазирлиги, идора, корпорация, концерн, уюшма ва корхоналар томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Ўрта махсус ўқув юртларига ўқувчилар 9 йиллик умумий ўрта таълим мактабини тугатганларидан сўнг қабул қилинадилар. Улар учун махсус дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилади. Ўрта махсус ўқув юртларини битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги дипломлар берилади. Бу дипломлар таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш ёки эгалланган ихтисос ва касб-ҳунар бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини беради. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси инти, Тошкент пед. университети ва Наманган муҳандисликпед. институти Ўрта махсус ўқув юртлари учун малакали педагог ва муҳандиспедагог кадрлар тайёрлашда базавий олий таълим муассасалари ҳисобланади.